Муаллифлик ҳуқуқи ҳимоясини кучайтириш — давр талаби

Муаллифлик ҳуқуқи фуқаролик ҳуқуқининг бир қисми сифатида фан, адабиёт ва санъат асарлари яратувчиларининг ҳуқуқларини тартибга солади ҳамда ҳимоя қилади.

Бугунги ахборот асри, рақамли технологиялар жадал ривожланиб бораётган бир пайтда муаллифлик ҳуқуқи ҳимоясини янада кучайтириш, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш давр талабидир.

Янгиланган Конституциямизнинг 53-моддасида ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши мустаҳкамлаб қўйилган.  

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқини муҳофаза қилиш, миллий маданиятни янада ривожлантириш, моддий ва номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш, тарғиб этиш, маданият ҳамда санъат соҳасини инновацион ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилди. Палата ўз фаолияти давомида фан, адабиёт, санъат ва маданият соҳасидаги муаллиф, санъаткор, ижодкор ва ижрочилар (ҳуқуқ эгалари) ҳамда уларнинг ҳуқуқий ворислари мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини республика ҳамда республикадан ташқарида рўёбга чиқарилишини таъминлашга кўмаклашиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Муаллифлик ҳуқуқига оид қонунчиликни такомиллаштириш ва ҳимоя қилиш механизмларини ривожлантириш” мавзусидаги семинарда соҳадаги ишлар, Палатанинг фаолияти, ушбу йўналишда дуч келинаётган муаммолар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур соҳада бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Муаллифларнинг бадиий ижод эркинлигини таъминлаш, уларнинг ижод қилишлари учун муносиб ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, муаллифлик ҳуқуқларига оид билимларни тарқатиш, жойларда асарлар ва ижролардан фойдаланишда жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш лозимлиги айтилди. Бу борада қатор таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: