Миллатнинг медиасаводхонлик ўлчами

Медиа бу кенг қамровли тушунча бўлиб, унинг таркибига матбуот, фотография, радио, телевидение, видео, компьютер тизимлари ва интернет тармоқлари киради. Бугунги тезлашган замонда журналистиканинг турли атрибутлари пайдо бўлди. Айнан ана шу нисбатлар журналистдан ҳам, журналистикадан ҳам мисли кўрилмаган фикрий жасоратни талаб қилмоқда. Чунки журналистика фақат ўтган асрдаги каби фақат сўз орқали ўқиб ҳис қилинадиган эмас, бир пайтнинг ўзида ўқиб, тинглаб, кўриб таҳлил қилинадиган соҳага айланди.

Бугун медиа оламдаги ранг-барангликлар, сунъий интеллектнинг пайдо бўлгани бир қарашда бошқа соҳа вакиллари каби журналистнинг ҳам хизматини енгиллатгандай кўринади. Аслида ундай эмас! Чунки сунъий интеллект ўз вақтида табиий интеллектнинг соясидаги бир механизмдир, холос. 

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида "ЮНЕСКО ва ихтисослашган медиа" кафедраси томонидан ташкил этилган  "Рақамли дунёда медиасаводхонлик ва ахборот маданияти - барқарор ривожланишнинг муҳим омили" мавзусида Халқаро илмий-амалий конференцияда айнан юқоридаги каби саволларга жавоб изланди. 

— Конференция мавзуси ҳақиқиқатан ҳам долзарб. Бугунги рақамли инқилоб ҳамма нарсани ўзгартириб юборган. Ҳар куни бир неча квинтиллион байт маълумот яратилади. Бироқ бу маълумотларнинг  қанчаси тўғри, “тоза” ёки фойдали? Буни ўйлаб кўришимиз керак. Пост ҳақиқат даврида сохта янгиликлар тўфонида қандай қилиб мувозанатни сақлашимиз мумкин? Фақатгина медиатаълим орқали. Медиасаводхонлик – бу замонавий дунёнинг энг асосий кўникмаси.  Медиасаводхонлик – бу нафақат фактларни текшириш, балки танқидий фикрлаш, маълумотлар уммонида сузиш қобилияти, ҳатто психологик ҳимоя қалқони. Чунки сохта ахборот нафақат ақлимизга, балки қалб ва туйғулармизга ҳам ҳужум қилади, – дея таъкидлади ЎзЖОКУ ректори Сиёсий фанлар доктори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа. 

Конференцияда ЎзЖОКУ проректори Нозима Муратова  ўз кириш сўзида бугун журналистика олдида қатор вазифалар турганлигини, улардан бири ва асосийси ҳар бир инсоннинг медиасаводхонлигини ошириш, таҳлилий ва танқидий фикрлаш қобилиятини шакллантириш эканлигини таъкидлади. 

Анжуманда Германия, Словакия, Украина ва Қозоғистон республкасидан  олимлар вамутахассислар иштирок этди.

– Зўравонлик экстемизмига қарши нарративлар ва дезинформацияга қарши кураш ҳақида гапирилар экан, диний мавзулар энг нозик жиҳат эканлиги англашилади. Бу борада аудиторияда диний билим ва маромийлик шаклланмаганлиги, диний мавзудаги сифатли контент ҳам кескин ҳейтга учраши журналист ва блогерларни қўрқитиб қўйганлиги, диний мавзудаги текширилмаган ахборот билан аудитория тўплаш мумкинлиги англашилади. Биз қозоғистонилк ўртоқлар билан дезинформацияни ўргандик ва бу жараёнда журналистлар билан диний доирадагилар ўртасида кўприк йўқлиги аниқланди – дейди ЎзРФА Археология маркази катта илмий ходими Элдор Асанов. 

Конференция ишида Маарит Яаккола (Швеция) “Журналистика ўқитувчиларининг сунъий интеллектни ўқитишга тайёргарлиги”, Сергей Штурхетский (Украина) “Сунъий интеллект даврида кекса авлоднинг медиа саводхонлиги”, Гулнора Асанбаева (Қозоғистон) “Марказий Осиё мамлакатларида қайси ОАВ га ишонч билан қаралади?” (Internews томонидан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ўтказилган социологик тадқиқотлар натижаларига кўра), Зарифа Тожиева “Медиасаводхонликнинг медиахайп таъсирларини олдини олиш” мавзуларидаги муҳим чиқишлари билан бугунги кун муаммоларига эътиборни қаратдилар. 

Журналистика соҳасида медиасаводхонлик, унинг ғоявий омиллари, бу борада жамиятни қамраб олаётган хавф-хатар ҳақида бот-бот гапирилади. Бироқ бу борадаги чиқишлар, конференциялар бу таҳдиднинг қай даражада олдини олади? Бугунги илмий конференциянинг амалий фазилатларининг намоён бўлиши эса эртанги кун ҳукмида эканлиги аён ҳақиқатдир.  “Ахборий кураш шароитида эса энг яхши қурол бу медиасаводхонликдир, -дейди маърузачилардан бири Санобар Жуманова ва у медиатаълимнинг “ўзбек модели”га хос бўлган қуйидаги принципларини келтиради:

• Медиатаълим оиладан бошланади.

• Ахборотдан ҳимояланиш эмас, ахборотга очиқ бўлиш афзал.

• Медиатаълим тарбия билан биргаликда олиб борилади.

• “Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши

маърифат” билан курашилади.

• Медиасаводхонлик, танқидий тафаккур медиа, ОАВ билан

ҳамкорликда шакллантирилади.

• Медиатаълимни миллий дидактик асосларга таяниб ўргатиш

самарадор.

• Ахборий ва рақамли ижодкорлик – асосий натижа”.

Дарҳақиқат, смарт медиа ривожи, ОАВ фаолиятига сунъий интеллектнинг жорий этилиши туфайли бугунги кунда медиатаълим фақат гуманитар фан доирасига тааллуқли бўлмай қолди. Айни даврда  медиатаълимни ўқитишнинг анъанавий усуллари ўзини оқламай қўйди, замонавий ахборий бузилишларни аниқлашда рақамли саводхонлик зарурлиги медиатаълимнинг ижтимоий, ҳуқуқий, ахборот технологик хусусиятларини янада ошириб юборди.

Манбалар “Медиа сўзи инглиз тилидаги “Mediator” сўзидан олинган бўлиб,  алоқа воситалари, ахборот узатиш воситалари ва медиадан фойдаланилган ҳолда олиб бориладиган таълим муҳитини ўз ичига олган кенг қамровли тушунча" эканлиги ҳақида хабар беради. Ахборотни шунчаки визуал шаклига эмас, балки унинг фикрий, интеллектуал жиҳатларига эътиборни қаратиш асосий маслаклардан биридир. Чунки медиасаводхонликнинг моҳиятидаги ўзак масала ҳам унинг таҳлилий ва танқидий қабул қилишга асосланганлигини тасдиқлайди. Демак, журналист олдидаги муҳим масала шунчаки видео ёки визуал контентнинг асирига айланиб қолмай, унинг фикрий ва таҳлилий хусусиятларига эътиборни қаратиш муҳимдир.

Нима деб ном олмасин,  медиатизим ҳамма жойга шитоб билан кириб бўлди: уй, кўча, қаҳвахона, касалхона, қамоқхона... Айни замонда медиа ичидаги ҳаётни яшаяпмиз. Бу эса биздан бир вақтнинг ўзида медиасаводхон, медиатафаккурли ва медиа таҳлилчи бўлмоқни талаб этади. 

Акбар Нурматов,

ЎзЖОКУ

"ЮНЕСКО ва ихтисослашган медиа

кафедраси мудири.

Гўзал Бегим,

"ЮНЕСКО ва ихтисослашган медиа"

 кафедраси катта ўқитувчиси.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech