Ҳар бир инсон рисоладагидек ҳаёт кечириши, баркамол фарзандлар тарбиялаши, жамиятда ўзига муносиб касб билан шуғулланиши учун энг аввало ўз уйига – ота-боболаримиз таъбири билан айтганда, Ватан ичра ватанига эга бўлиши керак. Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги қарори билан қонунга зид равишда уй-жойи тортиб олинган, тўрт йил давомида оила аъзолари билан сарсон-саргардонликда ижарама-ижара юрган фуқаро Гулноза Ҳайдарова бу ҳақиқатни, айниқса, теран англайди.
У уй-жойининг қайтариб берилишини, бузилган ҳуқуқи қайта тикланишини сўраб, кўплаб ташкилотларнинг эшигини қоқди. Натижа бўлавермагач, 2021 йил 19 февраль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига умид билан мурожаат қилди.
Марказнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими томонидан фуқаро Г.Ҳайдарованинг мурожаати ўрганилганда, Қарши шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 майдаги Х-379-5-сонли қарорига биноан Қарши шаҳар, Пахтазор митти тумани, 33-уй, 72-хонадон фуқаро Г. Ҳайдарова номига хусусийлаштирилгани ва бу тўғрисида 2011 йил 28 июль куни 7052-сонли ордер берилгани аниқланди.
Орадан бир неча йил ўтиб, ушбу хонадоннинг хусусийлаштирилиши ҳолати юзасидан Қарши шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан терговолди текшириш ҳаракатлари ўтказилади. Фуқаро Г.Ҳайдарованинг турмуш ўртоғи Ш.Турсунов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 1- ва 3-қисмлари билан айбланади. Жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан ҳолат юзасидан 2017 йил 20 май куни жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор чиқарилади.
Ана шу асосга кўра Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги 88/19-5 сонли қарори билан шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 майдаги Х-379/5-сонли қарори бекор қилинади.
Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судида фуқаро Г.Ҳайдаровани уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилинади.
Шу тариқа оила яшаб турган бошпанасидан мосуво этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳуқуқшунослари мурожаатни ўрганиб, ушбу ҳолатда фуқаро Г.Ҳайдарова қонунга зид равишда уй-жойидан – хусусий мулкидан маҳрум этилган, деган хулосага келдилар.
Сабаби, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш ваколати берилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасига асосан давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.
Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқилиши тақиқланади.
2021 йил 24 февралда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фуқаро Г.Ҳайдарованинг мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодекси ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аппарати ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқиш учун юборди.
Жорий йилнинг 12 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Марказ хатига асосан фуқаро Г.Ҳайдарованинг мурожаати ҳам кўриб чиқилиб, унда фуқаро Г.Ҳайдарова 2011 йилда уй-жойни хусусийлаштиргани ва бу ҳақда Қарши шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилингани, бироқ 6 йилдан сўнг 2017 йилда Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши шаҳар ҳокимининг ушбу қарорини бекор қилгани, ваҳоланки амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳамда бекор қилиш ваколатига эга эмаслиги қайд этилди.
Сенат қарори билан Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги “Қарши шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 майдаги Х-379/5 –сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида”ги 88/19-5-сонли қарори қонунчиликка зид деб топилди ва бекор қилинди.
Г.Ҳайдарова тўрт йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг ниҳоят ўз уйини қайтариб олди, унинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди. Мамлакатимизда адолат устуворлиги, инсон ҳуқуқлари қонун ҳимоясида эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Фарида ҲАҚБЕРДИЕВА,
Марказнинг Жисмоний ва юридик
шахсларнинг мурожаатлари билан
ишлаш бўлими бош мутахассиси;
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали масъул котиби
- Қўшилди: 10.05.2021
- Кўришлар: 4004
- Чоп этиш