Мамлакатимизда сўнги беш йил давомида гендер тенглик масаласига улкан аҳамият бермоқда. Гендер тенглик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган ва қўллаб-қувватлаш зарурлиги эътироф этилаётган мухим масалалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятининг илк кунлариданоқ асосий эътиборни аёллар ва оила муаммоларига қаратиб келмоқда. Натижада ўтган даврда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелда қабул қилинган “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори шулар жумласидандир. Ушбу қарор моҳиятан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аёлларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, умуман, жамиятимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган, десак, муболаға бўлмайди.
Ўз навбатида, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнига ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Мазкур Қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартда қабул қилинган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида қайд этилганидек, ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Қонунда гендер тушунчасига ҳам таъриф берилган. Гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган ижтимоий жиҳатидир.
Демак, гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларинигина ифодаламайди. Балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, уларга ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон беришни ҳуқуқий кафолатлайди. Бинобарин, ҳар қандай ривожланган демократик жамиятнинг муҳим талабларидан бири ҳам шу — аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида сўзлаган нутқида гендер сиёсати масалалари борасида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва ишбилармонлик соҳасида аёлларнинг ролини тубдан оширишга қаратилган ишлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади. Шу мақсадда жорий йилда Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилаётганига эътиборни қаратди.
Президентимиз 2020 йилнинг 23 сентябрда видеоанжуман шаклида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясидаги нутқида ҳам Ўзбекистонда гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланганини алоҳида қайд этгани бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда юртимизда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора кучайиб бормоқда. Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробар кўпайди.
Ҳақиқатан ҳам, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўзбекистонда бир қатор қонунлар, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Гендер тенглик бўйича тегишли институционал чоралар ҳам кўрилмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинган. Бу янги тузилма аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 1948 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида аёллар ва эркакларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган. Декларациянинг 1-моддасида белгиланганидек, «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак».
БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган яна бир халқаро-ҳуқуқий ҳужжат – Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 3-моддасида таъкидланганидек, «Мазкур пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу Пактда кўриб чиқилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини олади».
Айнан мазкур халқаро нормалар “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунида ўз аксини топган. Бинобарин, юқорида қайд этилган халқаро ҳужжатларни ратификация қилган мустақил давлатимиз халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган талабларидан келиб чиқиб, ўз миллий қонунчилигида аёллар ва эркаклар тенглиги масаласига жиддий аҳамият беришининг сабаби ҳам асослидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шубҳасиз, ана шу асоснинг устувор ҳуқуқий кафолати ҳисобланади. Асосий Қонунимизнинг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар», деб белгиланган.
Шу маънода, Ўзбекистонда гендер тенгликнинг ҳам халқаро-ҳуқуқий, ҳам конституциявий-ҳуқуқий асослари кафолатланган. Гендер тенглик ижтимоий тенгликни ҳам англатади. Бундай тенгликни таъминлаш учун Конституция ва қонунларга зарур қоидаларни киритишнинг ўзи кифоя эмас. Шу боис ҳам, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мамлакатимизда гендер тенгликка эришишда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини янада кучайтириш масаласи давлат ва жамиятнинг доимий диққат марказида турибди. Зеро, бу муҳим омил оилани мустаҳкамлаш, юқори интеллектуал даражадаги ёш авлодни вояга етказиш, жамият барқарорлигини таъминлашнинг асосий пойдевори ҳисобланади.
Ҳамидулло Мўминов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
таҳририятининг Маркетинг, реклама ва тарғибот бўлими бошлиғи
- Қўшилди: 01.03.2021
- Кўришлар: 7597
- Чоп этиш