Ўзбекистон судлари томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти конвенциялари нормалари кенг қўлланилиши лозим. Тошкент шаҳрида 22-24 сентябрь кунлари ташкил этилган уч кунлик семинарда иштирок этган судьялар ушбу соҳанинг амалий жиҳатлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Пойтахтимизда 22 сентябрь куни ўз ишини бошлаган «Ўзбекистон Республикаси судлари қарорларида БМТнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялари нормаларининг қўлланилиши» мавзуидаги амалий семинарда Тошкент шаҳри маъмурий судлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари иштирок этди.
Амалий семинар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, АҚШнинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Д.Розенблюм, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Ж.МакГрегор ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска анжуман иштирокчиларини қутлаб, судлар томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларининг қўлланилиши одил судловни таъминлашда жуда муҳим масала ҳисобланишини таъкидладилар.
Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармонида ҳамда ушбу ҳужжат билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишлар, хусусан, халқаро ҳуқуқ принциплари, нормалари ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро шартномалари судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан кенг қўлланилиши; халқаро ҳуқуқ устуворлиги принципини амалга оширишнинг самарали механизмини яратиш; судларнинг мустақиллигини ва холислигини таъминлаш мақсадида судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш; “Хабеас корпус” институтини янада такомиллаштириш йўли билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш масалалари белгиланган.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларининг қўлланилиши бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Сўзга чиққанлар миллий судлар томонидан БМТ конвенциялари нормаларини суд ҳужжатларида қўллашга доир самарали механизмнинг жорий этилиши, ўз навбатида, суд тизими мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва суд ҳокимияти нуфузини оширишга хизмат қилади, деган якдил фикрни билдирдилар.
Бу, шунингдек «Судьялар хулқига оид Бангалор принциплари»ни амалда татбиқ этишда ўта муҳим аҳамият касб этади. Чунки мазкур халқаро-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, халқаро қонунчиликдаги, жумладан, халқаро конвенциялар ва инсон ҳуқуқларига тааллуқли нормалар белгиланган бошқа ҳужжатлардаги тегишли ўзгаришлардан судьяларнинг ўз вақтида хабардор бўлиши – улар ўз фаолиятини талаб даражасида амалга оширишининг зарур шартларидан ҳисобланади.
Амалий семинарнинг биринчи куни машғулотларида Тошкент шаҳри маъмурий судлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.09.2020
- Кўришлар: 4436
- Чоп этиш