68 ёшли Хосият она интернетдан фарзандлари билан алоқа қилиш, рецептлар ўқиш ва янги суратлар кўриш учун фойдаланади. Аммо бир куни ижтимоий тармоқдаги “Халқ банки, расмий” саҳифаси орқали ўзини банк ходими деб таништирган кимсалардан бири ёзиб қолди. “Картангиз блокланиши мумкин, маълумотларни янгилаш керак”.
Хабарга ишонган Хосият она фарзандларини ишидан безовта қилишдан чўчиб, уларга қўнғироқ қилмади ва “банк ходими”га карта рақами, амалда бўлиш муддати ва SMS орқали келган кодни ҳам юборди. Бир неча дақиқа ўтмасдан, йиғиб юрган нафақа пулидан айрилди. Пулни йўқотиш – оғир, аммо ўзини ҳимоясиз ва фарзандлар олдида айбдордек ҳис қилиш ундан ҳам оғирроқ...
Хосият хола касалхонанинг жонлантириш бўлимида кўзини очди.
Хосият ҳола ва унинг фарзандлари ҳеч қаердан ҳимоя топа олмади. Умуман, бугун кўплаб мамлакатларда шу каби онлайн фирибгарлик ҳолатлари тобора ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. АҚШда ушбу ҳолат акс этган “Пчелавод” номли фильм ҳам суратга олинган. Қўшни мамлакатлар томонидан фишинг билан шуғулланувчи гуруҳлар қўлга олинаётгани ҳақида хабарлар тарқала бошлади. Ўзбекистонда ҳам Ички ишлар вазирлиги, кибербуллинг марказлари томонидан одамларнинг алданиб қолмаслиги борасида тарғибот роликлари тобора кенг тарқатилди.
Бироқ ҳозир онлайн жиноятни камайтириш учун етарли даражада ҳуқуқий механизм ва платформа эгаларига нисбатан масъулият аниқ белгиланмагани асосий муаммолардан бирилигича қолмоқда. 2024 йил маълумотларига назар ташланса, 38 млн. аҳолига эга Ўзбекистоннинг 93,3 фоиз фуқаролари аллақачон жаҳонда содир бўлаётган барча воқеа-ҳодисалар ҳақидаги маълумотни айнан ахборот майдонидан мустаҳкам ўрин эгаллаган YouTube, Однаклассники, TikTok, Instagram ва Telegram саҳифалари орқали олмоқда. Виртуал оламда фирибгарлик қурбонига айланиб қолмаслик учун ҳар биримиздан кучли масъулият, давлатдан эса Ўзбекистон Республикасининг “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунида келтирилган барча мажбуриятларга риоя этилишини таъминлаш, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини, махфийлик бузилганда эса фойдаланувчини дарҳол хабардор қилиш механизмининг қонуний асосларини ишлаб чиқувчи ваколатли орган белгилаш вазифаси долзарблигича қолмоқда.
Халқаро тажрибага кўра, “The Times” нашрининг ёзишича, Буюк Британияда “Коммуникация тўғрисида”ги қонун ва “Зарарли хабарлар тўғрисида”ги қонун жиноий мазмундаги онлайн фаолият учун аниқ жавобгарликни белгилайди. 2023 йили Британияда фишинг билан боғлиқ жиноятлар сони 17 фоизга камайди – бу эса жиноятнинг жазосиз қолмаслигини белгилаш орқали ижобий самарага эришилганини кўрсатади.
Канададаги Personal Information Protection and Electronic Documents Act (PIPEDA) ва Европадаги GDPR (General Data Protection Regulation) қонунлари орқали фуқаролар ўз маълумотлари устидан тўлиқ назоратга эга. Улар маълумотини ким, қачон, қай мақсадда ишлатаётганини билиш ва розилигини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Ушбу ҳимоя тизими орқали Европа Иттифоқи давлатларида 2022-2023 йиллар оралиғида маълумотлар тарқалишига доир жиноятлар 12 фоизга қисқарган.
Ўзбекистонда ҳам бу каби қонунчиликни такомиллаштириш даври етиб келди. Онлайн платформа фойдаланувчилари устидан мониторинг олиб борувчи мустақил ташкилотлар, масъул давлат органларининг назорати, жавобгарлик механизмлари жорий этилиши зарур. Болалар ва ёшларимиз ахборот маконида комил шахс сифатида шаклланиши учун давлат – ҳимоячи ва кафолатчи ролини тўлақонли адо этиши шарт.
Хосият она бугун давлатдан жавоб кутаётган фуқаро. Унинг фожиаси – статистика эмас, балки ҳар бир фойдаланувчининг эҳтимолий тақдири. Интернет эркинлик майдони бўлиши мумкин, аммо эркинлик масъулиятсизлик дегани эмас. Хулоса ўзингиздан.
ЎзА
- Қўшилди: 17.04.2025
- Кўришлар: 185
- Чоп этиш