Ногиронлар ҳуқуқлари: янги миллий ва халқаро ҳужжатлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари ногиронлиги мавжуд шахсларнинг олий судловда қатнашишини таъминлаш бўйича биринчи қоидалар тўпламини ишлаб чиқди ва нашр қилди. Ушбу тўплам «Имкониятлари чекланган шахсларнинг олий судловда эркин иштирок этишини таъминлаш принциплари ва раҳбарий низоми» деб номаланган бўлиб, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси, соҳавий қўмитаси ва Ташкилот Бош котибининг Махсус элчиси томонидан ишлаб чиқилган, дейилади БМТ Ахборот хизматининг хабарида.

«Ҳозирда ижтимоий ва жисмоний тўсиқлар уларнинг олий судловда иштирок этишига кўпинча тўсқинлик қилади. Суд бинолари ёки полиция маҳкамаларида ногиронлар учун шароитлар етарли даражада эмас. Айрим давлатларда суддаги мансабдор шахслар ёки полициячилар ногиронлиги бўлган кишиларнинг суд муҳокамаларида қатнашиши ёки адвокат билан маслаҳатлашув қилишига шубҳа билан қарайди. Биз ушбу мамлакатларга муаммоларни бартараф қилиш ва инсон ҳуқуқларининг поймол бўлишига йўл қўймаслик борасида кўмак бермоқчимиз», дейди БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Каталина Девандас Агилар.

Ҳужжатда ногиронлиги бўлган шахсларнинг олий судловдаги иштирокини таъминлаш бўйича 10 та асосий жиҳат келтирилган:

  1. Олий судловда иштирок этишда ҳеч кимга ногиронлиги бўлгани учун рад жавобини бериш мумкин эмас.
  2. Бино ва хизматлар борасида ҳам ҳаммага бирдек шароит яратилиши лозим ва инсоннинг нуқсонлари камситилишига йўл қўйилмаслиги зарур.
  3. Ногиронлар, жумладан, имконияти чекланган болалар тегишли процессуал мослашувни амалга ошириши шарт.
  4. Имконияти чекланган кишилар бошқалар билан бир қаторда юридик билдиришномалар ва эркин ахборот олиш ҳуқуқига эга.
  5. Ногиронлар халқаро ҳуқуқда тан олинган барча асосий ва процессуал кафолатларни олиши, бошқалар билан тенг ҳуқуқли бўлиши, давлат уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан шароитлар яратилишини таъминлаши зарур.
  6. Ногиронлар бепул ва барча учун эркин юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.
  7. Имконияти чекланган шахслар бошқалар билан бир қаторда олий судловда иштирок этиш ҳуқуқига эга.
  8. Ногиронлиги бўлган шахслар инсон ҳуқуқларининг топталиши ёки жиноятлар юзасидан шикоят қилиши, суд суриштируви ўтказилишини талаб қилиши мумкин, уларнинг шикояти ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситалари билан тергов қилиниши лозим.
  9. Имконияти чекланган шахсларнинг одил судловда иштирок этиши самарали ва ишончли механизмлар орқали қўллаб-қувватланишига муҳим ўрин берилади.
  10. Одил судлов тизимида ишлайдиганлар имконияти чекланган кишиларнинг ўзларига тааллуқли ҳуқуқлар ҳақида хабардорлигини таъминлаши ва ўқув дастурларини уларга етказиб бериши зарур.

Ҳужжат ногиронлар ҳуқуқлари бўйича экспертлар, имконияти чекланган кишилар ва юристларнинг ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ушбу қоидалар Ногиронлар халқаро альянси ва Халқаро юристлар комиссияси томонидан тасдиқланган.

«Биз кўплаб мамлакатлар энди имконияти чекланган одамлар ва уларнинг вакиллари гуруҳи бўйича ўз қонунчилигига ва юридик жараёнларга ўзгартиришлар киритиши, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда адлия органларида бу борада таълимни йўлга қўйишига ишонамиз», дейилади Халқаро юристлар комиссиясининг экспертлари хулосасида.

2019 йил июль ойида БМТнинг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга келганди. У ўз маърузасида қайта таъмирланган суд биноларидаги шароитлар ногиронлар учун етарли даражада эмаслигини қайд этган. Гарсия-Саяннинг сўзларига кўра, у суҳбатлашган одамлар судларда, айниқса, шаҳарлардан узоқда жойлашган биноларда ногиронлар учун шароитлар йўқлигини билдирган.

БМТ вакили суд тизимида ногиронлар учун сурдотаржимонлар етарли эмаслиги, хусусан, суд қарорлари сенсор, интеллектуал ёки психосоциал етишмовчилиги бўлган инсонларга етказилиши учун ҳужжатлар ишлаб чиқилмагани ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирган, деб хабар бермоқда daryo.uz сайти.

Маълумот учун: Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳукумат томонидан тегишли вазирлик ва идоралар иштирокида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа 2020 йил 22 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлар тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш борасида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди.

Қонуннинг асосий хусусиятларидан бири ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан бирга, ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглигини таъминлашдир. Шу асосда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қиммати, уларнинг шахсий мустақиллиги, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш каби муҳим принциплар алоҳида моддаларда очиб берилган.

Ногиронлиги бўлган шахс – барқарор жисмоний, ақлий, сенсор, яъни сезги ёки руҳий нуқсонлари мавжудлиги оқибатида ҳаёт фаолияти чекланганлиги муносабати билан ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож бўлган шахсдир.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш – ҳаёт фаолиятига доир чекловларни енгиб ўтиш, бу чекловларнинг ўрнини қоплаш, яъни компенсация қилиш учун ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитларни таъминлайдиган ҳамда уларга жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тенг равишда иштирок этиш имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизимидир.

 Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Бугунги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган 800 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги таъминланяптими?

Афусуски, айрим ижтимоий инфратузилма объектларида ҳаттоки ногиронлик аравачасида ҳаракатланаётган шахс учун оддийгина пандуслар ҳам қилинмаган. Амалдаги қонунчиликка кўра, бундай ташкилот ва тадбиркорлик субъектларига маъмурий жавобгарлик белгиланган. Лекин, бу билан иш битмайди. Бу ўринда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан муносабатни ўзгартириш масаласи биринчи ўринга чиқади.

Шундай йўл тутилмас экан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бинолардан, иншоотлардан, транспортдан, ахборотдан ва алоқа воситаларидан, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларидан, шунингдек бошқа объектлардан ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан бошқа фуқаролар билан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш масаласига лоқайд қарашлар давом этаверади.

Оқибатда эса бундай инсонлар ногирон бўлгани сабабли эмас, аксинча, мавжуд тўсиқлар туфайли жамият ва давлатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этолмайдилар. Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланган бир пайтда бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат томонидан кафолатланган барча имтиёзлардан фойдаланиш имкониятини қонуний мустаҳкамлаш билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech