АОКАда «Оила ва хотин-қизлар тизимида жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда 2024 йилнинг ўтган даврида соҳада амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашга оид қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича 6 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш борасида ҳар бир ҳудудда «фавқулодда ҳолат» режимида ишлар йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси умумий раҳбарлигида тегишли ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, маҳаллалардаги ишсиз хотин-қизларни, уларнинг бандлигини таъминлаш зарурати ва бунинг имкониятлари хонадонбай ўрганилди. Ўрганишлар натижасида шу йилнинг 1-ярим йиллигида 127 минг 274 нафар хотин-қиз, шундан, 89 минг 128 нафари касб-ҳунарга, 38 минг 146 нафари тадбиркорликка ўқитилди.
138 минг 486 нафар хотин-қиз доимий иш ўринларига, шунингдек, ҳудудий ва тармоқ инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган лойиҳалар ҳисобига яратилган янги иш ўринларига ишга жойлаштирилди, 40 минг 520 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.
13 минг 131 нафар хотин-қизга бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ажратилди. 88 минг 574 нафар тадбиркор хотин-қизга бизнесини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар берилди. 50 минг 582 нафар хотин-қизга деҳқон хўжалигини ташкил этиш учун узоқ муддатли ижарага ер ажратилди.
282 минг 151 нафар хотин-қиз турли фаолият йўналишларида ўзини ўзи банд қилишга жалб этилиб, 10 минг 209 нафар хотин-қиз «Ҳунарманд» уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан январь-июнь ойларида 74 минг 420 нафар хотин-қизга 1 триллион 230 миллиард сўм кредит ажратилди.
Олий таълимнинг талабалари орасида хотин-қизларнинг улуши 50,1 фоизга етди.
Шу йил 19 июль куни Президентимизнинг «2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди. Маълумки, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасини олган, олий маълумотга эга бўлмаган эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган давлат гранти асосидаги қабул параметрларига қўшимча 2 000 та давлат гранти ажратиб келинмоқда.
Фармойишга кўра, 2024/2025 ўқув йили учун эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар учун ажратилган 2000 та давлат грантининг тақсимоти юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси биргаликда таклифларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига тақдим этиш белгиланди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан биргаликда «Аёллар дафтари»га киритилган 1 миллион 237 нафари эҳтиёжманд хотин-қизнинг 638 минг 594 нафарига ёрдам кўрсатилди. Бу кўмак ижтимоий ҳимоя, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уй-жойларни таъмирлаш, аёлларни соғломлаштириш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш, алоҳида эҳтиёжли аёллар ёки қарамоғида имконияти чекланган фарзанди бўлган аёлларга кўмаклашиш, томорқа ишларига ёрдамлашиш каби йўналишларни ўз ичига қамраб олади. Ушбу мақсадларга салмоқли миқдордаги маблағ ажратилди.
Профилактик ҳисобда турган 39 минг 89 нафар хотин-қиздан 12 минг 535 нафари ижтимоий масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш орқали ҳисобдан чиқарилди. Суд жараёнларида оила ва хотин-қизлар бўлимлари кафиллиги асосида 29 нафар хотин-қиз жавобгарликдан озод этилди.
Хотин-қизлар фаоллари томонидан «Е-ijtimoiy profilaktika» электрон ахборот тизими орқали бириктирилган ижтимоий профилактика объектларидан 67 минг 772 нафарининг муаммолари ҳал этилиб, қўшма хулосалар тузилди. Айни пайтда оилавий зўравонликка учраган аёллар, болаларга маҳаллий ҳокимлик ва идоралар, тегишли ташкилотлар билан биргаликда тезкор амалий ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли тарзда йўлга қўйилди.
Хорижда оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга кўмак бериш мақсадида Туркия Республикаси ва Россия Федерациясида сайёр қабуллар ташкил этилди. Туркиядан оғир ижтимоий шароитга тушган 36 нафар мигрант аёл оиласига қайтарилди, 3 нафар аёл озодликка чиқарилди.
Россия Федерациясида меҳнат қилаётган 300 дан ортиқ хотин-қизларнинг меҳнат шароитлари ўрганилди. Оғир ижтимоий шароитга тушган 13 нафар ватандошлар (6 нафар аёл ва 7 нафар бола) мамлакатга қайтарилди, 9 нафар аёлга Ўзбекистонга қайтиш чипталари олиб беришда кўмаклашилди, яна 34 нафар оғир ижтимоий шароитга тушган хотин-қизни юртимизга қайтариш бўйича ҳужжатларини расмийлаштиришга амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Қўмита ҳамда ҳудудий бўлинмаларга жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 33 минг 823 та мурожаатдан 22 минг 726 таси қаноатлантирилди, 8 минг 97 та мурожаат бўйича тушунтириш берилди.
Яқинда Самарқанд шаҳрида Осиё хотин-қизлар форуми ўтказилган эди. Унда 12 та муҳим банддан иборат Осиё хотин-қизлари форуми Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Покистоннинг «Пак Аёллар» уюшмаси билан ҳамкорлик меморандуми, Ҳиндистон Аёллар миллий комиссияси билан англашув меморандуми, Қувайт Аёллар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандуми, Беларусь Аёллар уюшмаси билан ҳамкорлик меморандуми бўйича чора-тадбирлар амалий режаси имзоланди.
Жаҳон банки ва Япония ижтимоий ривожланиш жамғармасининг грант маблағлари иштирокидаги «Қишлоқ аёллари иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Фориш ва Янгиобод туманларида ҳамда Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Фурқат, Қўштепа ва Сўх туманларида 50 та аёллар фаровонлигини ошириш гуруҳлари (AFOG) ташкил қилиниб, 300 нафар хотин-қиз бириктирилди. Ушбу аёлларга тадбиркорлик фаолиятини юритишлари учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағлари ажратиш бўйича шартномалар имзоланди.
Бу борадаги барча эзгу саъй-ҳаракатлар аёл-қизлар, оилалар, болалар манфаатларини қўллаб-қувватлашга доир амалий ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (суратлар), ЎзА
- Қўшилди: 24.07.2024
- Кўришлар: 1296
- Чоп этиш