Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритилди

Куни кеча, 8 февраль куни  мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва матбуотда чоп этилди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

2021 йил 6 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда сўнгги тўрт йилда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида Президентимизнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Шу маънода, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давомидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган Қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

маъмурий тартиб-таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Шуларга асосан, суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилди.

Яъни, Конституция 107-моддасининг биринчи қисми қуйидаги янги таҳрирда баён этилди:

«Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат».

Шунингдек, ўзгартиришга кўра, эндиликда Конституцияда «законодательство — қонунчилик», «акт законодательства — қонунчилик ҳужжати», «законодательний акт — қонун ҳужжати» кўринишида берилади.

Шу муносабат билан Конституциянинг 7-моддаси иккинчи қисмига, 33-моддасига, 85-модда тўртинчи қисми 8-бандига, 86-модда бешинчи қисми 8-бандига, 93-модда биринчи қисми 16-бандига, 98-модда учинчи қисмига, 100-модда саккизинчи хатбошисига, 117-модда саккизинчи қисмига ўзгартиришлар киритилди.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд тизимини бошқариш масалаларининг такомиллаштирилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга эришиш билан бир қаторда, энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммоси бир жойда ҳал қилиниши имконини беради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech