Ўзбекистон – Озарбайжон: парламентлараро форум доирасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Хива декларацияси қабул қилинди

Қадимий ва гўзал Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форуми бўлиб ўтди. “Янги имкониятлар сари: мулоқотдан ҳамкорликдаги ҳаракатларгача” мавзусида ўтказилган нуфузли анжуман икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган кенг қамровли муҳим платформа бўлди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида ўтказилган тадбирда  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси аъзолари ҳамда икки мамлакатнинг ёшлар парламентлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик туйғулари билан мустаҳкамланганини алоҳида қайд этди. Икки давлат Президентлари – Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди. 

Озарбайжон Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродасига асосланган дўстлик ва биродарликка таянган муносабатлар парламентлараро форматда янги даражага чиққанини  эътироф этди.

Парламентларимиз янги форматда давлатлараро муносабатларни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантиришга туртки беради. 

Форумда дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш, уларни парламентлараро комиссиялар даражасига олиб чиқиш, қўшма қонунчилик ташаббуслари ишлаб чиқиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, рақамли трансформация ва экология каби устувор йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар кенг муҳокама қилинди. 

Ҳудудий вакиллик органлари ўртасида тажриба алмашиш механизми жорий этилади. Бу парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ижтимоий, иқтисодий ривожланишдаги турли ёндашувларнинг самарадорлигини оширишга замин яратади. Бу ташаббус маҳаллий даражадаги қонунчилик органлари орасида билим ва тажриба алмашишга, муаммоларни ҳал қилишда янгича қарашлар ва ишлаш усулларини татбиқ этишга имкон беради. Натижада ҳар бир ҳудудда ижобий ўзгаришлар яратиш учун қулай шарт-шароитлар яратилади.

Форум доирасида ўтказилган “Стратегик ҳамкорликни ривожлантиришда парламентларнинг роли: қонунчилик ташаббуслари, юқори даражадаги келишувлар ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш” мавзусидаги панель сессиясида  юқори даражада эришилган келишувларнинг  бажарилишини таъминлаш, ижро ҳокимияти устидан парламент назоратини кучайтириш, фуқаролик жамияти ва ОАВ билан самарали ҳамкорликни ташкил қилиш каби муҳим йўналишлар бўйича фикр алмашилди. Қонун устуворлиги, очиқлик, ҳисобдорлик, бюджет назорати, коррупцияга қарши курашиш устидан парламент назорати, инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар ҳимояси асосий мавзулардан бўлди. 

“Иқтисодий тараққиётни парламент томонидан қўллаб-қувватлаш: бизнес ва инвестициялар учун янги имкониятлар” мавзусидаги панель сессияда икки мамлакатнинг иқтисодий ривожи учун парламентлар томонидан қонунчилик асосларини яратиш, инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, кичик бизнесни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди. Рақамли иқтисодиёт, мобил стартаплар, молиявий технологиялар, яшил технологиялар ва экологик лойиҳаларга инвестиция жалб этиш бўйича фикрлар билдирилди.

Интеллектуал капитал ва рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокамаси жараёнида замонавий технологиялар, рақамли тараққиёт ва инновацион муҳитни шакллантириш, таълим ва илм-фан соҳаларида парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга оид фикрлар билдирилди. Ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун грантлар ажратиш, технопарклар ва илмий инкубаторлар фаолиятини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасида академик алмашинувни фаоллаштириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.

Рақамли трансформация соҳасида қонунчилик асосларини мустаҳкамлашда масофавий таълим, электрон кутубхоналар, очиқ илмий маълумотлар базаларини яратиш, ахборот хавфсизлиги ва муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилди. Илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, интеллектуал мулк ҳимояси, инновацион кластерлар ва ихтироларни амалиётга жорий этиш борасида парламентлар иштирокини кенгайтириш бўйича тажриба алмашилди.

Маданият, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган сессияда иштирокчилар томонидан маданий алмашинувлар, кўргазмалар ва қўшма маданий марказлар ташкил этиш, тарихий меросни асраш ҳамда ўзбек ва озарбайжон тилларини ўрганишни рағбатлантиришда парламентлар фаол иштирок этаётгани таъкидланди. Туризм соҳасида виза тартибларини соддалаштириш, тарихий-маданий ва экологик йўналишларни ривожлантириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш, қўшма туристик брендлар яратиш каби ташаббуслар парламентлараро алоқаларнинг янги формати сифатида илгари сурилди.

Яшил келажак, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ҳимоя қилишда парламентларнинг роли муҳокамасида иқлимга мослаштирилган қонунчиликни шакллантириш, миллий ва минтақавий устувор йўналишлар кўриб чиқилди. Иқлим ўзгаришига қарши курашишда парламентларнинг ўрни, барқарор ривожланиш учун қонунчилик ташаббуслари, парник газлари чиқиндиларини камайтириш, яшил энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва пластик истеъмолини қисқартириш каби муҳим йўналишлар бўйича фикр алмашилди. 

Яшил иқтисодиёт ва айланма ривожланиш моделларини илгари суришда парламентлараро ҳамкорликка оид мулоқотда яшил технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш, экологик таълим ва маданиятни ривожлантириш, ёшлар орасида эко-ташаббусларни тарғиб этиш, “соғлом шаҳарлик” инфратузилмаси – велойўлаклар, яшил зоналар, спорт майдончалари ва оммавий тадбирлар орқали шакллантириш борасидаги парламент ташаббуслари муҳокама қилинди.

“Жамият ва давлат тараққиётида хотин-қизлар ва ёшлар овози: парламент истиқболи” мавзусидаги сессияда аёллар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш, уларни қонунчилик йўли билан қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борада тажриба алмашиш ҳақида гап борди. Замонавий иқтисодиётда аёллар ва ёшларнинг фаоллигини ошириш учун қонунчилик асосларини яратиш, солиқ имтиёзлари, стартаплар учун грантлар ажратиш, касбга йўналтириш ва технологик таълимга кенг йўл очиш бўйича таклифлар билдирилди.

Ёшлар парламентлари вакиллари ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни қарор қабул қилиш жараёнларига жалб этиш, экология, таълим, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳасида парламент ташаббусларида иштирокини кенгайтириш ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Форум давомида “Янги имкониятлар сари: мулоқотдан биргаликдаги ҳаракатларгача” мавзусида икки мамлакат парламентлари дўстлик гуруҳларининг учрашуви бўлиб ўтди. Унда парламентлар ўртасида қабул қилинган ҳамкорлик ҳужжатларининг ижроси, истиқболдаги режалар муҳокама қилинди. Жумладан, қўмиталараро қонун ижодкорлиги, парламент назорати доирасида ўзаро тажриба алмашиш, ҳудудий вакиллик органлари билан фаол мулоқотларни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. 

Ёш парламент аъзолари ўртасида ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш борасида фикр алмашилди. Музокаралар чоғида парламентлараро гуруҳнинг самарали фаолияти алоҳида қайд этилиб, ўзаро алоқаларни комиссиялар даражасида янада фаоллаштиришга келишиб олинди. 

Икки мамлакат парламентлари вакиллари ўртасида ўтказилган учрашувда хотин-қизлар ва ёшлар масалаларига эътибор қаратилди. Томонлар таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳаларда ўзаро тажриба алмашиш, ёшлар ўртасида маданий-гуманитар лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича якдил фикр билдирди.

Умуман, Ўзбекистон – Озарбайжон парламентлараро форуми ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилди. Форум якунлари бўйича амалий таклифларни ўз ичига олган Хива декларацияси қабул қилинди. 

Норгул Абдураимова, ЎзА мухбири

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech