Инсон ҳуқуқлари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами арафасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда мамлакат парламентининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга ҳурмат маданиятини шакиллантиришдаги саъй-ҳаракатлари фаоллашди.
Бир йил олдин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциясиямиз қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни ишлаб чиқиш, унда инсон ҳуқуқларига оид конституциявий тамойилларни рўёбга чиқариш механизмларини аниқ белгилаш ва унинг асосида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини изчил амалга оширишимиз зарурлиги айтиб ўтилган эди.
Давлатимиз раҳбари “жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш” бўйича ишларни давом эттириш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Шу йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси тасдиқланди. Мазкур фармонга мувофиқ Олий Мажлис палаталарига Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича Парламент комиссиясини тузиш тавсия қилинди.
2020 йил 25 сентябрда Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш тўғрисида қўшма қарор қабул қилинди ва унинг таркиби тасдиқланди.
Парламент комиссияси таркибига 12 нафар парламент аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари киради.
Парламент комиссияси мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларига риоя этилиши ва Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини амалга оширилиши устидан парламент назоратини амалга оширади. Хусусан:
биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга ва жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришга кўмаклашади;
иккинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этишга кўмаклашади;
учинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий ҳаракатлар режаларининг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга оширади;
тўртинчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасида фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни амалга оширади.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов таъкидлаганидек, “гарчи Парламент комиссиясининг қарорлари тавсиявий характерга эга бўлсада, уларни сифатли амалга ошириш учун комиссия аъзолари парламент аъзолари сифатида зарур ваколат ва мандатларга эга”.
Хўш, нима учун Парламент комиссиясини тузиш керак эди?
Ҳозирда Олий Мажлис палаталарида, хусусан Сенатда 9 та, Қонунчилик палатасида 12 та қўмиталар мавжуд ҳамда икки палаталар аъзолари кирган 5 комиссия мавжуд.
Ҳар бир қўмита ва комиссия ўз фаолиятини амалга оширишда ўзларининг соҳа йўналишларидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқлари масалаларини инобатга олади.
Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тўртта миллий институт ташкил этилган бўлса, улардан иккитаси парламент таркибидадир. Жумладан:
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);
– Бола ҳуқуқлари бўйича вакил;
– Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий маркази;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.
Қўмиталар ва комиссиялар фаолияти турли соҳаларни қамраб олганига ва инсон ҳуқуқлари бўйича махсус миллий институтлар, шу жумладан парламент омбудсмани яратилганига қарамай, Олий Мажлис палаталарида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш, ушбу мажбуриятларни миллий қонунчиликда ва амалиётда акс эттириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмаган.
Агар хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, асосан демократик парламентларда инсон ҳуқуқлари бўйича парламент тузилмалари қўмита ёки комиссия шаклида тузилганига гувоҳ бўламиз ва улар тизимли равишда ўз фаолиятини амалга оширади. Масалан, бундай қўмита ва комиссиялар Австралия, Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, Латвия, Туркия ва бошқа кўпгина мамлакатларда мавжуд. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари маълумотларига қараганда 30 дан ортиқ мамлакатларда парламент қўмиталари ва комиссиялари фаолият юритади.
2017 йилда БМТ Бош котиби ўз маърузасида “инсон ҳуқуқлари соҳасида алоҳида мандатга эга парламент қўмитасини ташкил этиш – бу кучли сиёсий ишорадир ва уни рағбатлантириш керак” деб таъкидлади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари маърузасида инсон ҳуқуқлари бўйича парламент қўмиталарини ташкил этиш ва халқаро инсон ҳуқуқлари механизмлари билан алоқаларни кучайтириш бўйича тавсиялар мавжуд. Хусусан, унда таъкидланишича, “парламентлар инсон ҳуқуқларининнг муҳим субъекидир, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда, биринчи навбатда, ижроя ҳокимиятнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб бораётган ҳаракатларини ва сиёсатини назорат қилишда муҳим рол ўйнайди”.
2019 йилда Парламентлараро иттифоқ ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ўзларининг “Яхши миллий парламент амалиётини шакллантириш ва ҳаракатлар бўйича тавсиялар рўйхати” маърузасида иштирокчи давлатларга инсон ҳуқуқлари бўйича кучли ва самарали парламент кўмитасини тузишни тавсия қилдилар. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ушбу маърузада Ўзбекистон парламенти вакилларининг сўнгги Универсал даврий ҳисоботнинг барча босқичларида фаол иштирок этганлиги ижобий қайд этилган.
Бундан ташқари, алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур йилнинг май ойида Парламентлараро иттифоқ ўз веб-сайтида парламентимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини юқори баҳолаб, қуйидаги фикрларни билдирган: "Парламентлараро иттифоқ инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий даражада амалга ошириш бўйича Ўзбекистон парламентининг сўнгги ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, “Ўзбекистон парламенти инсон ҳуқуқлари масалалари билан фаол шуғулланмоқда”, “2018 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши ва БМТнинг тавсияларини амалга оширилиши устидан парламент назорати механизми ишлаб чиқилди”, “сўнгги йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, бошқа депутатлар билан биргаликда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши ва БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасида делегациялар таркибида муҳим рол ўйнади”.
Шундайқилиб,инсонҳуқуқларисоҳасидаалоҳидаваколатгаэгабўлган Парламенткомиссиясиниташкил этилиши Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаромажбуриятларигасодиқлигини тасдиқловчи кучлисиёсийишора ҳисобланади ва ўз навбатида:
биринчидан, парламентнинг ролини янада кучайишига ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш самарадорлигини оширишга;
иккинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий сиёсатнинг парламент томонидан мувофиқлаштирилишига, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича парламент омбудсмани, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ўзаро алоқалар ва маслаҳатларни кучайтиришга;
учинчидан, парламентнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ва парламентлараро ҳамкорлигини фаоллаштиришга, хусусан, БМТнинг шартнома органлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Парламентлараро иттифоқ тузилмаларида фаол иштирок этишга хизмат қилади.
Дониёр ТЎРАЕВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти директори ўринбосари
Манба: parliament.gov.uz
- Қўшилди: 11.12.2020
- Кўришлар: 3809
- Чоп этиш