Шарқ матбуоти шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи билан боғлиқ воқеаларни кенг ёритмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақавий тадқиқотлар институти илмий ходими Ирода Имомованинг шу мавзудаги мақоласида ўзаро муносабатнинг жорий ҳолати таҳлил қилинган.
– Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги замонавий муносабатлар мустаҳкам тарихий пойдевор, маънавий яқинлик, ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган ўзаро сиёсий иродага асосланган, жадал ривожланаётган стратегик шериклик намунасидир, – деб ёзади муаллиф. – Асрлар давомида икки халқ тарихий-маданий ришта, умумий илдиз, ўхшаш анъана, тил, урф-одат ва қадриятлар билан бир-бирига чамбарчас боғлаган. Айни омиллар икки давлат ўртасида барқарор мулоқот, ҳар томонлама ўзаро англашув учун асос бўлиб, ишонч ва яхши қўшничилик муҳитини тобора мустаҳкамламоқда.
Жорий йил икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланяпти. 2024 йил Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланиши билан ҳамкорлигимиз энг юқори даражасига кўтарилди. Изчил жараённинг мантиқий давоми сифатида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратди.
Ҳозиргача ҳукуматлар ва вазирликлар даражасида 200 дан зиёд шартнома тасдиқланган. Бу икки томонлама ҳамкорликни йил сайин юксалтириб бораётган давлат раҳбарларининг қатъияти ва сиёсий иродаси натижасидир.
Мунтазам тус олган олий даражадаги самимий мулоқот кўп қиррали алоқаларни жадал ва босқичма-босқич ривожлантирадиган ҳаракатлантирувчи куч вазифасини ўтамоқда.
2017 йилдан буён давлат раҳбарлари 12 бор учрашди. Юқори даражадаги ташрифлар сони 150 дан ошди. Мувофиқлаштирилган мулоқот турли йўналишларда биргаликдаги ишлаш учун ҳақиқий туртки беради, ҳамкорликнинг барча асосий йўналишларида илғор натижага эришиш имкониятини кенгайтиради.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон барқарор ўсиш суръатини акс эттирувчи иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашда давом этмоқда. Сўнгги ўн йил ичида товар айирбошлаш саккиз баробар ошиб, 32 миллион доллардан 253 миллион долларга кўтарилди. Навбатдаги марра – 1 миллиард доллар. Ушбу мақсадга эришиш учун ўзаро савдо ва сармоя кўламини кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида фаол иш олиб борилмоқда.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА
- Қўшилди: 04.07.2025
- Кўришлар: 239
- Чоп этиш