Шу йил 16-17 июль кунлари Самарқандда "Самарқанд Давлат университети - Улуғбек мадрасаи олиясининг вориси" мавзуида халқаро илмий конференция бўлиб ўтди. Онлайн-анжуманни Самарқанд давлат университети ректори профессор Р.Холмуродов бошқарди.
Конференциянинг ялпи мажлисида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Р.Қосимов, Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази бош директори Халит Эрен, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик А.Саидов ва бошқаларнинг табрик сўзлари эшитилди, деб хабар берди ЎзА.
Халқаро анжуманда Ўзбекистонда таълим ва илм-фан соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар Самарқанд давлат университети тақдирида ҳам ғоят муҳим ҳаётбахш ўзгаришларни вужудга келтирганига эътибор қаратилди. Дунё таълим тизимининг илғор технологияларини ўқув-тарбия жараёнига татбиқ этиш билан бирга, бу қутлуғ масканда шонли анъаналар давом эттирилмоқда ва улар Самарқандда замонавий университет моделининг яратилишига хизмат қилмоқда.
Тарихий манбалар ва илмий тадқиқотлар Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси эканини, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам 1420 йилга, яъни Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг таъсис этилиш санасига бориб тақалишини яққол намоён қилиб турибди.
Ушбу масала анча вақт давомида юртимиз илмий жамоатчилиги, дунёдаги нуфузли университетлар, илм-маърифат марказлари вакиллари ўртасида атрофлича муҳокама этилди ва чуқур таҳлил қилинди. Бу борадаги тарихий манбалар ўрганилди ҳамда тарихий ҳақиқат қарор топди.
Шу асосда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши жорий йилнинг сентябрь ойида Самарқанд давлат университети ташкил этилганлигининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Мазкур илмий анжуман ана шу юбилей тадбирлари доирасида ўтказилгани билан аҳамиятлидир.
Халқаро илмий конференцияда, шунингдек, Марказий Осиё, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди тарихда илм-фан, маданият ва санъатнинг қадимий бешиги бўлганлиги эътироф этилди. Заминимиздан етишиб чиққан ва дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларнинг илмий-фалсафий қарашлари ҳамда бебаҳо илмий меросларида мадраса таълими муҳим ўрин тутгани таъкидланди.
Тарихий манбаларга кўра, X асрнинг охирига келиб Самарқандда 17 та мадраса фаолият юритган. Булар орасида олий мадраса мақомига эга мадрасалар ҳам бўлган. Амир Темур ва темурийлар ренессанси даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда, хусусан, пойтахт Самарқандда фан ва маданиятнинг мисли кўрилмаган тарзда юксалиши бу даврда мамлакатнинг йирик шаҳарларида олий мадрасалар қурилгани, бу таълим масканларида етук алломалар ва мударрислар фаолият кўрсатгани билан боғлиқ.
Академик А.Саидов қайд этганидек, Амир Темур ўз даврида илмга, маърифатга асосланган давлат қурган. Асрлар давомида илм ўчоғи бўлсин, деб мадрасалар қурдирган. Бу мадрасаларда диний ва дунёвий илмлар ҳамоҳанг равишда ўрганилган.
Соҳибқирон бобомиз авлодлари, хусусан, Мирзо Улуғбек ул зотнинг маърифатпарварлик ва бунёдкорлик ишларини изчил давом эттирган. Улуғ шоҳ ва олим аждодимиз минтақа шаҳарларини, айниқса, Самарқанд ва Бухорони илму маърифат даргоҳига айлантиришга интилган.
Мирзо Улуғбек бунёд эттирган Самарқанддаги 2 та, Бухоро ва Ғиждувондаги биттадан - жами 4 та мадраса орасида Регистон ансамбли таркибидаги мадраса нуфузи жиҳатидан Марказий Осиё минтақасидаги энг олий таълим маскани ҳисобланган. Мирзо Улуғбек қурдирган олий мадраса ва унинг қошида барпо этилган расадхона меъморий бетакрорлиги ва нодирлиги, деворида ва пештоқида акс этган етти иқлим харитаси ва юлдузли осмон чизилган, илм ҳақидаги ҳадису ҳикматлар битилган бу иншоотлар ҳақли равишда Ўрта асрлардаги Самарқанд мадрасаларининг рамзига айланди.
Машҳур тарихчи ва шоир Зайниддин Восифийнинг “Бадоеъ ул-вақоеъ” асарида келтирилишича, Мирзо Улуғбек мадрасасида Клавдий Птоломейнинг астрономия фани ютуқларига бағишланган “Ал-Мажастий” (“Альмагест”) асари бўйича илк дарсни 1420 йил 21 сентябрда машҳур олим Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўтган. Худди шу кунни, мадрасаи олияда мадраса фаолиятининг бошланиш санаси, деб ҳисоблаш ўринлидир.
Шу маънода, халқаро илмий анжуман иштирокчиларининг якуний фикрича, Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг бевосита вориси бўлиб, унинг таъсис этилиш тарихи ҳам 1420 йилга Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг таъсис этилиш санасига бориб тақалади. Бу, ўз навбатида, Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек асос солган мадрасаи олиянинг бевосита давомчиси, деб хулоса чиқаришга ва ҳақли равишда Университетнинг 600 йиллигини кенг нишонлашга асос бўлади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.07.2020
- Кўришлар: 4244
- Чоп этиш