2020 йил 20 октябрь куни “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу Қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгиланган.
Шу билан бирга, мазкур Қонун асосида бандлик соҳасининг асосий параметрларига муҳим таъсир қилувчи комплекс институционал ва иқтисодий шароитлар, ташкилий ва ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва фойдаланиш назарда тутилган. Ушбу шартлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши билан боғлиқдир.
Бандлик масаласи давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Конституцияда белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Ўтган даврда мазкур конституциявий норма асосида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Энг муҳими, меҳнат муносабатларини тартибга солишга хизмат қиладиган қонунчилик йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда.
Бу борада Президентимиз томонидан жорий йил 20 октябрда “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун имзолангани муҳим аҳамият касб этади. Чунки ушбу қонун бандлик масаласи ҳар қачонгиданда долзарб бўлиб турган коронавирус пандемияси даврида қабул қилинди.
Янги қонунни қабул қилиш зарурати ҳақида фикр юритганда, 1992 йилда қабул қилинган ва 1998 йилда янги таҳрири тасдиқланган “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун бугунги кун талабларига жавоб бермай қолганини алоҳида таъкидлаш лозим. Унда меҳнат бозорининг ҳозирги ҳолати акс эттирилмаган. Қолаверса, меҳнат ва бандлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни ва долзарб масалаларни ҳал қилишга қаратилган нормалар мавжуд эмасди.
Сўнгги 20 йил ичида меҳнат бозорида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, иш билан банд бўлганлар сони 1,5 бараварга, яъни 8,8 млн нафардан – 13,5 млн нафаргача ошди. Иш берувчилар сони эса 4,5 бараварга – 203,2 мингдан – 928,9 минггача кўпайди.
“Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишда 10 дан зиёд ривожланган хорижий давлатнинг соҳага оид қонунчилиги ўрганилган. Бу борада қиёсий таҳлиллар амалга оширилган ва Халқаро меҳнат ташкилоти экспертларининг фикрларига таянилган.
Қонунда, шунингдек ХМТнинг Бандлик соҳасидаги сиёсат тўғрисидаги конвенцияси, Ишчи жойлари ҳақидаги глобал пакти ва бир қатор халқаро ҳужжатларда белгиланган қоидалар инобатга олинган. Бундан ташқари, юртимиз ҳудудларида иш берувчилар, соҳа ходимлари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида ўтказилган жамоатчилик муҳокамаларида тушган айрим таклифлар ҳам қонунда ўз аксини топди.
Энг муҳими, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун тўғридан-тўғри амалиётда ишлайдиган қонундир. У амалдаги 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 та фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бандлик ва меҳнат бозорини тартибга солиш, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга оид 40 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида кўзда тутилган ҳуқуқий нормаларни, тизимдаги сўнги ислоҳотларни, янги молиявий механизмларни ўзида жамлаган.
Қонунда аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Хусусан, ишсиз шахсларни ва иш қидираётган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш аҳоли бандлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Қонунда бир қатор янги тушунчалар алоҳида моддада берилган. Жумладан, ўзини ўзи иш билан банд қилиш, «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси, касбий малака, билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизими, малакани баҳолаш каби тушунчалар шулар қаторига киради.
Бугунги кунда ўта долзарб бўлиб турган бандлик соҳасидаги муаммоларни ҳал қилишда мазкур Қонун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Энг асосийси, Қонун янги иш ўринларини яратиш орқали фуқароларимизни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга, шу орқали уларнинг ҳаётий фаровонлигига эришиш имкониятини беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.10.2020
- Кўришлар: 5038
- Чоп этиш