Жорий йилнинг 18 июль куни “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2024 йил 1 октябрдан:
— реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилади;
— ҳар йили “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.
2025 йил 1 январдан белгиланган фаолият турлари бўйича лицензия беришда объектда шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқларсиз муҳит яратилганлиги бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг хулосасини олиш талаб қилинади.
Қарорга кўра, жойлардаги ҳокимликлар:
— ҳар йили 1 ноябргача кейинги йил учун ўзининг ҳудудидаги камида биттадан кўчани ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда унинг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширади;
— 2024 йил 1 декабргача ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун шаҳарсозлик норма ва қоидалари талаблари асосида белгиланган рўйхатга мувофиқ кўчаларни мослаштиради.
2026 йил 1 январгача ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаракатланиши учун республиканинг барча ҳудудларини қамраб олувчи тўсиқларсиз муҳит яратилган объектларни аниқлаш имконини берувчи “Интерактив харита” ахборот тизими ишга туширилади.
2024 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри ва халқаро автобусда йўловчи ташиш йўналишларини, 2025 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) автобусда йўловчи ташиш йўналишларини жойлаштириш учун тендерларда ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз муҳитни таъминловчи ускуналар билан жиҳозланган автобусларга эга бўлган ташаббускорлар иштирок этади.
Ушбу талаб кучга киргунигача тендерда ғолиб бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлараро, шаҳар атрофи, туманлараро (шаҳарлараро) автобусда йўловчи ташиш йўналишларида хизмат кўрсатаётган тадбиркорларнинг:
— автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 бараваригача бўлган қисми 2024 йил 1 ноябрдан қоплаб берилади.
ЎзА
- Қўшилди: 19.07.2024
- Кўришлар: 1404
- Чоп этиш