Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг демократик принциплари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаcи ҳамда Сайлов кодексига мувофиқ жорий йилнинг 24 октябр кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

Демократик ҳуқуқий давлат ҳамда очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш халқ ҳокимиятчилиги конституциявий принципларини рўёбга чиқариш, демократик сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш учун зарур шароит яратиш билан узвий боғлиқдир. Демократик ҳуқуқий давлатнинг шаклланиш шароитида сайлов институти халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг реал механизми ҳисобланади. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси нормаларида ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, мазкур муҳим халқаро ҳужжатнинг 21-моддасида халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Бундай норма 1966 йилги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам акс этган.

Сайловлар замонавий демократиянинг муҳим институти, халқ ўз хоҳиш-иродасини билдириши ҳамда сиёсий жараёнларда, жамият ва давлат ишларини бошқаришда, шу жумладан, ҳокимиятнинг вакиллик органларини шакллантиришда иштирок этишининг асосий воситаларидан бири ҳисобланади. Эркин сайловлар нафақат ҳокимиятни шакллантириш принципи, айни пайтда унинг халқ олдидаги жавобгарлиги ифодаси ҳамдир. Шу билан бирга, сайлов натижалари сиёсий партияларнинг таъсир даражасини холис баҳолаш имконини беради, сайловчилар кайфиятини, мамлакат сиёсий ҳаётида кечаётган тенденцияларни кўрсатади. Эркин ва ҳалол сайловларнинг мунтазам ўтказилиши мамлакатдаги сиёсий тизим демократияга монанд эканлигининг ёрқин кўрсаткичларидан саналади.

Давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи кўп жиҳатдан ушбу мамлакатда амал қиладиган сайлов тизимининг  демократик принципларга мувофиқлиги билан боғлиқдир. Шу маънода, Ўзбекистонда сайлов тўғрисидаги қонунчиликнинг изчил такомиллаштирилишини демократик ислоҳотларнинг муҳим таркибий қисми сифатида кўриш мумкин. Кейинги йилларда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Янги Ўзбекистоннинг демократия йўлида изчил ривожланиши, ташқи дунёга очиқлиги ва рақобатбардошлигини таъминлаш доирасида улкан ишлар амалга оширилди. Мамлакат фуқароларининг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланишга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги изчил ислоҳотлар шулар жумласидандир.

 

Сайлов кодекси – демократик сайловнинг ҳуқуқий асоси

Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини кодекслаштириш йўли танланди. 2019 йилда илгари сайлов қонунчилигига доир амалда бўлган 5 та қонун ўрнига ягона, умумлашган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси қабул қилинди.

Сайлов кодекси мамлакатимизнинг барча ижтимоий-сиёсий кучлари – сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида, умумхалқ муҳокамаси ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларни кузатишда иштирок этган хорижий кузатувчилар миссияларининг тегишли хулоса ва фикрлари ҳам ҳисобга олиниши негизида ишлаб чиқилди. Ушбу Сайлов кодексига асосан фуқароларнинг сайлаш ҳамда сайланишга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида сайловга юксак демократик даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг ҳуқуқий кафолатлари янада мустаҳкамланди.

Жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда, жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш янада чуқурлашган, ижтимоий фаоллик ўсган, фуқароларнинг масъулияти ҳамда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларига талабчанлиги ошган бир шароитда бўлиб ўтмоқда.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон Сайлов кодекси халқаро сайлов стандартларига тўлиқ жавоб беради ҳамда улар билан уйғун ривожлантирилиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиздаги демократик сайлов қонунчилиги тизимининг асоси саналади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Сайлов жараёнининг демократик принциплари Сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.

 

Сайлов ҳуқуқининг асосий принциплари

Сайлов кодексида демократик сайловларни амалга оширишнинг асосий принциплари — умумийлиги, тенглиги ҳамда тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли, сайловда қатнашишнинг ихтиёрийлиги, уни ўтказишнинг очиқ ва ошкоралиги ўз ифодасини топган.

Халқаро ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган асосий принципларга сайлов ҳуқуқининг умумийлиги киради. Бу қоида Ўзбекистон Конституцияси ҳамда Сайлов кодексининг асосий принциплардан бири сифатида эътироф этилган. Хусусан, Сайлов кодексининг 3 ва 27 - моддаларида келтирилишича, Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилади. Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган пайтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилиши белгиланган. Сайловчилар қаерда бўлишларидан қатъи назар, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида бевосита қатнашиш ҳуқуқини кафолатлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузиб чиқилади.

Шу билан бирга, умумий сайлов ҳуқуқи фуқароларнинг сайловда иштирок этиши ҳеч қандай ҳуқуқий қоидалар билан чегараланмаганини англатмайди. Ўзбекистонда бошқа демократик мамлакатларда бўлгани каби давлат бошлиғи сайловига оид қонун ҳужжатлари қатор чекловларга эга бўлиб, улар  асло камситувчи хусусиятга эга эмас. Дейлик, Конституциямизнинг 90-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Қонунчиликда белгиланишича, қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар, шунингдек, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди. Шунингдек, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Тенг сайлов ҳуқуқи принципига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси бир овозга эга. Аёл ва эркаклар бир хил сайлов ҳуқуқига эга, ҳарбий хизматчилар бошқа фуқаролар билан бир хил сайлов ҳуқуқидан фойдаланади. Сайловда ҳеч ким ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ҳамда мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ҳамда хусусиятига қараб устуворликка эга бўлмайди.

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи принципига кўра, фуқаролар сайловда ўз хоҳиш-иродасини бевосита ифода этади. Овоз бериш жараёнида сайловчилар шахсий қараш ва фикрларидан келиб чиқиб, ўз танловини амалга оширади. Бунда агар фуқаро сайлов вақтида хорижда бўлса, у Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган сайлов участкасида овоз бериши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон сайлов қонунчилигида муддатидан олдин овоз бериш қоидаси кўзда тутилган. Сайлов куни касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра, ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловчи соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра, сайлов участкасига кела олмаган ҳолларда участка сайлов комиссияси сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этиши мумкин. Сайловда ихтиёрий иштирок этиш принципи фуқаролар ушбу сиёсий тадбирда ўз хоҳишига кўра, ҳеч қанақа мажбурловсиз қатнашишини англатади. Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистонда сайловчи овоз беришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳамда зарурлиги масаласини ўзи ҳал қилади. Фуқарога ўз сайлов ҳуқуқини амалга оширишда қандайдир мажбурият юкланмайди. Мамлакатимиздан фарқли ўлароқ бир қатор давлатларда сайловда овоз бериш фуқароларнинг мажбурияти сифатида кўрилади ва ундан бўйин товлаш нафақат жарима тариқасидаги жавобгарликка сабаб бўлиши, айни пайтда озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин.

 Республикамизда яширин овоз бериш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган бўлиб, сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини ҳар қандай давлат органи, мансабдор шахслар, шунингдек, жамоат бирлашмалари томонидан назорат этишга йўл қўйилмайди. Қонунчиликда овоз бериш, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш ҳамда сайловчи турган жойда овоз беришнинг яширинлигини таъминлаш сайлов комиссияларининг асосий мажбуриятларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилади, яширин овоз бериш учун кабиналар ёки хоналар жиҳозланади. Уларда фуқаро сайлов бюллетенига белгини мустақил қўяди. Яширин овоз бериш вақтида кабинада овоз берувчидан бошқа бирор-бир кишининг ҳозир бўлиши, сайловчига таъсир кўрсатиши тақиқланади. Фуқароларнинг сайлов вақтида ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодаланишини таъминлашнинг яна бир омили – сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслигидир. Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда нашр этилади. Бундан ташқаи, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкин.

Сайлов кодексига мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари сайловолди учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни ажратиш, зарур маълумот ҳамда ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши керак.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи соҳасидаги халқаро стандартлардан яна бири адолатли сайлов принципидир. Бу сайловларнинг даврийлигини қонун билан белгилаб қўйиш, сайловолди кампаниясини олиб боришда номзодларга тенг имкониятлар тақдим қилиш, сайловларнинг очиқ  ва ошкоралиги, сайлов жараёнининг барча босқичида кузатувчилар иштирок эта олиши ҳамда мустақил суд демакдир. Мустақил суд тизими сайлов жараёнини нохолислик, фирибгарлик ҳамда сохталаштиришдан самарали ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги сайлов ҳуқуқлари бузилиши ва сайлов жараёни субъектларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятларини кафолатлайди. Шундай қилиб, миллий сайлов қонунчилиги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг эркин танлов ҳуқуқини тўла рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

 

Сайлов ва ошкоралик

Сайловларнинг ошкоралиги сайлов кампаниясини оммавий ахборот воситаларида ёритишни кўзда тутади. Бутун сайлов кампанияси том маънодаги ошкоралик асосида ўтказилади. Ошкоралик сайлов комиссияларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, жумладан, овозларни санаб чиқиш, овоз бериш натижаларини аниқлаш ҳамда сайлов натижаларини белгилаш тадбирлари очиқ ўтказилишидан далолатдир.

Ҳар бир фуқаро сайлов жараёнида сайлов округи ва участкалари тузилиши, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ҳамда иш вақти, Президентликка номзодлар, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақида ахборот излаш, олиш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга.

Сайлов кодекси 8-моддасида белгиланишича, сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг, шунингдек, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхатлари билан таништирадилар. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ҳамда сайлов якунларидан хабардор қиладилар. Бундан ташқари, сайлов округлари ва участкалари, сайлов комиссиялари таркиби, номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ҳамда сайлов якунлари ҳақидаги ахборот матбуотда эълон қилиниши қонун билан мустаҳкамланган.

Сайлов кампаниясининг ошкоралигини оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда яна бир институт – маҳаллий ва хорижлик кузатувчилар таъминлайди. Қонунга кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишга доир тадбирларда, ҳар бир сайлов участкасида сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда Президентликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.

Маълумки, демократик сиёсий тизимнинг самарадорлиги фуқаролик жамияти, яъни фуқаро ҳамда давлат ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган кўппартиявийлик институти етуклигига боғлиқ. Эътиборлиси, мамлакатимизда бўлажак сайловга кўппартиявийликни фуқаролик жамиятининг сиёсий стандарти сифатида белгилаб берган ва демократик принципларга асосланган сайлов қонунчилигига тўла мос ҳолда тайёргарлик кўрилмоқда ҳамда Президент сайлови бўйича сайлов кампаниясида рўйхатдан ўтган барча сиёсий партиялар иштирок этаяпти.

 

Пандемия ва сайлов

Инсоният пандемия шароитида яшашга ва унга қарши курашишга аста-секин мослашиб бормоқда. Коронавирус пандемиясида ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларида президентликка, парламентга ва маҳаллий вакиллик органларига сайловлар, шунингдек референдумлар ўтказилиб келинмоқда. Шуни эътиборлики, ушбу хатарли шароитда ўтаётган сайловларда талай мамлакатларнинг аҳолиси одатдагидан кўра фаолроқ иштирок этгани халқаро кузатувчилар эътироф этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан пандемия шароитида сайлов жараёнларини ташкил этиш, овоз беришда хавфсизлик чораларини кўриш бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқилган. Хусусан, сайлов арафасида эпидемиологик вазиятга қараб махсус йўриқнома асосида иш тутиш режалаштирилган.

Йўриқнома 6 боб 39 банддан иборат бўлиб, сайлов жараёнида профилактик тадбирларни амалга ошириш, овоз бериш жараёнини ташкил қилиш, коронавирус инфекциясидан уй шароитида даволанаётган сайловчининг турган (яшаш) жойида овоз беришини ташкил қилиш, Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш ва сайлов округида сайлов натижаларини аниқлаш ҳамда якуний қоидалардан иборат.

Коронавирус билан хасталаниб, касалхонада даволанаётганлар ёки уйида карантин шароитида ётган беморларнинг сайлов бўйича ҳуқуқларини таъминлаш борасида аниқ чоралар кўрилади. Жумладан, тегишли сайлов участкаларининг 2 нафар аъзоси махсус кийимларда касалхонага бориб, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда беморларнинг овоз беришини ташкил этади. Бунинг учун алоҳида кўчма сайлов қутиси ташкил этилади. Шунингдек, уй шароитида коронавирусга қарши даволанаётган беморларнинг ҳам овоз бериш ҳуқуқлари тўлиқ таъминланади.

Йўриқномага мувофиқ сайлов округлари ва участкаларида, овоз бериш хоналарида сайлов комиссияси аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар ва ОАВ вакиллари: ҳароратни ўлчаш учун термометр, пирометр; ҳимоя ниқоби; бир марталик тиббий қўлқоп; антисептик каби ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланишлари талаб этилиши белгиланмоқда. Шунингдек, сайлов жараёни иштирокчилари ҳимоя ниқобларидан фойдаланиши, қўл бериб саломлашиш ёки тўғридан-тўғри контактга киришишнинг бошқа шаклларидан сақланиши ҳамда ижтимоий масофага риоя қилишлари белгиланган.

Сайлов куни тиббиёт ходими сайлов комиссиялари биноларининг кириш қисмида сайловчиларнинг тана ҳароратини ўлчайди, антисептик восита билан қўлларини дезинфекция қилади ва ҳимоя ниқобида бўлишини назорат қилади,  ҳимоя ниқоби беради. Участка сайлов комиссиялари аъзолари эса ҳимоя воситаларидан фойдаланиши шарт. Бинолар ва хоналарнинг дезинфекция қилиниши, шунингдек уларда эпидемияга қарши кураш тадбирларини амалга ошириш эса соғлиқни сақлаш органлари ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ходимлари томонидан таъминланади.

Дарҳақиқат, бу каби чораларнинг кўрилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайлов жараёнларининг очиқ, ошкора, шаффоф ҳолда ўтишини ташкил этиш ҳамда карантин қоидаларига амал қилинишига хизмат қилади.

Шуниси аёнки, жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови юртимизнинг ҳар бир фуқароси ҳаётига дахлдор бўлиб, бу муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирга ҳеч ким бефарқ қарай олмайди. Бинобарин, фуқаролар сайловда иштирок этиш ва ўз хоҳиш-иродасини билдириш орқали Ўзбекистоннинг ҳуқуқий демократик давлатни янада мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидан изчил боришини таъминлашга ўз улушини қўшадилар. 

 

Мирзатилло ТИЛЛАБАЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директорининг

биринчи ўринбосари,

юридик фанлар доктори

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech