Одам савдоси бутун дунёда кенг тарқалган жиноятлардан бири бўлиб, ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбони бўлади.
Ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори эса 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ачинарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир.
Шу боис, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш, одам савдосидан жабрланганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ҳамон содир этиб келиняпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида муҳокама қилинган “Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айни масалага қаратилган.
Мазкур қонун лойиҳасида одам савдоси жиноятини содир этганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Жумладан, ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган одам савдоси, шунингдек, муқаддам одам ўғирлаш жиноятини содир этган шахслар томонидан одам савдоси жиноятининг содир этилишини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши инсонлар, шу жумладан хотин-қизлар ва болаларга нисбатан одам савдоси каби жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда темир йўл транспорти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
- Мазкур қонун лойиҳаси билан соғлом рақобат муҳитини яратиш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш, темир йўл транспортини монополиядан чиқариш мақсадида ташувчиларнинг ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятлари алоҳида белгиланмоқда, - депутат Фарҳод Зайниев. - Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни йўловчи поездларда юриш имкониятини яратиш мақсадида темир йўл транспортида йўловчиларнинг имтиёзли юриши, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши темир йўл транспортини тартибга солиш ва бошқариш тузилмасини такомиллаштириш, соҳада рақобат муҳитини яратиш ҳамда фуқароларнинг темир йўл транспортида ҳаракатланишида сифат даражасини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
М.Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 17.09.2024
- Кўришлар: 889
- Чоп этиш