Бугунги кунда мамлакатимизнинг ташқи сиёсат йўналишидаги, шунингдек инсон ҳуқуқини таъминлаш борасидаги ислоҳотолари халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Масалан, жорий йил Ўзбекистон тарихда илк бор Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзоси ўринбосарлигига энг кўп овоз билан 3 йил муддатга сайланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тизимининг ихтисослаштирилган муассаcaси – Халқаро меҳнат ташкилоти фаолияти ижтимоий адолат тамойили, халқаро тан олинган инсон ҳуқуқи ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқни илгари суришга қаратилган. 1919 йил ташкил этилган, меҳнат муносабатларини тартибга солиш билан шуғулланадиган мазкур тузилма 1946 йил дастлабки ихтисослаштирилган муассаса сифатида БМТ тизимига кирган.
ХМТ Маъмурий кенгаши вазифаси асосан қарор қабул қилиш ва ижросини назорат қилиш, масалан Бош директорни сайлаш, Халқаро меҳнат конференциясида белгиланган стратегик мақсадларни ҳал қилишга қаратилган сиёсат бўйича қабул қилинган қарорларни Бош директор ва Халқаро меҳнат бюросига йўналтириш, Конференция кун тартибини шакллантириш, Ташкилот Дастури ва Бюджети лойиҳаларини тасдиқлаш, ратификация қилинган конвенцияларни қўллаш билан боғлиқ қонуний тартиб-қоидага оид масалаларни ҳал қилиш, минтақавий ва йўналишлар бўйича экспертлар йиғилишларида кун тартиби ва шунга мувофиқ ҳолда иштирокчиларни тасдиқладан иборат.
Маъмурий кенгаш уч йил муддатга сайланадиган 56 нафар аъзо ва уларнинг 66 нафар ўринбосаридан ташкил топган.
Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидаёқ БМТ ва ташкилотнинг ихтисослаштирилган муассаcaсалари қатори Халқаро меҳнат ташкилоти аъзолигига қабул қилинган.
Республикамиз ХМТнинг уюшмалар эркинлиги ва жамоавий музокара ўтказиш ҳуқуқини тан олиш, мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини бекор қилиш, болалар меҳнатини тақиқлаш, иш ва касб соҳасида камситмаслик каби асосий принципларини қонун билан мустаҳкамлади ва амалиётга жорий қилди.
Янгиланган таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-46, 52 –моддаларида меҳнат муносабатига оид ҳуқуқ таъминланиши қайд этилган. Ушбу меъёрга кўра, “Ҳар ким ..... меҳнати учун ҳеч қандай камситишсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга”.
Шунингдек, “Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди. Меҳнатнинг бола соғлиғи, хавфсизлиги, ахлоқи, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакли тақиқланади”.
Яқиндагина мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Жильбер Унгбон Ўзбекистоннинг меҳнаткашлар ҳуқуқини таъминлаш, иш ўринлари яратиш ва халқаро конвенцияларни имплементация қилиш борасидаги ютуқларига юқори баҳо бериб, ўз ташрифини давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган самарали ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ифодаси, деб атади.
Ишончимиз комилки, мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқи таъминланиши соҳасидаги ислоҳотлари бундан кейин ҳам халқаро ҳамжамият доирасида ўз самарасини намоён этаверади.
Маҳиннора Мирҳамидова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети доценти
ЎзА
- Қўшилди: 15.07.2024
- Кўришлар: 1243
- Чоп этиш