Қонун талабларини бузган субъектларга нисбатан жарималар қўлланилди

Реклама — ахборот воситаси орқали таъсир кўрсатиш қуроли. Агар у қонун талабларига зид бўлса, одамларни чалғитади, эҳтимолий хатарга дучор этади ва бозорда нотекис рақобатга сабаб бўлади.

Шу боис, реклама фаолияти аниқ қонун-қоидалар асосида амалга оширилиши талаб этилади. Афсуски, айрим тадбиркорлар бу қоидаларга риоя этмай, ноқонуний, мантиқсиз, алдамчи ёки этикага зид рекламаларни тарқатишга йўл қўймоқда. Бу эса нафақат қонунбузарлик, балки жамоатчилик ишончига путур етказувчи ҳолат сифатида баҳоланади.

Шу нуқтаи назардан, давлат органларининг бу борадаги назорати ва қонунбузарларга нисбатан жарима санкциялари қўллаши жуда ўринли.

Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари ҳамда ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган реклама материалларининг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш ишлари натижасида интернет тармоқлари ҳамда ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган рекламаларнинг қонунчилик талаблари бузилишига йўл қўйган субъектларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ 17 та субъектга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, молиявий жарима қўллаш бўйича қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатмалар берилди.

Қонун талабларини бузган субъектларга нисбатан жарималар қўлланилиши — бу жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган зарур чора. Ҳар бир реклама берувчи ўз фаолиятида қонунчиликни билиши, уларга амал қилиши, жамоатчилик олдида масъулият ҳис қилишини унутмаслиги лозим.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech