Ўмоннинг "Asdaa Oman" электрон нашри ярадор аёллар ва болалардан иборат 100 нафар фаластинлик ҳамроҳлари билан бирга Рафоҳ шаҳридан Ўзбекистонга эвакуация қилингани тўғрисида мақола эълон қилди. Бу ҳақда ЎзАга мамлакатимизнинг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев хабар берган.
– Ушбу амалиёт Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки давлатнинг Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида амалга оширилди, – дейилган хабарда.
Таъкидланишича, кўчирилганлар юртига қайтишга қарор қилгунча Ўзбекистонда қолиши мумкин. Улар даволаниш ва соғлиғини қайта тиклаш учун реабилитация марказлари, шифохоналарга жойлаштирилади.
Ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда бўлиш даврида фаластинлик оилаларнинг барча эҳтиёжи қондирилади. Жумладан, меҳмонхона, мактаб, озиқ-овқат билан таъминланади.
Ўзбекистон Президенти 2024 йил ноябрь ойида Саудия Арабистони Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Фаластин масаласига бағишланган навбатдан ташқари Араб-Ислом саммитида сўзлаган нутқида Фаластин ҳудудларида ҳарбий операцияларни тўхтатиш ва хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб, Тошкент жароҳатланган фаластинлик болалар ва аёлларни даволаш учун қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган эди.
– Биз Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилиш ниятидамиз, – деган ўшанда давлатимиз раҳбари.
Мазкур ташаббус доирасида амалга оширилган ушбу инсонпарварлик миссияси ўзбек халқининг инсонпарварлиги, ҳамжиҳатлигининг яна бир ёрқин намунаси сифатида намоён бўлди. Кўчирилганлар Ўзбекистонда вақтинча бошпана топади. Бу асл меҳр-оқибат тимсолидир.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА
- Қўшилди: 03.01.2025
- Кўришлар: 581
- Чоп этиш