Ўзбекистон – Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимнинг таклифига биноан 4-5 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.

Ўзбекистон ва Малайзияни тарихий дўстлик алоқалари мустаҳкам боғлаб туради.  Бу дўстлик эса ўзаро тенг манфаатлар, бир-бирига яқин маданий қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар асосига қурилгани билан аҳамиятли. Якдиллик кейинги йилларда яққол намоён бўлди. Хусусан, икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.

5 февраль куни Куала-Лумпур шаҳридаги "Пердана Путра" ҳукумат мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарини Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакат давлат мадҳиялари янгради.

Ўзбекистон Президенти фахрий қоровул сафи олдидан ўтди. 

Шундан сўнг "Пердана Путра" ҳукумат мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Малайзия Бош вазирига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, муваффақиятли амалга оширилаётган "Madani" давлат стратегиясининг юксак натижалари билан дилдан қутлади.

Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Малайзия Бош вазирининг ўтган йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган тарихий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга катта суръат бағишлагани таъкидланди.

Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқалар фаоллашди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошмоқда.

Ўтган йили Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди, Ишбилармонлар кенгаши тузилди, қатор йирик бизнес форумлари ташкил этилди.

Ташриф арафасида таҳлилий марказлар учрашуви, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари, етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ўтказилди.

Ҳамкорликни ривожлантириш ва олий даражадаги келишувлар ижросини самарали мувофиқлаштириш мақсадида Ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти платформасини ташкил этишга қарор қилинди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Товар айирбошлашни кўпайтириш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, ўзаро саноат кўргазмаларини ўтказиш, Саноат кооперацияси дастурини қабул қилишга келишиб олинди.

Малайзия ҳукумати Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватламоқда.

Етакчилар 2025-2026 йилларни Ўзбекистон – Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври деб эълон қилишга келишиб олдилар.

Иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделининг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Булар – нефть-кимё ва кимё, электроника ва яримўтказгичлар саноати, инновацион саноат, "ақлли" қишлоқ хўжалиги, "яшил" энергетика, зиёрат туризми ва бошқалар.

Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент вилоятида Малайзиянинг етакчи компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилмоқда.

Давлат раҳбарлари фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар. Жорий йилда Ўзбекистон ва Малайзияда маданият ҳафталиклари ўтказилади.

Етакчилар минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Терроризм, радикализм ва исломофобияга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Музокаралар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни тайёрлашга қарор қилинди.

Якунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.

Шунингдек, қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:

– Маҳсулотларнинг "ҳалол" стандартларига мувофиқлигини баҳолаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Божхона ишида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида битим;

– Олий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Суд-экспертлик фаолияти соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Академик-дипломатик ҳамкорлик тўғрисида битим;

– "Ақлли" шаҳарларни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома;

– 2025-2026 йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги шерикликни чуқурлаштириш бўйича қўшма режа.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Малайзия Ислом санъати музейига ташриф буюрди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу мажмуа мамлакатнинг энг йирик музейларидан бири ҳисобланади. У 1998 йилда ташкил этилган.

Музей анъанавий ислом меъморчилиги услубида барпо этилган бўлиб, унинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёдни ташкил этади. 

Бино гумбазининг ички қисмини безаш ва реставрация ишларида ўзбекистонлик усталар иштирок этган.

Бу ерда 10 мингдан ортиқ ислом санъати намуналари сақланмоқда. Доимий экспозицияда Қуръон қўлёзмаларининг ноёб тўплами, сопол ва қимматбаҳо буюмлар, қурол-яроғ намуналари ва иншоотлар макетлари, тақинчоқлар, тангалар ва бошқа ашёлар намойиш этилмоқда.

Музей фондида замонавий Ўзбекистон ҳудудида турли тарихий даврларда яратилган 200 га яқин ноёб экспонатлар алоҳида ўрин эгаллайди. Улар орасида ўрта асрларга оид қўлёзмалар, заргарлик буюмлари, машҳур абр матолари ва кийим намуналари, Шарқ Ренессансига оид кулолчилик буюмлари мавжуд.

Давлатимиз раҳбари экспонатларни кўздан кечириш чоғида биргаликда тадқиқотлар ўтказиш ва кўргазмалар ташкил этиш, илмий ва маданий алмашинувни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Куала-Лумпур шаҳрида қўшма бизнес форумида иштирок этдилар.

Тадбирда икки мамлакат етакчи компаниялари, инвестиция ва банк-молия институтларининг 200 дан зиёд раҳбарлари, жумладан, Малайзиянинг “Petronas”, “MMC Corporation”, “DRB-Hicom”, “Gemilang Coachwork”, “Proton”, “Gentari”, “Five Petroleum”, “YTL Corporation”, “Sunview Group”, “KPJ Healthcare”, “MK Tron”, “Mimos”, “Sparco Engineering”, “Tradewinds Group”, “Kapital DX”, “Gamuda”, “Westports”, “Khazanah”, “EXIM Bank of Malaysia” ва бошқа кўплаб компаниялари вакиллари қатнашди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида олий даражадаги самарали музокараларда Ўзбекистон – Малайзия шериклигини инновацион ривожлантиришнинг икки йиллик даврини бошлаш бўйича келишувга эришилгани, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинганини таъкидлади.

Ўтган йили Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши ташкил этилгани, икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида қатор йирик тадбирлар ўтказилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатларимиз географик жиҳатдан бир-биридан олис бўлишига қарамай, транспорт ва логистика имкониятлари кенгайиб бормоқда. Пойтахтлар ўртасида деярли ҳар куни тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилмоқда.

Бўлиб ўтган музокараларда мавжуд захиралар чуқур таҳлил қилиниб, кўп қиррали шерикликнинг янги "ўсиш нуқталари" белгилаб олинди.

Товар айирбошлаш ҳажмини каррасига ошириш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, ўзаро кўргазма ва ярмаркалар ўтказиш бўйича келишувларга эришилди. Қўшма лойиҳаларнинг салмоқли портфели шакллантирилди, Саноат кооперацияси дастури ишлаб чиқилди.

– Мақсадимиз – муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, – деди Президент.

Малайзия Ўзбекистоннинг муҳим инновацион ва технологик ҳамкоридир. Шу маънода, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон – Малайзия ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг қатор устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Бу, энг аввало, электроника ва яримўтказгичлар саноатида узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтиришдир. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар, маълумот марказлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Газ-кимё ва кимё саноати муҳим йўналиш ҳисобланади. Полимерлар, "яшил" водород ва аммиак ишлаб чиқариш бўйича стратегик лойиҳаларни тайёрлаш устида иш олиб борилмоқда.

Қурилиш соҳасининг жадал ривожланиши инновацион ва экологик тоза қурилиш материалларига талабни оширмоқда. Ўзбекистон Президенти Малайзия компанияларини мамлакатимиз ҳудудларида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва кенг кўламли бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга чақирди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари қайд этилди. Замонавий клиникалар қуриш, Малайзиянинг илғор тажрибаси асосида инновацион фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш шулар жумласидан.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта имкониятлар борлиги кўрсатиб ўтилди. Шу нуқтаи назардан, "ақлли" қишлоқ хўжалиги технологияларини жорий этиш, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва "ҳалол" стандартларини қўллаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдорлик билдирилди.

Давлатимиз раҳбари Малайзиянинг етакчи компания ва банкларини Ўзбекистоннинг телекоммуникация, энергетика, банк-молия ва бошқа соҳалардаги давлат активларини хусусийлаштиришда фаол иштирок этишга таклиф этди.

Бундан ташқари, геология, таълим, транспорт, зиёрат туризми каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси малайзиялик ишбилармонларнинг қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиши катта эканини, улар технологиялар ва билимлар билан ўртоқлашишга тайёрлигини мамнуният билан қайд этди.

Шу муносабат билан Тошкент вилоятида Малайзия компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилиши маълум қилинди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари навбатдаги қўшма бизнес форумини шу йил кузда Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди.

Куала-Лумпур шаҳридаги ишбилармонлик дастурининг давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим «Petronas” корпорациясининг бош қароргоҳи – "Twin Towers" биносига ташриф буюриб, компания президенти Муҳаммад Тавфиқ билан учрашув ўтказди.

Нефть-газ, нефть-кимё ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларида етакчилардан бири бўлган ушбу глобал компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари хомашёни чуқур қайта ишлаш ва "яшил" энергетика лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги истиқболли режаларни қўллаб-қувватлади.

Геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли углеводород конларини ўзлаштириш, карбонат ангидрид газини ушлаб қолиш ва сақлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш, “Petronas” университети негизида юқори малакали кадрлар тайёрлаш устувор вазифалар сифатида қайд этилди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга расмий ташрифи якунланди.

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech