ОАВ – жамоатчилик назорати субъекти

(Тўртинчи мақола)

 

Кейинги даврда оммавий ахборот воситалари соҳаси қонунчилиги тубдан такомиллаштирилмоқда. Бир томондан, амалдаги қонунларга жиддий ўзгартиришлар киритилаётган бўлса, иккинчи томондан, соҳага доир янги ва илғор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Бунда Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан тасдиқланган «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси» улкан аҳамият касб этмоқда. Чунки ушбу дастурий ҳужжат бошқа соҳалар қатори жамиятда сўз, фикр, ахборот эркинлигини янада таъминлаш йўналишини ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичини бошлаб берди.

Оммавий ахборот воситалари аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ҳокимият идораларига етказишнинг муҳим ва таъсирчан воситасига, халқнинг энг яқин кўмакчиси ва ҳамдардига, демократия кўзгусига айланиши зарур, деб уқтирди Президентимиз.

Ҳокимият ва бошқарув органлари фаолиятига танқидий ва холис баҳо бериш, турли соҳалардаги камчиликлар, долзарб муаммоларни дадил кўтариб чиқиш улар фаолиятида асосий мезон бўлиши керак.

Шу маънода, хусусан, 2018 йил 12 апрелда Ҳаракатлар стратегиясининг «Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш» деб номланган биринчи устувор йўналишида кўзда тутилган «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Қонунда жамоатчилик назоратининг субъектлари, объекти, унинг асосий тамойиллари белгиланган. Жумладан, жамоатчилик назорати субъектларига фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари киритилган.

Жамоатчилик назоратининг объекти эса давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот ва назорат идоралари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидир.

Шу тариқа юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилди.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech