Мустақиллигимиз ҳимояси йўлида жон фидо этган қаҳрамонлар хотираси қалбларимизда доимо яшайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғида жамоатчилик вакиллари билан учрашувда билдирган фикрлари

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар, муҳтарам фахрийлар, азиз ёшлар!

Аввало, барчангизни 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида эришилган буюк ғалабанинг 80 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Халқимизнинг “Меҳр — кўзда”, деган иборасида чуқур маъно бор. Мен сизларнинг кўпчилигингизни яхши танийман, ғойибона кузатиб бораман. Бугун сизлар билан мана шундай улуғ айём кунларда дийдор кўришиб турганимдан ғоят хурсандман.

Бизнинг энг катта бойлигимиз — бу тинч ва осойишта ҳаётимиз, Ватанимиз мус­тақиллиги, халқимизнинг омонлигидир. Бугунги кунда барча ҳаракат ва ислоҳотларимиз, ҳамма эзгу ниятларимиз бир улуғ мақсадга — давлатимиз истиқлоли, эл-­юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашга қаратилган. Энг катта мақсад-муддаомиз — меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизни рози қилишдан иборат.

Ҳозирги вақтда, ўзингиз телевизорда кўряпсиз, шу йўлда бутун мамлакатимиз — бу Сурхондарё, Хоразм ёки Қорақалпоғистонда бўладими, Бухоро, Навоий ёки Самарқандда бўладими, Жиззах, Сирдарё ёки Тошкентда, Андижон, Наманган ёки Фарғонада бўладими, ҳатто энг олис туман ва қишлоқларимизда ҳам барча-барча юртдошларимиз бун­ёдкор меҳнат билан банд. Илойим, мана шундай тинч ва осойишта ҳаётимизга кўз тегмасин!

Бугунги кунда дунё миқёсида вазият қандай таҳликали бўлиб бораётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Фақат иқтисодиётда эмас, барча-барча соҳаларда мавжуд таҳдид ва хавф-хатарларни ҳисобга олиб, йўлимизни аниқ белгилаб, қанчалик қийин бўлмасин, фақат ва фақат олдинга қараб боришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Энг муҳим ва асосий ­масала — Ватанимиз мустақиллигини мус­таҳкамлаб, одамларимизни ҳимоя қилишга, реал ­ҳимоя қилишга бор куч ва имкониятларни сафарбар этишимиз, танлаган йўлимиз тўғри эканини аниқ натижа ва ютуқлар асосида исботлашимиз керак.

Ҳеч шубҳасиз, бу йўлда мард ва матонатли халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган мислсиз жасорати, буюк ғалабани яқинлаштиришга қўшган беқиёс ҳиссаси биз учун доимо куч-ғайрат ва фахр-ифтихор манбаи бўлиб хизмат қилади.

Албатта, ҳаммангизнинг хабарингиз бор, жаҳон тарихидаги энг даҳшатли ана шу қирғин даврида Ўзбекистонда яшаган 6 миллион 800 минг аҳолидан қарийб 2 миллион нафари фронтга сафарбар этилган. Шундан 600 минг киши жанг майдонларида ҳалок бўлган, 200 минг нафар юртдошимиз бедарак кетган, яна 100 минг одамнинг дараги ҳали ҳам топилгани йўқ, биз уларни излашда давом этяпмиз.

Ана шу 2 миллионга яқин жасур ота-боболаримизнинг ғалабага қўшган ҳиссаси жуда катта бўлиб, буни ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди. Улардан 214 минг нафари — эътибор беринг, 214 минг нафари — урушда кўрсатган улкан жасорати учун жанговар орден ва медалларга, 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлгани, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги “Слава” ордени билан тақдирлангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Мана шу ҳақиқатни ёшларимизга, ўз оиламиз, маҳалламиз ва жамоамизга ҳар куни айтишимиз, тушунтириб боришимиз керак. Чунки жанг майдонларида ёвуз душманга қарши кечаю кундуз мардона олишган қаҳрамон аждодларимизни қанча кўп улуғласак, бугунги озод ва фаровон ҳаё­тимизни шунча кўп қадрлаган бўламиз.

Биз мана шу Ғалаба боғини бежиз барпо этганимиз йўқ. Бу улуғвор мажмуа — халқимизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини яққол кўрсатиб турадиган қутлуғ маскан, улуғ зиёратгоҳдир. Айни вақтда бу фарзандларимизга аждодларимиз жасоратидан сабоқ берадиган ўзига хос тарбия ўчоғи, десак, тўғри бўлади. Энг муҳими, ушбу боғ халқимизнинг Ватан ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик анъаналари барҳаёт экани, уларни ҳар бир авлод шараф билан давом эттириши зарурлигини барчамизга эслатиб, таъкидлаб туради.

Бундай боғ эл-юртимизнинг орзуси эди. Мана, одамлар бу табаррук масканга қандай интилишини кўрсатадиган бир мисол — ўтган қисқа даврда бу ерга 3 миллиондан зиёд киши келиб, зиёрат қилиб кетган. Уларнинг орасида кексаю ёшлар, вилоятлардан, узоқ-узоқ қишлоқлардан, маҳаллалардан келган одамлар, чет элликлар бор. Улар ушбу мажмуадаги “Шон-шараф” музейи ва бошқа ёдгорлик­ларда ўзининг бобоси, отаси, бувиси ёки қариндошларига оид ҳужжатлар, расм ва лавҳаларни кўриб, хурсанд бўлиб, катта таассурот ва ғурур билан кетяпти. Бир сўз билан айтганда, бу боғнинг келгусида эзгу мақсадларга хизмат қилишини инобатга олиб, уни ҳам тарихий, ҳам замонавий талаблар асосида мана шундай пухта барпо этганимиз ҳар томонлама тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи исботламоқда.

Ғалаба боғи — бу ҳамиша барҳаёт қаҳрамонларимиз тимсоли, ўзлигимиз ифодаси, қандай сабот-матонатли халқ эканимизнинг ёрқин амалий тасдиғидир.

Энг асосийси, биз бу мажмуани ҳам шаклан, ҳам мазмунан бойитиб, кенгайтириб боряпмиз. Эл-юртимиз, хорижий мамлакатлардаги дўстларимиз, ҳамкорларимиз бу борада катта ёрдам беряпти. Шу тариқа халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши ва мус­тақиллик давридаги қаҳрамонлиги чуқур ўрганилиб, янги-янги мате­риаллар, ҳужжатлар топилиб, эълон қилиб борилмоқда.

Ана шу ишларнинг давоми сифатида боғ ҳудудида “Хотира нури” композиция­си барпо этилди. Кўриб турганингиздек, парвоз қилаётган бир жуфт қуш шаклидаги бу монументал асар Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида жон олиб-жон берган ота-боболаримиз ҳамда фронт ортида меҳнат қилган ватандошларимизнинг тенгсиз жасоратини мадҳ этади. У авлодлар ўртасидаги ворисийлик анъаналарини намоён этиши билан ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Ҳеч шубҳасиз, мустақиллик йилларида Ватанимиз сарҳадларини дахлсиз сақлаш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётни ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ҳам бизнинг қаҳрамонларимиз. Улар биз учун ҳамиша барҳаётдир. Халқимиз, айниқса, ёшларимиз мустақил Ўзбекистоннинг ҳам ана шундай қаҳрамонлари борлигини билиши ва уларни ҳеч қачон унутмаслиги зарур.

Мен 2023 йил март ойида Сурхондарёда сизларнинг кўпчилигингиз — ана шундай марҳум аскар ва офицерларимизнинг оила аъзолари, яқинлари билан учрашганман, фикр ва таклифларингизни эшитганман. Мана шу қаҳрамонларимиз хотирасига ҳам ёдгорлик ўрнатсак, деган орзу, керак бўлса, армон мени доим ўйлантириб келарди. Бу нафақат менинг, балки ана шундай ботир ва довюрак она юрт посбонларини тарбиялаган сиздек ота-оналарнинг, қолаверса, қаҳрамонларимизнинг аёллари ва фарзандларининг, бутун халқимизнинг орзуси эди, десак, албатта, хато бўлмайди.

Халқимизнинг ана шу баҳодир ўғлонларимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромини таъсирчан бир шаклда акс эттириш, ҳаётдан эрта кетган бу навқирон фидойи инсонларнинг Ватанимизга бўлган меҳри, садоқати ва жасоратини ана шу ёдгорликда кўрсатиш ҳақида ўз фикрларимни айтиб, архитектор ва ҳайкалтарошлар, тарихчи олимлар, ижодкор зиёлилар билан жуда кўп мулоқот қилганман.

Ана шундай интилишларимиз натижаси сифатида бугун Ғалаба боғида янги бир ёдгорлик — “Миллат фидойилари” монументи барпо этилганини барчамиз кўриб турибмиз.

Албатта, ушбу монументда номлари зарҳал ҳарфлар билан муҳрлаб қўйилган 196 нафар марҳум ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳар бири, Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари каби, ҳаётнинг кўп-кўп неъматларидан баҳраманд бўлишга улгурмаган. Бу шер­юрак ўғлонларимизнинг ҳам келажак орзулари бор эди, уларни олдинда яхши ва ёруғ кунлар, ота-онаси, ­оиласи, шириндан-ширин фарзандлари кутаётган эди. Лекин мамлакатимиз истиқлоли, халқимиз тинчлигига нисбатан реал хавф туғилган пайтда, улар бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмасдан, жонажон Ватанимиз ҳимоя­си йўлида ўзларини қалқон қилишди. Бу фидойи ҳарбийлар шу тариқа бугунги Янги Ўзбекистон учун мус­таҳкам замин яратиб кетишди. Шу боис, биз уларнинг хотираси, руҳи поклари олдида ­доимо қарздормиз.

Мен шу ҳақда кўп ўйлайман. Нафақат ўйлайман, жойларда бўлганимда вилоят ва туман ҳокимлари, нуронийларимиз, маҳаллалар ва жамоатчилигимиз вакилларини қаҳрамон жангчиларнинг оилалари ҳақида доимо ғамхўрлик қилишга, уларнинг жасоратини кўпроқ тарғиб этишга чақириб келаман.

Мана, бугунги маросимда ҳурматли оқсоқолларимиз, нуронийлар, кўпни кўрган акаларимиз, ўз ҳаёти давомида доимо кўпчиликка намуна бўлиб келаётган олижаноб инсонлар қатнашмоқда. Улар тинч ва ёруғ кунларнинг қадрини, бугунги нурли, файзли ҳаёт ниманинг ҳисобидан келганини бошқалардан кўра яхши тушунишади.

Албатта, “Миллат фидойилари” хотира ёдгорлигини имкон қадар кўпроқ одам келиб кўришга интилади. Лекин биз бундай интилиш ва ҳаракатларни ташкилий нуқтаи назардан аниқ йўналишга солишимиз зарур.

Яна бир бор айтаман, бу масканда номлари қайд этилган баҳодирларимизнинг жасорати, номлари ва хотираси эл-юртимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди.

Сиз, азизлар бу мажмуага биринчи бўлиб ташриф буюрган инсонларсиз. Сизлардан илтимосим шуки, бу ҳақиқатни барчага етказишимиз керак. Бу ерни доимий обод қилиб, довюрак фарзандларимиз руҳларини шод этиш — бизнинг муқаддас вазифамиз.

Бугунги замонавий ахборот технологиялари ютуқлари асосида бу ерда катта ишларни амалга оширдик. Айниқса, ­сунъий интеллект ёрдамида марҳум жангчи ўғлонларимиз бамисоли тирик инсондек гапиради. Буни кўриб, уларнинг овозини эшитиб, фарзандлари, аёллари, набиралари эртага қўшниси, дўсти ёки танишига бориб, бизнинг отамиз, бобомиз ҳеч қачон ўлмаган, ҳамиша тирик деб айта олади.

Ушбу ёдгорликнинг беқиёс аҳамияти ҳақида гапирганда, мен бир фикрни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни бошлаган биринчи кунларданоқ халқимизни рози қилиш, “Инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалга оширишни ўзимиз учун бош мақсад этиб белгиладик.

Инсон қадрини эъзозлаган давлат ҳеч қачон кам бўлмайди. Мен мана шу боққа, мана шу ёдгорликни томоша қилишга келган киши Ватан мустақил­лиги учун курашган, жон фидо этган одам асло эл-­юртнинг назаридан четда қолмаслигини, келгуси авлодлар уларни эсидан чиқармаслигини чин юракдан ҳис этишини истар эдим. Ана шундагина халқ ҳаётида фидойилик ва қаҳрамонлик анъаналари бардавом бўлади. Ана шундагина инсон қадри ва ҳаёти нақадар буюк бойлик экани яққол аён бўлади.

Ҳаёт бор экан, бутун жамиятда, албатта, ҳар жабҳада кураш кетади. Ҳозирги кунда биз ҳам гўзал, файзли ва фаровон ҳаёт учун, тинчлик учун курашяпмиз. Бу кураш ҳар куни, ҳар дақиқада давом этмоқда.

Мазкур мажмуада номлари битилган ҳарбийларимиз мустақиллик йилларида Сариосиёда, Тошкент вилоятида, Андижонда содир этилган мудҳиш террорчилик ҳаракатларига қарши курашда қандай жасорат кўрсатганини кўпчилик яхши билади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўша суронли йилларда терроризм ва экстремизмга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ўғлонларимизнинг бугунги тадбиримизда иштирок этаётган ота-оналари, аёллари ва фарзандларига, қариндошларига халқимиз номидан, ўз номимдан яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман.

Такрор айтаман: Ватанимиз ва халқимиз сизларнинг фарзандларингиз, турмуш ўртоқларингиз, оталарингиз, жигарларингиз хотирасини ҳеч қачон унутмайди. Сизларнинг фарзандларингиз, турмуш ўртоқларингиз ҳақиқий қаҳрамон бўлган, сизларнинг оталарингиз ҳақиқий қаҳрамон бўлган.

Ҳозирги вақтда ана шу фидойи инсонларнинг фарзандлари жасур оталарининг ҳаётини давом эттирмоқда. Уларнинг ўқиб, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, келажакда эл-юртимиз учун оталари каби садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етишишлари учун зарур шароитларни яратиб беряпмиз. Мен улар бу ҳаётнинг қадрига бошқаларга нисбатан кўпроқ етиб, барчага намуна бўлишини истайман. Азиз болаларим, сизлар бунга, албатта, қодирсиз!

Ҳеч қачон унутманг, қўшниларингиз, маҳалладошларингиз “Булар — қаҳрамон оила фарзандлари” деб сизларга алоҳида ҳурмат ва эътибор билан қарашади.

Бу — инсон учун катта бахт ва шараф, айни пайтда улкан масъулият ҳам, десак, адашмаган бўламиз.

Сизлар шунга доимо муносиб бўласиз, деб ишонаман.

Ҳурматли шоир ва адибларимиз, журналистларимиз ана шундай оилалар ҳақида, уларнинг қаҳрамон оталари ҳақида янги асарлар, китоблар ёзадилар, деб умид қиламан. Мана шундай оилаларнинг аёллари, фарзандларини бошқаларга намуна қилиб кўрсатсак, бу ҳам албатта, миллий ўзлигимизни англашга, ғуруримиз ва маънавиятимизни кучайтиришга, халқимизни янада бирлаштиришга хизмат қилади.

Буям тарбия, буям тарих, буям ибрат бўлади. Айни пайтда бу ана шу оилалар тўғрисида яна бир маънавий ғамхўрлик ва эътибор, уларнинг фарзандларига яхшилик қилиш, умр йўлдошларига шукроналик, сабр тилаш билан баробардир.

Ўзингиз кўряпсиз, “тўқликка шўхлик” деганларидек, ҳозирги замонда бизга ярашмайдиган ишлар ҳам, афсуски, кўп бўляпти. Буни ҳам унутмаслигимиз шарт. Бугунги эркин ҳаёт бераётган имкониятларни ҳамма ҳам тўғри қабул қилмаяпти. Буям айни ҳақиқат.

Эркинлик ва озодликнинг, тинчликнинг қадрига етиш — бу осон эмас. Бу — ўта оғир ва машаққатли иш. Бунинг учун ҳам илм, тарбия, маданият ва ирода керак. Шу боис, мен “Биз ҳали изланишдамиз” деган фикрни кўп такрорлайман. Ўрганиш, изланиш ҳеч қачон тўхтамаслиги керак. Олдинга қараб интилган халқ ва миллатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади.

Яқинда Хоразмда бўлганимда бир гуруҳ ёшлар билан учрашдим. Урганчлик қизимиз Мафтуна Очилованинг ўта ҳая­жонли сўзлари ҳалиям қулоғимда жаранг­лаб турибди: “Муҳтарам Президент, мен отасиз ўсганман, онам уч нафар фарзандни бир ўзи тарбия қилдилар. Биз камбағал оила эдик, турмушимиз, шароитимиз жуда оғир эди. Мана, энди камбағалликдан қутулдик.

Сизнинг ташаббусингиз билан, муҳтарам Президент, китобхонлик бўйича ўтказилган танловда ёшлар орасида респуб­ликада биринчи ўринни эгалладим ва Сизнинг совғангиз — электромобилга эга бўлдим. Ўша пайтдаги қувончимни сўз билан ифода этиб беролмайман!” — деди қизимиз кўзида ёш билан.

Кўрдингизми, дунёда адолат ва ҳақиқат мезони барибир мавжуд. Оддий бир қизимиз шу гапларни йиғлаб-йиғлаб айтганида, менинг кўнглим ҳам беихтиёр бошқача бўлиб кетди. Буни мен ҳам сўз билан ифода этиб беролмайман. Қаранг, эзгулик қандай буюк, қандай қудратли куч!

Ҳаётда доимо мана шундай эзгу ишларга интилиб яшасак, бир-биримиздан меҳримиз, ёрдамимизни аямасак, кўзлаётган улуғ мақсадларимизга албатта етамиз.

Қаранг, шу хоразмлик қизимиз бутун қалби билан тиришиб, интилиб, тинимсиз меҳнат қилиб, майли, қийналиб бўлса ҳам, дастлабки катта ютуққа эришибди. Онаси минг бир машаққат билан оиласини қашшоқликдан олиб чиққан бўлса, бу қизим, онасидан ибрат олиб, бу оила маънавий жиҳатдан қандай кучли эканини бутун юртимизга кўрсатди. Буям жасорат ва матонат намунаси.

Энди бу оилани ҳеч ким камбағал оила деб айтолмайди. Мана шундай кучли ­қизлари бўлган оила ҳеч қачон камбағал бўлмайди. Бу — ҳаётнинг азалий ҳақиқати.

Ўзингиз тасаввур қилинг, китоб мутолааси бўйича миллионлаб Ўзбекистон ёшлари орасида биринчи ўринни эгаллаш учун битта эмас, юзлаб, балки, минглаб китоб ўқиш керак. Чунки бу танлов дастлаб маҳалла ва туманда, шаҳарда, вилоят даражасида бўлади, охири республика миқёсида якунига етади. Уни жуда билимли ва талабчан ўқитувчи ва мураббийлар, адабиётшунос олимлар, шоир ва адиблар назорат қилиб боради.

Шу маънода, Мафтуна Очилова китобхонлик бўйича мамлакатимизда биринчи ўринни олгани — катта натижа. Лекин бу фарзандимизда ўзига, ҳаётга, одамларга ишонч пайдо бўлгани, энг муҳими, адолат юзага чиққанини мен ундан ҳам катта ютуқ деб ҳисоблайман.

Қани энди, барча ёшларимиз салгина телефонни чеккага суриб қўйиб, китобга кўпроқ эътибор берса. Уларга насиҳат қилиб, китоб нақадар буюк мўъжиза экани, унда ҳаёт сирлари ва ҳикматлари яширинганини болалигидан онгига сингдириб борсак, фарзандларимиз китоб билан дўст бўлса, уларнинг фикри ҳам, дунёқараши ҳам бошқача бўлади. Уларни ҳеч қандай ёвуз куч ёмон йўлларга бошлай олмайди. Мана, тарбиянинг сири, калити қаерда!

Шунинг учун ҳар бир ишимиз замирида маънавият, маърифат, илм ва ҳикмат мужассам бўлиши керак. Шундагина азиз Ватанимизнинг эртанги кунига ишончли пойдевор қўйган бўламиз. Бу пойдевор ­мустаҳкам бўлиши учун ҳар куни тинимсиз изланишимиз, меҳнат қилишимиз шарт.

Мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида фидойиларча ҳалок бўлган қаҳрамонларимизни ўзи туғилиб ўсган маҳалласи, тумани билади, лекин бутун халқ билмайди-ку! Мана энди, Иккинчи жаҳон уруши даврида фашизмга қарши жанг қилган катта авлод вакиллари билан бирга, уларнинг номлари ҳам тарихимиз саҳифаларига абадий муҳрланди. Энди уларни бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз албатта билади. Ушбу бадиий обидада уларнинг номлари ва сиймолари акс эттирилгани — бу юксак эътироф ва эҳтиром. Бутун халқ, бутун миллатнинг эътирофи, эҳтиромидир.

Мустақиллик — бу Худойи таолонинг бизга чексиз марҳамати ва неъматидир. Ана шу буюк неъматни, буюк истиқлолимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз.

Шу йўлда эл-юртимизга муносиб хизмат қилишимиз лозим. Бу ҳақда қанча кўп гапирсак, халқимиз ҳозирги таҳликали замонда янада бирлашиб, янги-янги фидойи ва фаол қаҳрамонларни вояга етказади.

Энг муҳими, жаҳон майдонида мағрур бош кўтариб, шонли тарихимизга муносиб халқ бўлиб яшаймиз. Бугун айнан шу ғояларни фаол тарғиб этишимиз зарур.

Азиз дўстлар!

Бугунги тарихий воқеа — “Миллат фидойилари” ёдгорлигининг очилиши билан барчангизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Мустақиллик йилларида азиз жонини аямасдан, бизнинг тинчлигимиз ва осо­йишталигимизни асраш йўлида қаҳрамонлик кўрсатган мард ва жасур фарзандларимизнинг муборак хотираси олдида чин дилдан таъзим қиламан.

Такрор ва такрор айтишдан чарчамайман: биз бундай қаҳрамон ўғлонларимизни ҳеч қачон унутмаймиз. Улар доимо биз билан бирга яшайди.

Ватанимизга ҳар томонлама муносиб қаҳрамон ўғлонларимизга шон-шарафлар бўлсин!

Доимо соғ-омон бўлинглар, катта раҳмат сизларга!

Тошкент шаҳри, Ғалаба боғи

2025 йил 8 май

“Янги Ўзбекистон” газетаси 2025 йил 16 май, 99-сон

 «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти»

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech