Нелли Касумба: Тинчлик барқарор Ўзбекистон ҳар томонлама муносиб манзил сифатида танланди

Бу, мамлакатингизда давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, демократик жараёнларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланаётганини ҳам кўрсатади.

Жорий йил 5-9 апрель кунлари Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган Парламентлараро иттифоқнинг 150-Ассамблеяси муносабати билан пойтахтимизга ташкилотга аъзо давлатлар парламентлари вакиллари ва нуфузли меҳмонлар ташриф буюришни бошлади.

Мамлакатимизга Парламентлараро иттифоқ ижроия қўмитаси аъзоси, Замбия Миллий Ассамблеяси спикери Нелли Касумба ташриф буюрди.

– Бу менинг Ўзбекистонга илк ташрифим, – деди Н.Касумба. – Бу ерда бўлиш мен учун шараф. Парламентлараро иттифоқнинг мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиши эса жуда муҳим.

Биз йилига икки маротаба бу каби учрашувларни ташкил этамиз. Ушбу ассамблеянинг асосий мавзуси – тараққиёт ва ижтимоий адолатни ривожлантиришдир. Чунки парламентларнинг вазифаси – фақат қонунларни қабул қилиш ва назоратни амалга ошириш эмас, балки парламент дипломатияси орқали глобал жараёнларга таъсир ўтказиш ҳамдир.

Парламент аъзолари халқ номидан сўз юритади. Шу боис, уларнинг овози кучли. Улар эса, бу масъулиятни чуқур ҳис этишлари керак. Бу галги анжуман ҳам дунё миқёсида ўз таъсирига эга бўлган муҳим муҳокамаларга бой бўлади.

Умуман олганда, бу ерда бўлишдан хурсандман. Ўзбекистон – жуда гўзал юрт экан. Самолётдан қараганда ҳам унинг бетакрор гўзаллигини кўрдим.

Айтиб ўтиш керакки, бундай кенг кўламли тадбирни ўтказишдан олдин Парламентлараро Иттифоқ вакиллари келиб, барча шароитларни ўрганади. Энг муҳими, анжуман ўтадиган мамлакатда эркин ва демократик муҳит учун хавфсиз шароитлар яратилган бўлиши лозим.

Шу нуқтаи назардан, тинчлик барқарор Ўзбекистон ҳар томонлама муносиб манзил (локация) сифатида танланди. Бу, мамлакатингизда давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, демократик жараёнларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланаётганини ҳам кўрсатади.

Мен ижроия қўмитаси аъзоси сифатида учрашувлар самарали ўтишига ишонаман. Биз парламент аъзолари сифатида глобал масалалар юзасидан ўз позициямизни билдирамиз ва уларни тинч йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшамиз.

Сир эмаски, дунё бўйлаб кўплаб зиддиятлар мавжуд. Шундай бўлсада, биз аъзо давлатларнинг етакчиларини мулоқот қилишга ундаймиз. Чунки, фақат мулоқот орқали ҳар икки томон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда келишувга эришиш мумкин.

Шу ўринда, Ўзбекистон Президентининг турли халқаро минбарлардаги чиқишларида ҳар доим мамлакатларни тинчликка, бирдамликка чақиришини айтиб ўтишим керак.

Биз буни Марказий Осиёда давлатингиз раҳбарининг қўшни давлатлар билан дўстона сиёсат олиб бораётганидан ва алоқаларни мустаҳкамлаётганидан ҳам кўришимиз мумкин.

Можаролар ва урушлар оқибатида энг кўп азият чекканлар – болалар ва аёллар. Шу боис, биз тинчлик йўлида биргаликда фаол ҳаракат қилишимиз зарур.

Бу галги асосий муҳокамалар ҳам айнан шунга қаратилади. Ишончим комилки, фақат ҳамкорлик ва тинч мулоқотлар қилиш орқали биз кўпроқ натижаларга эриша оламиз. Чунки, уруш бор жойда тараққиёт бўлиши мумкин эмас. Тинчлик бор жойда эса ривожланиш амалга ошади. Буни Ўзбекистон мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Норгул Абдураимова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech