Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади

Жорий йилнинг 26 февраль куни Сенатда халқаро эксперт, доктор Наира Аветисян бошчилигидаги БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритилиб, бола ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим стратегик йўналиши эканлиги таъкидланди.

Қайд этилганидек, ушбу йўналиш доирасида Ўзбекистон миллий қонунчилигида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган.

Томонлар болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг аҳамияти ва самарадорлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, учрашувда мактаб ёшидаги болаларни тарбиялаш, репродуктив саломатлик, ҳуқуқий саводхонликни ошириш, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Бундан ташқари, таълим, инклюзив таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларининг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунлари бўйича Сенатнинг ЮНИСЕФ билан ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан келгусидаги чоралар белгилаб олинди.

 Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech