Шамол коридорларининг қурилишлар билан тўсилиши, Қозоғистондан кириб келаётган чанг массалари, иситиш тизимларида кўмирдан фойдаланиш кабилар 2023 йилда пойтахтликларни 65 кун носоғлом ва заҳарли ҳаводан нафас олишга мажбур қилган. Бу ҳақда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти амалий иқлимшунослик лабораторияси мудири география фанлари бўйича фалсафа доктори Эркин Абдулахатов ўз ўрганишларини тақдим қилди.
Тошкент ҳавоси ифлосланалаётган омиллар ва уни қандай қилиб яхшилаш бўйича иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов VatandoshTV клуби тадбирида тақдимот қилди. Мақоладаги маълумотлар Абдулаҳатов тақдимотидан йиғилди. Материал илмий тадқиқот институти нуқтаи назарини англатмайди.
Шамол коридорлари тўсиб қўйилган
Дарё мавжуд бўлган дараларда шамол йўли коридори ҳосил бўлади. Бу ўз-ўзидан шамолни чақирувчи сув обьектлари ҳисобланади. Тошкент шаҳрида шамолнинг асосий йўналишлари шимолий шарқдан, жануби ғарбга томон бўлган. Бу йўналишдаги шамол дарё ирригация тизимининг тартибли жойлашуви туфайли пойтахтда йиғилган ифлос моддаларни ташқарига олиб кетган.

Сўнгги йилларда канал ва дарё бўйларида, яъни муҳофаза-минтақа зоналарида қурилиш объектларининг ҳаддан ташқари ошиб кетиши, шу билан бирга, атмосфера ҳаво айланиши жараёнлари шамол тезлиги ва шамол йўналишини ўзгартирган. Натижада шаҳарда йиғилган заҳар ташқарига чиқиб кетолмаяпти.
Шамол йўналиши ва тезлиги ҳам ўзгарган
1950-80 йилларда шамол асосан Қибрай, Келес томон ёки Қозоғистондан кириб келган. Ва унинг тезлиги ҳам секундига 2-3 метр бўлган. Бу шаҳарнинг 2 метр баландлигида йиғилган заҳарли ҳаво ташқарига чиқиб кетиш имконини берган.
2020 йилда эса шамол гули ўз йўналишини шарққа, яъни Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон саноатлашган шаҳарлар томонга ўзгартирган. Шамолнинг ғарб, яъни Қозоғистондан эсиши ҳам кучайган. Қўшни ҳудуддаги Чордара сув омбори атрофидаги суғориладиган ер майдонлари ўзлаштиргани ҳисобига ердан чанг массалари кўтарилиб, Тошкентга кириб келяпти.

Ўтган асрда ўртача йиллик шамол тезлиги 1,7 метр секунд бўлса, ҳозир 1,4 метр секундга тушиб қолган. Ярим метр секунд шамол тезлигининг пасайиши пойтахтга турли томонлардан ифлослантирувчи моддаларнинг кириб келиши ва шамолсиз кунларнинг кўпайишига замин яратди.
Охирги 15 ва 5 йиллик шамол гулларининг солиштирилишига қаралса, шамол гули умуман ўзгариб кетганини кўриш мумкин. Айнан аниқ томонлардан эсиш тамойили йўқ. Охирги 15 йилликдан ғарб ва шарқдаги саноатлашган шаҳарлар, Қозоғистондан чанг массалари кириб келган бўлса, сўнгги 5 йилликда жануби ғарб, яъни Сергелидан ҳам чанглар кириб келиши бошланган. Тезлик ҳам юқори – 4 метр секундни ташкил қилади.
Йиллар давомида заҳарли моддалар ошиши
2017 йилдан 2022 йилгача Ўзгидрометнинг 13 стационар постида чанг, олтингугурт, углерод оксиди, азот оксиди ва фенол ўлчанган. Статистикага қаралса, унда нафақат чанг, балки бошқа заҳарли заррачалар ҳам ошиб борган. Энг юқори ифлосланишлар Мирзо Улуғбек, Миробод, Сергели ва Яшнобод туманларига тўғри келади.
Шуни эслатиб ўтиш керакки, агентлик стационар постлари 2022 йилгача PM2,5 ВА 10 заррачаларини қайд этмаган.
Шаҳарда йилнинг барча мавсумларида ифлосланиш юқори бўлмайди. Куз-қиш ойларида ифлосланган кунлар кўпроқ бўлади. Энг кучли ифлосланиш кўп кунлар январда 19 кун, декабрда 5 кун, октябр ва ноябрда 1 кун экани кўринган. Носоғлом кунлар эса 39 кунни ташкил қилиб, ноябр ва декабр ойларида кўпроқ такрорланган.

Тадқиқотда PM2,5 нинг 2023 ва 2024 йиллик харитаси ҳам ишлаб чиқилган. Кўринадики, 2023 йилда Юнусобод туманида, 2024 йилда эса Олмазор туманида энг юқори ифлосланиш кузатилган.
Ифлосланиш манбалари
Ифлосланишнинг 36 фоизи Қозоғистон ва бошқа ҳудудлардан кириб келадиган табиий, 6 фоизи қурилиш ва саноат корхоналаридан чиқаётган чанг, 16 фоизи автомобил секторига тўғри келган.
Шунингдек, ифлосланишнинг яна бир йирик манбаси – 28 фоизи қишда иссиқлик марказлари ва иссиқлик станцияларига тўғри келган. 13 фоизи эса оғир саноат ва енгил саноатдан чиқадиган чанглар саналади.
Шаҳарда қурилишлар охирги 7 йилда 2 баробарга ошган. Яшиллик 2016 йилдан 2020 йилгача 13 фоизгача камайиб кетган. Ва бу сирт юза, қурилишдан 6 фоиз чанг кўтарилишига сабаб бўлган.
Пойтахтда транспорт воситалари сонининг ортиши ҳам атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдорини оширган. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 2024 йил январ ойида берган баёнотига кўра, 2023 йилда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта автотранспорт воситаси ҳаракатланган бўлса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача автотранспорт воситаси кириб келган. 2021 йилда транспорт воситаларидан атмосферага 212,4 минг тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 403 минг тоннага етган, яъни 47,3 фоизга ошган. Ўзбек тадқиқотчилари автотранспортнинг асфалт сирт юзаси билан ишқаланиши натижасида ҳам ҳавога оғир майда дисперс заррачалари чиқиши мумкинлигини исботлашган. Автомобил ёнилғиси ёнишидан ажралиб чиққан газ кўринишидаги ташламалар ҳатто алцгеймер касаллигини келтириб чиқариши хитойлик олимлар томонидан тасдиқланган.
Иссиқхоналар 16 фоизни ташкил қилган.
Туманлар учун алоҳида ечимлар
Тақдимотда шаҳар туманлари ҳолатидан, ҳар бир туман учун ҳудуд хусусиятидан келиб чиқиб ечимлар ташкил қилинди.
Марказий ҳудудлар (Юнусобод, Миробод, Шайхонтоҳур) учун:
Ҳар бир марказий туманда яшил ҳудудларни кенгайтириш: турғунлар сонига нисбатан камида 20 фоиз кўкаламзорлашган ҳудуд бўлишини таъминлаш.
•Пиёда ва велосипед йўлакларини кенгайтириш. Масалан, Юнусобод йўналишидаги йўлларнинг 15 фоизини пиёдалар зонасига ажратиш.
•Автомобил ҳаракатини чеклаш орқали электромобил инфратузилмасини жорий қилиш.
Сергели ва Олмазор туманлари учун:
•"Ёшил белбоғлар" яратиш: Сергелида саноат зоналари атрофида 500 гектар майдонда қўшимча дарахт экиш.
•Ёғин сувларини йиғиш учун махсус сунъий сув ҳавзаларини қуриш, улардан дарахтларни суғориш учун фойдаланиш.
• Жамоат транспорти тармоғини кенгайтириш, Сергелига электробуслар ва янги трамвай йўналишларини жорий қилиш.
•Фонтанлар ва шаҳар кўчаларида водовоз билан суп сепиш ёки сув пуркаш ишларини амалга ошириш.
Бектемир ва Яшнобод туманлари учун:
•Бектемирдаги сув ҳавзаларини реконструкция қилиш ва табиий сув оқимини қайта тиклаш.
•Яшнободда экотуризм марказларини ривожлантириш учун сув ва яшил зоналар атрофида "экологик боғлар" ташкил қилиш.
•Сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ва сувни тозалаш инфратузилмасини янгилаш.
Чилонзор ва Учтепа туманлари учун:
Ҳар бир маҳалла учун чиқиндиларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш.
•Яшил ҳудудларни тиклаш учун кенг кўламли дарахт экиш акцияларини ўтказиш.
•Турғун зоналар атрофида ҳаво ифлосланишини назорат қилиш ва тоза энергияга ўтишни тезлаштириш.
•Фонтанлар ва шаҳар кўчаларида водовоз билан суп сепиш ёки сув пуркаш ишларини амалга ошириш.
Бундан ташқари, умуман ҳамма жойда қўллаш керак бўлган механизмлар ҳам таклиф қилинди. Булар:
—"Яшил макон" лойиҳасини кучайтириш: Ҳар бир туманда 1000 гектар майдонда яшил ҳудудлар яратиш (2045 йилгача режадаги вазифаларга мувофиқ);
хиёбонларда райҳон, ялпиз, лаванда, розамарин экиш ишларини кенгайтириш керак.
кенг баргли дарахтлардан ёнғоқ, ўрик, гингко баобла, игнабаргли дарахтлардан лиственниса ва метосеквоя манджурская экиш, кўчаларга эса павлония яхши ечим.
—Жамоатчилик ва хусусий секторни жалб қилиш: кўкаламзорлаштириш ва қайта ишлаш лойиҳаларида хусусий инвесторларнинг иштирокини таъминлаш;
—Технологик инновациялар: IoT ва GIS технологиялари асосида ҳаво, сув ва чиқинди мониторинги тизимларини жорий этиш.
— Барча сув объектларида хлорелла сув ўтларини кўпайтириш.
Kun.uz
- Қўшилди: 11.02.2025
- Кўришлар: 283
- Чоп этиш