Ўзбекистонда Интернет жамияти шаклланди, амалда бундан тўғри ва унумли фойдаланиш керак

Пойтахтимизда “Стратегик коммуникациялар ва янги тармоқ стратегиялари тўғрисида хабардор қилиш” мавзусида икки кунлик семинар бошланди.

Тадбир Латвия Республикасининг Молиялаштириш ва шартномалар бўйича марказий агентлиги (CFLA) томонидан, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида ва Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича жамияти (GIZ) кўмагида ташкил этилди.

Тадбир мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида жамоатчилик билан мулоқот самарадорлигини ошириш, давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдирган вазирликлар, идоралар ва ахборот хизматлари вакилларини бирлаштирди. Семинар стратегик коммуникациянинг умумий стандартларини ишлаб чиқишга қаратилган.

Семинарнинг очилишида Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори биринчи ўринбосари Абдулла Абдуқодиров, Латвиянинг Ўзбекистондаги элчиси Рейнис Трокша ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов, адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов  иштирок этди.

Тадбир очилишида сўзга чиққан Абдулла Абдуқодиров бугунги кунда ислоҳотларнинг сифати фақат уларнинг мазмуни билан эмас, балки аҳолига ушбу ўзгаришларнинг мақсади ва кутилаётган натижаларини қанчалик самарали етказа олиш билан  белгиланишини таъкидлади. Бу эса коммуникацияга тизимли ёндашув ва барча даражадаги ташкилотлар ўртасида мувофиқлаштирилган ҳаракатларни талаб қилади.

– Стратегик коммуникациялар жуда катта аҳамиятга эга, – деди А.Абдуқодиров. – Стратегик ҳужжатлар бўйича қўлланма тайёрланмоқда. Унда стратегия, йўл харитаси кабилар қандай бўлиши кераклиги кўрсатиб берилади. Буларни ишлаб чиқиш осон эмас, лекин бундан ҳам қийини шу ҳужжатларни халққа тўғри етказа олишдир. Бу эса жуда катта маҳорат талаб қилади. Кўп ҳолларда давлат бошқаруви органларининг расмий каналларида қабул қилинаётган ҳужжат ёки олиб борилаётган ишлар ҳақида қуруқ ахборот берилади. Бунинг замирида нима ётгани, асл моҳияти эса яхши очиб берилмайди. Зеро, давлат органларида очиқликни таъминлаш бўйича зарур ҳужжатлар қабул қилинган. Семинардан кўзланган мақсад бу борада масъул бўлган ахборот хизматлари малакасини оширишдан иборат.  

Ўз навбатида, Латвия элчиси Р.Трокша халқаро тажриба билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдириб, давлат органларининг коммуникация соҳасидаги институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади. У очиқлик ва ишонч самарали бошқарувнинг ажралмас таркибий қисмлари эканини таъкидлади.

– Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони 2017 йилда 14 миллион нафар бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 32 миллион нафарга етди, – деди АОКА директорининг биринчи ўринбосари Д.Саиджонов. – Ўзбекистонда Интернет жамияти шаклланди. Амалда бундан самарали фойдаланиш, керакли ахборотларни халққа ўз вақтида ва сифатли етказиш жуда муҳим. Ахборот оқими эса чегара танламайди. Шундай шароитда ахборот хизматлари ўз фаолиятини олиб бормоқда. Бу тизим нафақат идора ва ташкилотлар ҳақидаги хабарларни тарқатиш, балки жамоатчилик фикрига жавоб беришдек масъулиятли вазифани адо этмоқда. 2019 йилда халқнинг фикри, билдирган эътирози ва танқидларга муносабат билдириш 15 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 95 фоизга етди. Яъни, давлат органлари халққа очилди.  

Семинарнинг биринчи кунида иштирокчилар стратегик коммуникацияни режалаштиришнинг асосий тамойиллари,  манфаатдор томонлар ва мақсадли аудиторияларни жалб қилиш,  инқирозли вазиятларда ахборот тарқатиш воситалари ва стандартлари,  давлат сиёсатида очиқлик ва жавобгарликни таъминлашда ҳуқуқий базанинг роли каби масалаларни муҳокама қилди. 

Адлия вазирлиги, GIZ ва АОКА вакиллари маърузалар ва тақдимотлар орқали ОАВ билан ҳамкорлик қилиш, ислоҳотларга ишончни ошириш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди.

Семинарнинг амалий қисми интерактив гуруҳ ишини ўз ичига олди. Унда иштирокчилар ўз ташкилотларининг ички коммуникация стратегияларини такомиллаштириш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлди. Муҳокамалар якунида иштирокчилар ягона методологик ёндашувларни жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Мунтазам касбий мулоқотни ташкил этиш фойдали экани айтиб ўтилди. 

Семинар ўз ишини 21 май куни давом эттиради. Иккинчи куни иштирокчилар соҳавий стратегияларни жамоатчиликка самарали етказиш воситалари, рақамли коммуникация форматлари ва Европа Иттифоқи мамлакатларининг институционал ривожланиш ва жамоатчилик билан мулоқот тажрибалари билан танишади.

Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech