Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тадбиркорлик субъекти ва фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солишга қаратилган нормалар амалиётга жорий этилгани ҳам таҳсинга лойиқдир.
Бунда 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун алоҳида аҳамиятга эга.
Мазкур Қонунга мувофиқ, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси: «Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади», деган нормалар билан тўлдирилди.
Бу, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талаблари асосида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини кафолатлашга ниҳоятда катта эътибор қаратилаётганининг яққол тасдиғидир.
Қонунга «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш» номли 5(1)-модда ҳам киритилди. Ушбу янги моддани амалиётга жорий этишдан мақсад оммавий ахборот воситалари фаолиятини тадбиркорлик субъекти ва фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тартибга солишдан иборат.
Бундай нормалар Австрия, Корея Республикаси, Россия Федерацияси, Озарбайжон, Молдова, Грузия каби бир қатор хорижий мамлакатлар қонунчилигида ва Европа Итифоқи тавсияларида мавжуд.
Ушбу тавсияларда оммавий ахборот воситаларини солиқ ва божхона имтиёзлари, давлат томонидан имтиёзли кредитлар бериш, тарифларни тушириш бўйича электрон оммавий ахборот воситаларига техник хизмат кўрсатиш, газеталар нашриётининг қарзларини камайтириш, шунингдек, таҳририятларга давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан тўғридан-тўғри субсидиялар тақдим этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Австрия, Буюк Британия, Италия, Франция, Германия, Россия, Украина, Корея Республикаси қонунчилигида оммавий ахборот воситаларига солиқ ва божхона имтиёзлари қўллаш орқали ҳам ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш белгиланган.
«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасига ўзгартиш киритилди ва оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати ўн беш кун этиб белгиланди. Илгари бу муддат бир ой эди. Натижада мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларининг рўйхатга олиниши ва имкон қадар тезроқ ўз фаолиятини бошлаши йўлида яна бир енгиллик юзага келди.
Маълумки, фуқароларимизнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат ва жамоатчилик ўртасида очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш бўйича оммавий ахборот воситаларининг роли ва таъсирини ошириш мақсадида 2014 йил 5 майда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.
Мазкур Қонун ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг янада шаффоф, очиқ бўлишини, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан, республикамизда ва ундан ташқарида юз бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги фикрлар хилма-хиллиги ва сиёсий плюрализмни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилаётган давлатнинг ички ва ташқи сиёсатидан аҳолининг тўлиқ хабардорлигини таъминлаш йўлида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажармоқда.
Ғулом Мирзо
- Қўшилди: 15.12.2020
- Кўришлар: 4859
- Чоп этиш