Ўзбекистонда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича келгуси режалар муҳокама қилинди

2021 йил 17 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати UNICEF ташкилоти билан ҳамкорликда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлиш хавфи остида бўлган болаларнинг ҳозирги ҳолати, мамлакатимизда болаларга ғамхўрлик қилиш тизимини ислоҳ қилиш борасидаги келгуси режаларни муҳокама қилиш учун давра суҳбати ташкил этди.

Маълумотларга кўра, 2018 йилда 26532 нафар бола турли шаклдаги интернат муассасаларида истиқомат қилган, уларнинг аксарияти ногиронлиги бўлган болалардир. Интернат муассасаларида яшовчи болалар сони ҳар 100 минг болага 255 тани ташкил этади. Бу кўрсаткич минтақавий ўртача кўрсаткичдан паст, лекин ҳар 100 000 болага 120 бола тўғри келадиган глобал кўрсаткичдан юқори. Интернат муассасаларида истиқомат қилган болаларнинг аксарияти ногиронлиги бўлган болалардир.

Йиғилишда сўзга чиққан UNICEF ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Афшан Хон ҳукуматни Ўзбекистонда болаларни деинститутализациалаш борасида олган қатъий мажбурияти учун қутлашини, давомий ислоҳотлар жараёнининг самарали бўлиши учун болалар, жумладан, ногиронлиги бўлган болалар ва бошқа ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни қамраб оладиган йирик муассасаларни тизимли ва босқичма-босқич ёпишни давом эттириш жуда муҳим эканлигини қайд этди. "Заиф болалар уларни қўллаб-қувватлайдиган турли хизматлар, жумладан жамоатчилик асосидаги ижтимоий хизматлардан фойдалана олишлари учун имкониятларни таъминлаш муҳим деб ҳисоблайман", дея таъкидлади у.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Таълим вазирлиги, Миллий гвардиянинг масъул ходимлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари деинститутализация бўйича олдинга қадам ташлаш йўллари, жумладан мувофиқлаштиришни кучайтириш, ҳуқуқий меъёрий базани мустаҳкамлаш, тегишли мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда заиф болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамжамиятга асосланган хизматларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Сенатнинг Ёшлар ишлари, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова “Ўзбекистонда деинститутализация бўйича қатъий сиёсатни шакллантириш бўйича муваффақиятга эришилгани ва бу борадаги чора-тадбирлар режасини амалга ошириш бўйича жуда муҳим қадамлар қўйилаётганини таъкидлади. Ҳеч кимни четда қолдирмаслик бўйича мақсадимизга эришиш учун болаларни ўз оиласи ва ҳамжамиятида қолишига қаратилган хизматларни янада кучайтириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Манба: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИ

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech