Ҳар йили 12 июнь — Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни сифатида нишонланади. Бундан мақсад — болалар меҳнати муаммосига ва уни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш зарурлигига бутун дунё эътиборини қаратишдир. Зеро, бугунги кунга келиб жаҳонда ҳар ўн боладан бири болалар меҳнатига дучор қилинади, болалар меҳнатидан жабр кўрганларнинг сони 152 млндан ошган. Бунинг устига, COVID-19 пандемияси ва унинг оқибатида келиб чиққан иқтисодий инқироз шароитида милионлаб болалар мажбурий меҳнат домига тортилиш хавфи остида қолди.
БМТ Бош Ассамблеяси 2021 йилни Бола меҳнатига қарши курашиш йили деб эълон қилди. Шунингдек, мамлакатлар болалар меҳнатини тақиқлаш ва бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ва амалий қадамларни қўйиш мажбуриятини ўз бўйнига олди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида 2030 йилга қадар бутун жаҳонда бола меҳнатининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича вазифалар белгиланди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганининг илк йилларидан бошлаб бола ҳуқуқларини таъминлаш диққат марказда турди. Ўзбекистон Республикаси ратификация қилган дастлабки конвенциялардан бири — бу Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция эди. Мазкур конвенция инсоният тарихида болалар ҳуқуқлари соҳасидаги илк мажбурий халқаро ҳуқуқий шартнома бўлиб, Бола ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конституцияси номи билан эътироф этилади. Конвенция болаларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги шафқатсиз муомалани, экплуатацияни ва камситишни тақиқлайди. Ўзбекистон мазкур конвенция билан белгиланган барча халқаро стандартларни ўз миллий қонунчилигига жорий қилди, болалар меҳнатини бартараф этиш бўйича барча халқаро шартномаларга қўшилди. 2008 йилда “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Энг кичик ёш тўғрисидаги ва Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш ва тақиқлашга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги халқаро шартномалар ратификация қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги қарори билан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қабул қилинганлигининг 30 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти лавозимига сайлангандан кейин мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига қарши курашиш давлатнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Аҳолисининг 40 фоизини болалар ташкил қилган Ўзбекистон учун бу вазифа принципиал аҳамиятга эга эди. Президентимиз 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш чоралари кўрилиши тўғрисида гапирди. Шунингдек, 2021 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам бериш устуворлигини яна бир бор таъкидлади.
Охирги йилларда Ўзбекистонда болалар меҳнатига қарши курашишдаги муваффақиятларни бир неча омиллар таъминламоқда:
Биринчидан. Давлат раҳбарининг кучли сиёсий иродаси, пухта режалар асосида амалга оширилаётган ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар мажбурий ва бола меҳнатига барҳам беришнинг асосий шарти бўлиб хизмат қилмоқда.
Иккинчидан. Ўзбекистонда мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашишнинг ташкилий механизмлари яратилди. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини мувофиқлаштириб бормоқда.
Учинчидан. Мамлакатда мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик учун самарали парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Хусусан, сенаторлар, депутатлар, журналислар ва блогерлардан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, Республиканинг барча ҳудудларида маҳаллалар, фермер хўжаликлари, корхона ва ташкилотларда ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Тўртинчидан. Мамлакатда халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш, бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда “Муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури” ишлаб чиқилди.
Бешинчидан. Мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам беришнинг қонунчилик асослари кучайтириб борилмоқда. Жумладан, 2018-2021 йилларда тегишли кодекс ва қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслик тўғрисидаги талабларни бузиш ҳамда меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби ҳатти-қаракатлар учун маъмурий ва жиноят жавобгарлик кучайтирилди.
Олтинчидан. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган тадбирлар мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашиш йўналишидаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва тизимлилигини таъминламоқда. «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг қатор бандлари, жумладан, Болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш, Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш тадбирлари болалар меҳнатига қарши курашиш механизмини кучайтиришга хизмат қилади.
Кўрилаётган чоралар мамлакатимизда болалар меҳнатининг ҳар қандай шаклларига барҳам беришда ўз самарасини бермоқда. Буни нуфузли халқаро ва хорижий экспертлар ҳамжамияти маълумотлари ҳам тасдиқлайди.
Жумладан, 2018 йил АҚШ Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини болалар меҳнати орқали етиштириладиган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди. 2020 йил 30 сентябрда АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистонда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам беришга қаратилган саъй-ҳаракатлар муваффақиятга эришганлигини эътироф этди.
2021 йил 27 январда “Коттон Компейн” халқаро каолицияси ўз расмий веб-сайтида “Ўзбек пахтачилигида ўзгараётган манзара” сарлавҳасида Ўзбекистонда 2020 йилги пахта йиғим терими мавсуми давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар ўз самарасини берганини эътироф этди.
2020 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан мустақил жамоатчилик ташкилотлари билан биргаликда “Учинчи томон мониторинги” ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, халқаро экспертлар 2019-2020 йиллардаги пахта йиғим-терими давомида болалар меҳнатидан умуман фойдаланмаганлиги тўғрисидаги қатъий хулосаларини эълон қилди.
Болалар меҳнатига қарши курашиш соҳасида эришилган ютуқлар, шубҳасиз, Ўзбекистондаги ислоҳотлар муваффақиятининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, мамлакатнинг халқаро нуфузи ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёти суръатлари ўсишига ўзининг ижобий таъсирини ўтказмоқда.
Ўткир Очилов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази Халқаро шартномаларни
имплементация қилиш бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 09.06.2021
- Кўришлар: 4378
- Чоп этиш