Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасини тақдим этди. Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида янгилик бўлган бундай тадбир илк бор 2017 йил 22 декабрда ўтказилган эди. 2018 йилнинг 28 декабрида эса иккинчи Мурожаатнома тақдим этилди. Мазкур дастурий маърузалар чуқур мазмун ва катта аҳамиятга эгалиги, барча соҳаларга алоқадорлиги билан халқимизда ва ҳамкор мамлакатлар жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган.
Бу галги Мурожаатномада ҳам ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар, жорий ва келгуси йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар, давлатимиз ички ва ташқи сиёсати учун асосий вазифалар баён этилиб, долзарб қонунчилик ташаббуслари илгари сурилди.
Шу кунларда Мурожаатнома жойларда кенг жамоатчилигимиз томонидан қизғин ўрганилмоқда.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари:
– Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги учинчи Мурожаатномасини тақдим этган нуфузли мажлис Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 4 та телерадиоканали, 5 та телеканали ҳамда 12 та ҳудудий телерадиокомпания, шунингдек, 5 та нодавлат телеканал ҳамда Президентнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, интернетдаги тегишли сайтлар орқали тўғридан-тўғри намойиш қилинди.
Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида Мурожаатнома сурдо таржима билан, шунингдек, рус ва инглиз тилидаги таржималари билан эфирга узатилди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистонда қисқа муддат – атиги 3 йил ичида давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатнома тақдим этиш амалиёти энг илғор халқаро тажрибаларга хос ва мос равишда йўлга қўйилганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасининг қуйидаги ўзига хос хусусиятларини кўрсатиш мумкин.
Биринчи хусусияти: ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеанинг аввалгиларидан фарқли жиҳати шундаки, мамлакатимиз раҳбари бу галги Мурожаатномани миллий парламентнинг янгиланган таркибига тақдим этди. Қўшма мажлисда олдинги чақириқ депутатлари ҳам қатнашди.
Иккинчи хусусияти: Мурожаатномада даставвал 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтган сайловлар ҳақида сўз борди.
Президентимиз мамлакат тарихида илк бор қабул қилинган Сайлов кодекси асосида, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган бу муҳим сиёсий тадбир жараёнларини холис, ҳаққоний баҳолаб, фуқаролик жамияти қуриш йўлида берган тавсиялари учун халқаро кузатувчиларга бутун халқимиз номидан миннатдорлик билдирди. Нуфузли халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсияларидан кейинги сайловларда албатта фойдаланамиз, деди давлатимиз раҳбари.
Учинчи хусусияти: Мурожаатномада 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” якунлари сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича кейинги уч йил давомида амалга оширилган асосий ишлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Бунга қадар биринчи Мурожаатномада 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, Иккинчи Мурожаатномада эса 2018 йил – «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» якунлари чуқур таҳлил қилинган.
Тўртинчи хусусияти: мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб олинди.
Бунгача Мурожаатномада Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосан яқин бир йиллик энг муҳим вазифаларини белгилаш амалиёти қўлланилган.
Дунё тажрибаси билан қиёслаганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатнома тақдим этиши тимсолидаги мазкур сиёсий-ҳуқуқий тадбир бу борадаги энг илғор хорижий амалиётга нафақат мос ва мутаносиб, балки намуна бўладиган яхши анъанага айланди, дейишга барча асосларимиз бор.
Маълумки, 2019 йил сентябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян юртимизда расмий ташриф билан бўлди. Ўшанда Диего Гарсия-Саян дастлабки тавсияларини берди.
Ушбу тавсиялар судьяларни сайлаш ва тайинлаш; судьяларнинг лавозимида ишлаб қолишини кафолатлаш; судьяларни профессионал асосда тайёрлаш; суд раисларини тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари кўламини қайта кўриб чиқиш; судьяларга интизомий чора кўриш тартиб-таомилларини мукаммаллаштириш; Олий суд кенгаши аъзоларини сайлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш; прокуратура тизими ваколатларини қисқартириш; адвокатлар сонини ошириш ва ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш истиқболлари билан боғлиқ.
Президентимиз парламентнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш истиқболлари хусусида ҳам атрофлича тўхталди. Аввало, парламентимиз Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббусларини амалга оширишда фаол иштирок этиши керак.
Давлатимиз раҳбари сўнгги уч йилда турли нуфузли халқаро ташкилотларда қарийб 30 та ташаббус билан чиқди. Жумладан, Президентимиз БМТ даражасида илгари сурган 7 та ташаббус бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциялари қабул қилинди.
ШҲТ доирасида Ўзбекистон Президентининг 8 та халқаро ташаббуси амалга оширилди. Худди шундай 10 дан зиёд муҳим ташаббуслар ЮНЕСКО, МДҲ, ИҲТ, ТУРКСОЙ, Марказий Осиё минтақаси миқёсида илгари сурилди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, биз Ўзбекистон ташқи сиёсатини фаоллаштириш юзасидан бошлаган кенг кўламли ишларни, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат курсини давом эттирамиз. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз.
Музаффаржон МАМАСИДДИҚОВ,
Бош прокуратура Академияси Маркази бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор:
– Давлатимиз раҳбари 2020 йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном беришни таклиф этганлиги бежиз эмас. Зеро, шиддат билан ривожланаётган бугунги давр инсонга моддий эҳтиёжларини қондиришдек бирламчи эҳтиёжлар қаторига сув ва ҳаводек зарур – илмни ҳам қўшдики, шу туфайли у ўзлигини англаб, тараққиёт сари дадил қадам қўймоқда.
Маълумки, ҳозирги кунда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини жадал ривожлантириш ва сифатини ошириш, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини изчил ва барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилига айланди.
Илғор хорижий тажриба, жаҳон фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар асосида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани жадал инновацион ривожлантиришни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Бироқ бугунги кунда замон талабларидан келиб чиқиб, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш тизимининг сифати ва самарадорлигини тубдан ошириш, олий ўқув юртидан кейинги таълим соҳасини янада такомиллаштириш, илмий-тадқиқот фаолиятида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳар томонлама намоён этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида илғор хорижий мамлакатларнинг мазкур соҳадаги амалиётини ҳисобга олган ҳолда амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаш-тириш зарурати туғилмоқда.
Зеро, давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам илм-фан ютуқларининг электрон платформаси, маҳаллий ва хорижий илмий ишланмалар базасини шакллантириш лозимлигини, ҳар бир олий таълим ва илмий-тадқиқот даргоҳи нуфузли чет эл университетлари ва илмий марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шартлигини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини чуқур ўрганмай туриб, ушбу соҳани янада такомиллиштириш, таълим – фан – амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш қийин кечади.
Мурожаатномада олий таълимда ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш талаб этилиши, жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланиши, бу ишлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилиши таъкидлангани бежиз эмас.
Бундан ташқари давлатимиз раҳбари мамлакатимиз учун илм-фан соҳасидаги устувор йўналишларни аниқ белгилаб олишимиз кераклигини алоҳида таъкидлади. Бинобарин, ҳеч бир давлат илм-фаннинг барча соҳаларини бирйўла тараққий эттира олмайди.
Мурожаатномада биз ҳам ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш тарафдори эканлигимиз, жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилиши, шунингдек, илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизмини тубдан қайта кўриб чиқиш кераклиги таъкидланди.
Шундай қилиб, жорий йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши тимсолида мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг самарадорлигини ошириш, мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ролини янада кучайтириш, шу мақсадда ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ҳамда амалиётга жорий этиш устувор вазифа этиб белгилаб берилгани эътиборга сазовордир.
Раҳимқул ТОШБОЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг судьяси:
– Президентимиз ҳар гал Конституция кунига бағишланган анжуманда ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтадилар.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, жамият тараққиёти қонун устуворлиги ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги билан чамбарчас боғлиқдир.
Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу билан бирга, Мурожаатномада суд мустақиллигини тўлиқ таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлиши зарурлиги ва судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлиши алоҳида таъкидланди.
Президентимизнинг ушбу гаплари мени нафақат суд ҳокимиятининг вакили сифатида, балки жамиятимизнинг оддий аъзоси сифатида ҳам жуда қувонтирди. Сабаби, қайси жамиятда адолат оёқости бўлса, одамларда қонун устуворлигига ишончсизлик пайдо бўлса, адолат посбони бўлмиш судья қўрқоқ ва кимгадир тобе бўлса, шу жамият аста-секин таназзулга учраши барчага аён.
Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур қоидаларни рўёбга чиқариш судьялар зиммасига юклатилган ўта муҳим вазифа – одил судловни оғишмай амалга оширишда ифодаланади.
Суд ҳокимиятининг, судьянинг мустақиллиги эса одил судловни амалга амалга оширишнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Мамлакатимизда судьяларнинг мустақиллиги асосан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Судлар тўғрисидаги” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар билан кафолатланган. Конституциямизнинг 106-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Давлат органлари, бошқа институтлар ва хусусий шахслар судьяларни мажбурлаш ёки уларни муайян қарорлар чиқаришга оғдириш йўлида босим кўрсатишдан тийилишлари керак. Шу маънода, Мурожаатномада суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозимлиги, иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкинлигини белгилаш юзасидан берилган таклиф судлар мустақиллигини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Чунки, амалиётда у ёки бу сабабларга кўра прокуратура органлари томонидан айнан шу йўл орқали судьяга босим ўтказишга уринишлар учраши ҳеч кимга сир эмас. Эндиликда бундай ҳолатларга барҳам берилиши судьяларнинг фақатгина қонунга бўйсунган ҳолда, ташқи таъсирларсиз қарорлар чиқаришини таъминлайди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифа эканлиги, айниқса суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шартлиги, шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозимлигини алоҳида таъкидланганди.
Шунингдек, ушбу маърузада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш борасида ўта муҳим таклиф – келгуси йилдан бошлаб суриштирув ва дастлабки тергов жараёни устидан суд назоратини ўрнатиш, яъни прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартибини жорий этиш таклифи билдирилди.
Аҳамиятли томони шундаки, ушбу таклифларнинг амалга оширилиши келгусида жиноят ишини қўзғатиш босқичидан бошлаб терговда йўл қўйилган хато ва камчиликларни барвақт аниқлаш ва уларни зудлик билан бартараф этиш, фуқароларни асоссиз айблаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ноқонуний чеклашга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:
– Давлатимиз раҳбари миллий парламентга учинчи маротаба Мурожаатнома билан чиқаётган бўлса-да, янги таркибдаги парламент учун бу биринчи ҳамда тарихий Мурожаатнома бўлди. Мурожаатномада нафақат 2020 йилда, балки келгуси 5 йилда мамлакатимизни ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди.
Мурожаатномани тақдим этиш жараёнининг ўзига эътибор қаратадиган бўлсак, ундаги аудиторияда нафақат амалдаги Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус ҳамда нодавлат ташкилотлар вакиллари, балки олдинги чақириқ парламент аъзолари ҳам иштирок этди. Бу авваламбор мамлакат Президентининг парламент ва унинг аъзоларига бўлган ҳурматини яққол намоён этади.
Яқинда ўтган сайловлар давомида халқимиз томонидан бир қатор долзарб масалалар кўтарилди. Сайловлардан сўнг уларни ҳал этишга бел боғланмас экан, сайловчилар олдида депутатнинг обрўси ҳам бўлмайди.
Шу сабабли давлатимиз раҳбари депутатларга мурожаат қилиб, сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарурлигини таклиф қилди. Айни пайтда Қонунчилик палатасининг ҳар бир депутати мазкур масала устида ишлаб, сайловчиларнинг розилигини таъминлаш учун ўз вазифаларини белгилаб олмоқда.
Мурожаатномада белгиланганидек, тадбиркорлик соҳасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш сиёсати изчил давом эттирилади. Жумладан, сохта тадбиркорлик, рақобатчининг обрўсини тушириш каби қилмишлар учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади.
Шунингдек, божхона қонун ҳужжатларини бузиш билан боғлиқ жиноятни биринчи марта содир этган, лекин тўловларни тўлаган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш белгиланди. Демак, парламент хусусан, Қонунчилик палатаси депутатлари олдида амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритиш вазифаси турипти.
Яна бир масала: амалиётда айнан бир тадбиркорлик субъекти аъзолари томонидан жиноят содир этилса уни “жиноий уюшма” томонидан содир этилган жиноят сифатида квалификация қилинади. Ваҳоланки, бундай тадбиркорлар айнан жиноят содир этиш учун бирлашмайдилар, балки ўзларининг тадбиркорлик мақсадлари нуқтаи назаридан уюшадилар.
Мурожаатномада ушбу “ҳуқуқий муаммо”нинг ижобий ечими берилди. Хусусан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъекти аъзоларига “жиноий уюшма” деган айблов қўйиб, уларга оғир жазо тайинлаш каби тартибни бекор қилиш таклиф этилди.
Маълумки, халқ томонидан шакллантирилган вакиллик органи сифатида парламент бугунги кунда ижро ҳокимияти устидан назорат ўрнатиб келмоқда. Ҳукумат раҳбаридан бошлаб барча ҳукумат аъзолари ва вилоят ҳокимлари ҳам парламентга ҳисобот беради.
Бироқ, маҳаллий вакиллик органларида-чи? Нега вилоят ва туманлардаги раҳбарлар ўз фаолияти ҳақида маҳаллий Кенгашларга ҳисобот бермаслиги керак?
Шу сабабли Президентимиз вилоят ва туман ҳокимлари ўз дастурлари ва уларнинг ижроси тўғрисида вилоят Кенгашларида ҳисобот берадиган тизимни жорий қилишни таъкидлади. Эндиликда қуйи маҳаллий вакиллик органлари ҳам худди парламент сўрови каби назорат шаклидан фойдаланади, аниқроғи, Кенгаш сўрови институти жорий этилади. Бу, ўз навбатида, жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқчиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Парламент яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиши таклиф этилди. Бунда биз, парламент аъзолари аввало тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.
Ўзбекистон 2008 йилда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилгани коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди. 2017 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди.
Бироқ, Мурожаатномада қайд этилганидек, тадбиркорлар ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келмоқда. Коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтиш ҳамда ана шу вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида органни ташкил этиш таклиф этилди.
Умуман олганда, Мурожаатнома парламент аъзоларининг сайловчилар олдидаги масъулиятини оширишга, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизга муносиб вакил бўлиб хизмат қилишлари учун муҳим дастуриламалдир.
Хусан ТУРСУНОВ,
Қарши туманлараро иқтисодий суди судьяси:
– Давлат раҳбарининг Мурожаатномадаги: “оқлов ҳукмлари чиқарилаётгани судларнинг мустақиллиги, судьяларнинг қатъияти натижасидир, судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади, суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сўраётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак, судьяларимизнинг адолатни ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида оқлов ҳукмларини чиқараётгани, ҳеч шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳасидаги энг катта ютуғимиздир, мен Президент сифатида судьяларнинг бундай жасорати ва қатъиятини бундан кейин ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайман”, деган эътироф ва ишонч тўла фикрлари биз, судьяларга айниқса катта руҳий мадад бўлди.
Бундай юксак баҳо ва натижага ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Авваламбор, бу шахсан давлатимиз раҳбарининг бевосита саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари билан охирги уч йилда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотларнинг мевасидир.
Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугун суд идоралари ўзининг мустақиллигини, холислигини фақат қонунларда ёзилганидек эмас, балки амалда ўз фаолиятида кўрмоқда. Шу боис судга мурожаат қилаётган тадбиркорлар ва фуқароларнинг ишончи тобора ортиб бормоқда.
Суд қарорларининг сифати ва барқарорлиги сезиларли даражада ошмоқда, суд муҳокамаларида ошкоралик ва шаффофлик таъминланмоқда, холис ва объектив ўтказилмаган солиқ текширувлари тадбиркорлар фойдасига ҳал этилмоқда. Қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча зиддият ва ноаниқликлар тадбиркорлар манфаатига талқин қилинмоқда, низоларни ўзаро муроса йўли билан ҳал этишга қаратилган зарур чоралар кўрилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, иқтисодий низоларни кўриб чиқишда тадбиркорлик фаолияти устуворлиги таъминланмоқда. Энг муҳими, бугун суд тизимида дунёқараши кенг, замонавий чуқур билим ва тажрибага эга, юксак маънавиятли, адолат йўлида содиқ турадиган янги авлод судьялар корпуси шаклланмоқда.
Табиийки, Президентимиз ва халқимизнинг бундай юксак ишончи ва эътирофи қонун устуворлигини таъминлаш ва адолат йўлида катта масъулият ва қатъият билан тинимсиз меҳнат қилишимизни талаб этади. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига йўл қўймасликда, энг аввало, биз собитқадамлик билан муросасиз бўлишимиз лозим.
Бунда судьялик қасамёдига ҳар дақиқа ва ҳар қадамда содиқ қолишимиз, “ҳалоллик вакцинаси”ни ич-ичимизга сингдиришимизда, давлат раҳбари томонидан Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишда бор куч-ғайратимизни халқимизни суд идораларидан рози бўлишига эришиш йўлида сарифлашимиз ва бу борада биринчилар қаторида ташаббускор бўлишимиз талаб этилади.
Замира ЭСОНОВА,
юридик фанлар доктори профессор:
– Мурожаатномада белгилаб берилган дастуриламал ғоялар ва муҳим вазифалар ҳаётимизнинг барча соҳалари, жумладан, илм-фанни изчил ривожлантириш йўлидаги ишларимизга кучли ижобий туртки беради.
Чунки айни кунларда олдимизда юридик фанни ривожлантириш, унинг илмий асосларини кучайтириш, юридик фанларни такомиллаштиришга доир концепцияни яратиш, назария ва амалиёт бирлигини уйғунлаштириш, илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш орқали илмий асосланган хулосалар бериш, ўқув ва илмий ишланмалар яратиш, уларнинг аҳолига зарур ва эҳтиёжманд қисмини тижоратлаштириш, ислоҳотларга ҳамоҳанг, давлатимиз ва жамиятимизга фойда келтирадиган стратегик, узоқни кўра оладиган ғоялар яратиш вазифалари қўйилган.
Ҳозирги вақтда юртимизда илм-фанни ривожлантириш, тадқиқотларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш, илмий фаолият натижадорлигини ошириш, иқтидорли талабалар илмий изланишлар олиб боришлари учун зарур шароитлар яратилган.
Энг асосийси, ушбу соҳада таълим жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш, ўқув дастурларининг ишлаб чиқариш билан ҳамоҳанглигини таъминлаш ва профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ишларига янгича ёндашувлар кузатилмоқда.
Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасининг барча бўғинлари – мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимларини такомиллаштириш, янги муассасалар бунёд этиш ва мавжудларини қайта таъмирлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ёшлар камолотида ўз самарасини бермоқда.
Илм-маърифат деганда, аввало таълим олиш ва таълим бериш, илмий-тадқиқотлар ўтказиш, устоз-шогирд анъаналарини йўлга қўйиш, маърифатли бўлиш ва маърифатли бўлишга ундаш, ана шу илм-маърифат билан эл-юрт корига яраш, давлат ва жамият ишига улуш қўшиш билан боғлиқ фидокорона фаолият тушунилади.
Тарихдан маълумки, барча замонларда илм орқали амалиёт, соҳа, тармоқ ривожланган, чунки концепциялар, ғоялар, стратегик аҳамиятга эга вазифалар аввало, илм-фанда вужудга келган, кейин амалиётга жорий этилган. Илмий таклиф ва хулосаларга ҳамма жойда ва ҳамма даврда таянилган, асосий устқурма (базис) сифатида эътироф этилган. Чунки илмдаги таклифлар илмий асосланганлиги билан эътиборга молик бўлган.
Презиентимиз таъкидлаганидек, энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила бугун ўз ҳаётида ҳис этиши керак. Мурожаатномада белгиланган устувор мақсад ва вазифалар эса бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини бермоқда.
Давра суҳбатини Ғулом Мирзо тайёрлади
Манба: «Куч – адолатда» газетаси
- Қўшилди: 03.02.2020
- Кўришлар: 6353
- Чоп этиш