Меҳнат миграцияси: жорий ҳолат, муаммолар ва таклифлар

Ўзбекистон ўзининг демографик дивидендидан ёмон фойдаланяпти десак бўлади. Чунки кўплаб ватандошлар баъзи ривожланаётган иқтисодиётлар учун арзон ишчи кучи вазифасини ўтаб беряпти. Йўналишни ривожланган давлатларга буриш учун нима қилиш керак? “Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари Жамшид Шарипов ва Рамзиддин Нуриддинов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида шу ҳақда сўз юритади.

Ўзбекистон учун асосий чақириқлардан бири бу – демографик дивиденддан самарали фойдаланиш. Ваҳоланки, ишчи кучининг катта қисми яхши иш шароитлари излаб хорижга миграция қилмоқда.

 

2023 йил декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистондан меҳнат мигранти сифатида кетганларнинг сони икки миллион кишини ташкил этди: 1 452 300 эркак (72,4 фоиз) ва 547 700 аёл (27,6 фоиз). 2023 йилда Ўзбекистонга қайтган мигрантлар сони 218,8 минг кишига етди (2022 йилда 214,8 минг киши), чиқиб кетган мигрантлар сони эса 233,2 минг кишини ташкил этди (2022 йилда 221,5 минг киши).

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг аксарияти Россия Федерациясида (1,2 миллион киши ёки умумий мигрантлар сонининг 60 фоиз), ундан кейин Қозоғистон (191,8 минг киши ёки 10 фоиз), Туркия Республикаси (113,8 минг киши ёки 6 фоиз), Жанубий Корея (68,1 минг киши ёки 3 фоиз) ва бошқа мамлакатларда (424,4 минг киши ёки 21 фоиз).

Ўзбекистоннинг хориждаги меҳнат мигрантлари қурилиш (52,7 фоиз), саноат (12,8%), хизмат кўрсатиш (9,7 фоиз), умумий овқатланиш (6,9 фоиз), савдо-сотиқ (6,7 фоиз), транспорт (4,3 фоиз), қишлоқ хўжалиги (4,1 фоиз) ва бошқа соҳаларда (2,8 фоиз) банд.

Жаҳон банки томонидан “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси доирасида олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, меҳнат мигрантлари мавжуд уй хўжаликларининг улуши бугунги кунда қарийб 13 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 20 фоизга етган. Шу билан бирга, Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, миграция аҳолининг кам таъминланган қатламларида ва қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган уй хўжаликларида кенг тарқалган.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-октябр ойлари давомида Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 12,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга кўпроқдир. Россиядан ўтказмалар 35 фоизга ошиб, 9,8 миллиард долларга етди, аммо унинг улуши 78 фоизгача камайди (Украинадаги можаро бошланишидан олдин бу кўрсаткич тахминан 90 фоизни ташкил этарди). Қозоғистондан 699 миллион доллар, АҚШдан 470 миллион доллар (ўсиш 37 фоизга), Жанубий Кореядан 458 миллион доллар (+71 фоиз), Туркиядан 331 миллион доллар ва Буюк Британиядан 109 миллион доллар (+76 фоиз) келиб тушган.

Меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар ва хатарлар

“Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига қўра меҳнат миграцияси соҳасида комплекс ёндашувни талаб қилувчи қуйидаги муаммолар мавжуд, жумладан:

Ноқонуний миграция. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига қонуний иш топиш имкониятини яратишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Қонуний йўл топа олмаган муҳожирлар воситачиларга мурожаат қилишга мажбур бўлади, бу эса ноқонуний миграция, эксплуатация ва одам савдоси хавфини оширади. Яхшироқ ҳаёт излаб, улар бошқа мамлакатларга йўл олишади, аммо кўпинча оғир меҳнат шароитлари, мажбурий меҳнат, ҳуқуқлардан маҳрум бўлиш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишнинг чекланганлиги каби муаммоларга дуч келишади.

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг саъй-ҳаракатларига қарамай, 2023 йилда атиги 38,4 минг киши (ёки жами чиқиб кетган мигрантларнинг 16,5 фоизи) қонуний ишга жойлашиш каналларидан фойдаланган, натижада 141 та одам савдоси ҳолати қайд этилган бўлиб, 193 нафар шахс жабрланган, бунда ўзбекистонлик мигрантлар асосан Россия, Қозоғистон, Туркия ва БАА каби давлатларда эксплуатацияга дуч келмоқда.

ХМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда бутун дунё бўйлаб миграция йўналишларида 4317 нафар муҳожир ҳалок бўлган. 2023 йилга келиб бу кўрсаткич деярли икки баробарга ошиб, 8565 нафарга етди. Ўзбекистонга келсак, масъул вазирлик маълумотларига кўра, биргина 2020 йилда хорижда юз берган бахтсиз ҳодисалар натижасида ҳалок бўлган 200 дан ортиқ фуқароларнинг жасадлари ватанга қайтарилган. Мигрантлар билан боғлиқ энг фожиали ҳодисалардан бири 2018 йил 18 январ куни Чимкент-Самара йўналишида содир бўлган автобусдаги ёнғин бўлиб, натижада Россияга ишлаш учун кетаётган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бундан ташқари, 13 000 ўзбекистонлик фуқаролар АҚШга ноқонуний киришга уринишда қўлга олинганлиги каби ҳолатлар ҳам ноқонуний миграция муаммосининг авж олганлигини ва шошилинч чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.

Мигрантларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаганлиги

Сўнгги йилларда ўзбекистонлик мигрантлар Россиядаги ҳаёти ва меҳнат фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган муаммоларга тез-тез дуч келишмоқда. Энг кенг тарқалган қийинчиликлар орасида ишчиларнинг эксплуатацияси, тез-тез ўтказиладиган текширувлар, маошнинг тўланмаслиги, меъёрий иш вақти режимининг бузилиши ва бошқа меҳнат ҳуқуқларининг бузилиши мавжуд. Бу ҳолатлар мигрантлар учун қўшимча қийинчиликларни келтириб чиқариб, уларга муносиб ва хавфсиз яшаш шароитларини яратиш имкониятидан маҳрум этади.

2023 йилда Меҳнат низоларини ҳал этишга кўмаклашиш маркази томонидан Россиядаги 400 га яқин Ўзбекистон фуқаросига меҳнат низоларида бепул юридик ёрдам кўрсатилиб, уларга қийин шароитларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам берилди. Масалан, Волгоград вилоятидаги иш берувчига нисбатан Ўзбекистон фуқароларининг шикоятлари ўрганилганда, мигрантларнинг ҳужжатларини мусодара қилиш, иш ҳақини тўлашни кечиктириш ва иш кунларини ҳаддан ташқари узайтириш каби қонунбузарликлар иш берувчи томонидан содир этилганлиги аниқланган.

Бундай ҳолатлар нафақат Волгоград вилоятида, балки Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда, бу эса мигрантлар ҳуқуқларини янада самарали ҳимоя қилиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Тил тўсиғи ва малака етишмаслиги кўпчилик мигрантларни паст маошли соҳаларда ишлашга мажбур қилмоқда. Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумотларига кўра, Ўзбекистондан хорижда рўйхатга олинган меҳнат муҳожирларининг асосий қисми қурилиш соҳасида вақтинчалик иш билан банд (52,7 фоиз). Шу билан бирга, малака етишмаслиги мигрантларни ахборот технологиялари, тиббиёт, муҳандислик каби юқори маошли соҳаларда ишга жойлашиш имкониятларидан маҳрум қилмоқда.

Шунингдек, тил тўсиғи сабабли ўзбекистонлик мигрантларнинг асосий қисми ишлаш учун Россия ва Қозоғистонга кетмоқда. Тилни билмаслик яхши яшаш ва кўпроқ даромад олиш имкониятлари мавжуд бўлган Европа ва Ғарб мамлакатларига меҳнат миграцияси географиясини чекламоқда. Масалан, Марказий Осиёдан келган меҳнат мигрантининг Москвадаги ўртача маоши 54,5 минг рублни (тахминан $597 ёки 7,5 миллион сўмни) ташкил қилади. Европа Иттифоқи мамлакатларидаги минимал ойлик маош эса Болгарияда 399 еврони, Люксембургда эса 2387 еврони ташкил этади. Бу эса меҳнат мигрантларининг имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг даромадларини ошириш учун тил билишнинг муҳимлигини яна бир бор кўрсатади.

Халқаро амалиёт ва хорижий тажриба

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда тахминан 281 миллион халқаро мигрант мавжуд бўлиб, бу умумий аҳолининг 3,6 фоизини ташкил этади. Можаро, зўравонлик, сиёсий ёки иқтисодий беқарорлик, иқлим ўзгариши ва бошқа офатлар туфайли ўз мамлакатларини тарк этаётганлар сони янада ортиб бормоқда. Бироқ Жаҳон Банки экспертларининг таъкидлашича, миграция фаровонлик ва тараққиётнинг кучли манбаи бўлиши мумкин: агар тўғри бошқарилса, у юборувчи ва қабул қилувчи мамлакатлар учун ҳам фойда келтиради.

Халқаро мигрантларни қабул қилувчи (чап томонда) ва юборувчи (ўнг томонда) топ 20 та мамлакат:

Шуни таъкидлаш керакки, пул ўтказмалари ҳажми дунё бўйича 831 миллиард долларга етди, бу ривожланаётган мамлакатларга берилаётган расмий ёрдам ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмидан анча кўпдир. Ўзбекистон бўйича эса Марказий банк маълумотларига асосан, 2023 йилда иқтисодиётга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 7,2 млрд долларни ташкил этган бўлсада, пул ўтказмалари ҳажми 11,4 млрд долларга етган. Ушбу кўрсаткичлар миграциянинг мамлакат иқтисодий ўсишидаги аҳамиятини яна бир бор тасдиқлаб, унинг миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва фуқаролар фаровонлигини яхшилашдаги мухим ўрнини кўрсатмоқда.

“World Migration Report 2024” ҳисоботига асосан, миграция инсон тараққиётига ёрдам беради, мигрантларга ҳам, уларнинг оилаларига ҳам фойда келтиради, чунки мигрантларнинг хориждаги даромадлари аксарият ҳолларда ўз ватанидаги даромадларидан анча юқори бўлади. Шу билан бирга, мигрантлар илм-фан, санъат ва тадбиркорликда асосий ўринларни эгаллаб, жаҳон иқтисодиёти ва инновацияларда муҳим рол ўйнайди. Шунингдек, ёш ишчиларнинг миграцияси юқори даромадли ва аҳолиси қарийётган давлатларнинг пенсия тизимларига тушадиган юкни камайтиришга ёрдам беради.

Меҳнат миграцияси соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида ишчи кучи экспорти бўйича етакчи давлатлардан бири ҳисобланган Филиппин, Индонезия, Покистон ва Ҳиндистон тажрибаси таҳлил қилинди. Ушбу мамлакатлар тажрибасини таҳлил қилиш меҳнат миграциясини самарали ташкил этиш амалиётларини аниқлаш, унинг келиб чиққан ва қабул қилувчи мамлакатлар иқтисодиётига таъсирини баҳолаш, шунингдек, мигрантларни тайёрлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш масалаларини кўриб чиқиш имконини беради.

Филиппин. Ташкиллаштирилган миграция, асосан, хусусий агентликлар орқали амалга оширилади. Хусусий агентликлар ёшлар ва катталарга чет элда иш топишда ёрдам беради. Ушбу агентликлар Филиппиннинг чет элда ишга жойлашиш бошқармаси (POEA) томонидан бериладиган лицензияга эга бўлиши ва белгиланган қонунчилик қоидаларига риоя қилиш мақсадида 1 миллион песо миқдорида (тахминан 22 000 доллар) депозит қўйиши керак.

Шу билан бирга, агентликлар ишга жойлашиш шартларини келишиш ва меҳнат миграцияси қоидаларини тўлиқ очиб бериш мажбуриятини оладилар. Шунингдек, агентликлар иш берувчилар билан биргаликда масъулиятни бўлишади. Иш қидирувчилар эса лицензияга эга хусусий агентликларни DOLE томонидан тақдим этилган онлайн восита орқали текширишлари мумкин.

Шунингдек, филиппинликлар POEA, WorkAbroad.ph, JobStreet.com, OFWguru.com, Kalibrr ва Seaman Jobsite каби хорижда иш топиш сайтларида иш излашлари мумкин. Бу веб-сайтларнинг барчаси хавфсиз, қонуний ва Филиппиннинг чет элда ишга жойлаштириш бошқармаси томонидан назорат қилинади, бу эса иш излаш жараёнида хавфсизликни таъминлайди.

Бундан ташқари, Филиппинда меҳнат миграциясини самарали ташкил этиш мақсадида мигрантларни тиллар, касбий кўникмалар ва маданий мослашувга фаол тайёрлашга алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, филиппинлик ишчиларнинг юқори малакали ва интизомли мутахассислар сифатида ижобий имижини яратишга қаратилган фаол маркетинг кампанияси ҳам амалга оширилади.

Индонезия. Меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни яхшилаш мақсадида Индонезия меҳнат ресурслари вазирлиги Indonesian Migrant Workers Information System (SIPMI) иловасини ишга туширган. Ушбу илова нафақат индонезиялик меҳнат мигрантлар учун хизматлар сифатини яхшилайди, балки уларнинг оилалари учун ҳам маълумотлардан қулай фойдаланиш имконини беради.

SIPMI иловаси бир нечта асосий функцияларга эга:

  • Имкониятлар ва хавф-хатарлар тўғрисида маълумот: Фойдаланувчилар чет элда ишлаш шартлари, шунингдек, хавфсиз миграция учун ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва зарур кўникмалар билан танишишлари мумкин. Мазкур маълумотлар юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликларни четлаб ўтиш ва асосланган қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.
  • Фавқулодда ёрдам: Фавқулодда вазиятларда илова орқали ҳамкасблар ёки маҳаллий хизматлар билан тезда боғланиш мумкин, натижада улар зарур ёрдамни тақдим этади. Ушбу функция қийин вазиятларда мигрантлар хавфсизлигини таъминлаш учун жуда муҳим.
  • Интерактив имкониятлар: SIPMI орқали сўровларда қатнашиш ва долзарб маълумотларни олиш мумкин. Бу фойдаланувчиларга жамиятда иштирок этиш ва тажриба алмашиш имконини беради, бу эса мигрантлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.
  • Оила билан алоқа: Илова мигрантнинг ҳозирги жойлашуви тўғрисида маълумотни оиласи ва яқинлари билан алмашиш имкониятини беради, бу эса ватандан узоқда бўлган мигрантларга руҳий ёрдам кўрсатиш учун жуда муҳим ҳисобланади.
  • Молиявий баҳолаш: Фойдаланувчилар ўз харажатлари ва даромадларини кузатиши мумкин, бу эса шахсий маблағларни яхшироқ бошқариш ва бюджетни режалаштиришга ёрдам беради. Шунингдек, бу мигрантлар ва уларнинг оилаларининг молиявий барқарорлигига хизмат қилади.

Ҳиндистон. 2018 йилда Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги касб маҳорати ва тадбиркорликни ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда «Pre Departure Orientation Training» (PDOT) дастурини ишга туширган. Ушбу дастур эмигрантларга хорижга ишлаш учун жўнатишдан олдин 8 соатлик бепул йўналиш берувчи (ориентацион) курсларда ўқитишни назарда тутади. Ўқув курслари ишлаш мамлакатининг одоб-ахлоқ қоидалари, мигрантларнинг ҳуқуқлари ва Ҳиндистон ҳукумати томонидан кўрсатиладиган ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари билан танишишни ўз ичига олади. Меҳнат мигрантлари борадиган мамлакат маданияти, тили ва қонунлари тўғрисида маълумот олади. Шунингдек, мигрантлар ижтимоий муҳофаза марказлари ва порталларидан, жумладан: Ҳиндистон жамоатини рағбатлантириш фонди (ICWF), Pravasi Bharatiya Bima Yojana (PBBY) суғуртаси, eMigrate ва MADAD порталлари, Pravasi Bharatiya Kendras (PBSKs) маркази ҳамда Ҳиндистон элчихоналари ва консулликларидаги 24 соатлик ёрдам линияларидан маълумот олиш имкони мавжуд.

COVID-19 пандемияси чекловлари ва PDOT марказларига ташрифдаги қийинчиликларга жавобан Ҳиндистон ташқи ишлар вазирлиги Online PDOT модулини жорий этди, бу модул эмигрантларга ўзига қулай вақтда онлайн таълим олиш имконини берди. Мигрантлар онлайн ёки офлайн таълимни танлашлари ва курсни тамомлаганларидан сўнг PDOT ўтганлиги тўғрисидаги сертификатни юклаб олишлари мумкин. Ушбу янгилик дастурнинг қамрови ва мавжудлигини сезиларли даражада кенгайтириб, хавфсиз ва қонуний миграцияни таъминлашга, шунингдек, ҳиндистонлик мигрантларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб-қувватлашга ёрдам берди.

Бундан ташқари, 2022 йил декабр ойида Германия ва Ҳиндистон миграция ва мобиллик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим (MMPA) имзоладилар, мазкур битим ҳар икки давлат учун фуқароларнинг ҳаракатланишини миллий қонунларга мувофиқ таъминланишини назарда тутади. Ушбу битим кўникмаларни узатишни тартибга солади, адолатли миграцияни қўллаб-қувватлайди ва муносиб меҳнат тамойилларига амал қилишга эътибор қаратади, малакали мутахассисларни этик жиҳатдан ишга қабул қилишга аҳамият беради.

MMPA ёш ҳиндистонлик мигрантларга Германияда профессионал тажриба орттириш, ўқиш ёки тайёргарликдан ўтиш имкониятини беради, бу эса Германия меҳнат бозорида малакали ишчиларга бўлган эҳтиёжни қондиришга ёрдам беради. Шунингдек, турли тоифадаги фуқаролар, жумладан, талабалар ва стажёрлар учун кириш ва қолиш шартлари, стипендиялар, ўқишдан кейинги визалар ва тил курслари ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд.

Покистон. 1982 йилнинг май ойида Покистонда Хорижда меҳнат қилиш ва бандлик бюроси (BEOE) Давлат ҳаёт суғурта корпорацияси билан биргаликда келажакда меҳнат муҳожирлари учун суғурта дастурини жорий этди. Ҳар бир меҳнат муҳожири 2500 рупий миқдоридаги суғурта бадалини тўлайди ва бу бадал 5 йил давомида 1 000 000 рупий миқдоридаги суғурта қопламини таъминлайди.

Суғурта бадалини тўлагандан сўнг, меҳнат муҳожири Overseas Pakistanis Foundation ташкилоти аъзосига айланади ва бу унга бир қатор имтиёзлар беради. Масалан, ушбу аъзолик ўз фарзандларини таълим муассасаларига бериш имконини беради. Бундан ташқари, фонд ходимлари халқаро аэропортларда юридик ва бошқа зарур масалалар бўйича ёрдам кўрсатадилар. Аъзолик, шунингдек, турар жой дастурлари доирасидаги имтиёзларга, саноат секторида сармоя киритиш имкониятларига ва бахтсиз ҳодиса, касаллик ёки ўлим ҳолатларида молиявий ёрдам олиш имконини беради.

2021 йилнинг декабр ойида Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида Покистонлик ишчиларни ишга жойлаштириш ва уларнинг малакасини баҳолаш дастури бўйича иккита битим имзоланди. Биринчи битим Покистондан Саудия Арабистонига турли касблар бўйича ишчи кучини юбориш жараёнини такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, бунда ишчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга кенг қамровли юридик ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, ушбу битим шартномавий низоларни ҳал қилиш ва покистонлик ишчиларни бандлик агентликлари ва компаниялар томонидан содир этилиши мумкин бўлган хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Иккинчи битим эса Покистондан Саудия Арабистонига малакали ва сертификатланган ишчи кучини юборишни кенгайтиришга қаратилган.

Меҳнат миграцияси самарадорлигини ошириш бўйича тавсиялар

Юқорида келтирилган миграция сиёсатидаги муаммоларни бартараф этиш ҳамда меҳнат миграциясини яхшилаш бўйича “Ўзбекистон-2030” Стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларини сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази экспертлари қуйидаги чораларни кўришни таклиф этади:

Биринчидан, демографик дивидендни самарали фойдаланиш ва меҳнат миграциясига бўлган талабнинг ортиб боришини инобатга олиб, Филиппин тажрибасидан келиб чиқиб, чет элда фуқароларни ишга жойлаштиришда хусусий бандлик агентликларининг иштирокини кенгайтириш таклиф этилади. Шу билан бирга, давлат уларнинг фаолиятини қатъий назорат қилиши ва тақдим этилаётган хизматлар сифатига аниқ талабларни белгилаши керак бўлади.

Хусусий секторни жалб этиш натижасида фуқаролар ўзлари учун энг қулай вариантларни танлаш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, хусусий агентликлар резюме тайёрлаш, суҳбат бўйича маслаҳатлар ва янги иш шароитларига мослашиш бўйича хизматларни таклиф қилишлари мумкин, бу эса номзодларнинг муваффақиятли ишга жойлашиш имкониятларини сезиларли даражада оширади.

Қонун ҳужжатларида белгиланган миграция қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш учун агентликлардан уларнинг айланмасига мутаносиб миқдорда мажбурий депозит талаб қилиниши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, хориждаги таниқли рекрутинг компанияларини мамлакатимизга жалб қилиш орқали чет элда фуқароларни ишга жойлаштириш ва уларнинг самарали меҳнат фаолиятини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш. Бу эса фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш каналларини диверсификация қилишда муҳим қадам ҳисобланади.

Adecco (Швейцария), Kelly Services (АҚШ), Robert Half (АҚШ), Randstad (Нидерландия), Michael Page (Буюк Британия) каби рекрутинг компаниялари номзодларни баҳолаш, суҳбатларни ташкил этиш ва ишга жойлаштириш жараёни давомида қўллаб-қувватлаш каби кенг кўламли хизматларни тақдим этиш имкониятига эга.

Учинчидан, меҳнат муҳожирлари учун Покистон тажрибасига ўхшаш мажбурий суғурта тизимини жорий этиш имкониятларини ўрганиб чиқиш. Бу эса хорижда иш йўқотиш, касаллик ва ўлим билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтиришга ёрдам беради.

Суғурта полиси шошилинч тиббий ёрдам, шу жумладан ҳомиладорлик ва туғиш, ишсизлик нафақалари ва мурдани репатриация қилиш харажатларини қоплашни таъминлаши лозим.

Тўртинчидан, меҳнат мигрантларининг хабардорлигини ошириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 апрелдаги ПФ-59-сон Фармонига мувофиқ "Ишга марҳамат" мономарказларида ташкил этилаётган хорижий тиллар ва касбий кўникмалар бўйича ўқув курсларига қўшимча равишда Ҳиндистонда муваффақиятли амалга оширилаётган дастур асосида бепул йўналтирувчи ўқув курсларини жорий этиш. Ушбу ўқув дастури тил ва касбий кўникмаларни ўргатиш билан бир қаторда, қабул қилувчи мамлакатнинг маданияти, қонунчилик тизими, ижтимоий ҳимоя ва хавфсизлик чоралари каби муҳим жиҳатларни ҳам қамраб олади.

Таълим олиш имкониятини максимал даражада таъминлаш учун мигрантларга ўзлари учун қулай бўлган шаклда таълим олиш имконини берувчи онлайн модулни жорий этиш тавсия этилади. Ушбу ташаббус нафақат меҳнат мигрантларининг тайёргарлик даражасини оширади, балки уларнинг қабул қилувчи мамлакат жамиятига муваффақиятли мослашиш имкониятларини сезиларли даражада яхшилайди.

Бешинчидан, миграция хизматларини рақамлаштириш, жумладан, мобил иловалар ва онлайн платформалар яратиш бўйича шошилинч чоралар кўриш. Бу жараёнларни соддалаштириш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш ва, айниқса, чекка ҳудудлардаги мигрантлар учун хизматлардан фойдаланишни осонлаштиради.

Ушбу мақсадга эришиш учун қуйидаги чораларни кўриш мақсадга мувофиқ:

1. Индонезия тажрибасини мослаштириб, SIPMI га ўхшаш мобил иловани яратиш. Бу муҳожирлар ва уларнинг оилаларига зарур маълумотларни тезда олиш, юзага келган муаммоларни ҳал қилиш ва чет элда ўзларини хавфсизроқ ҳис қилиш имконини беради. Бундай илова ишга жойлашиш ва янги шароитларга мослашиш жараёнида ишончли ёрдамчи бўлади.

2. Фойдаланувчиларга мос бўш иш ўринларини осон топиш ҳамда хорижда ишга жойлашиш бўйича долзарб маълумотларни олиш имконини берувчи филтрлаш функциялари, электрон рўйхатга олиш ва мобил версияга эга иш қидириш платформасини яратиш.

Чет элда иш топиш учун муваффақиятли платформа сифатида фойдаланиладиган Филиппиннинг WorkAbroad.ph порталини намуна қилиб олиш. Мазкур платформада бўш иш ўринларининг кенг маълумотлар базаси, қулай филтрлаш тизими ва мобил иловаси мавжуд. Бундан ташқари, портал муҳожирлар учун фойдали материалларни тақдим этиб, уларнинг янги меҳнат шароитларига мослашишига ёрдам беради.

Олтинчидан, тартибли ва хавфсиз меҳнат миграциясини таъминлаш мақсадида Германия ва Ҳиндистон ҳамда Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида ишчиларни қабул қилиш ва уларнинг малакасини текшириш дастури бўйича имзоланган Миграция ва мобиллик тўғрисидаги ҳамкорлик битими (ММПА) каби икки ва кўп томонлама келишувларга эришиш.

Бунда, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтиришни жадаллаштириш мақсадида меҳнат миграцияси масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлар даражасида икки томонлама битимлар тузиш имкониятларини кўриб чиқиш.

Бундай келишувлар мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, малакаларни ўзаро тан олиш ва ишга жойлашиш соҳасида ҳамкорлик механизмларини ўз ичига олиши лозим. Бу миграция оқимларини самарали бошқариш ва жўнатувчи ҳамда қабул қилувчи мамлакатлар меҳнат бозорларининг эҳтиёжларини қондириш имконини беради.

Жамшид Шарипов,
Рамзиддин Нуриддинов,
“Тараққиёт стратегияси” маркази мутахассислари.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech