Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш демократик ислоҳотлар гаровидир

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Наманган давлат университети, Термиз давлат университети, Нукус давлат университети ҳамда Самарқанд давлат университетлари ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги: ҳолати ва истиқболлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди. 

“Zoom” онлайн платформаси шаклида ташкил этилган ушбу тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, институт ва марказ ҳодимлари, юридик соҳада фаолият юритувчи таниқли олимлар, экспертлар ҳамда амалиётчилар қатнашди.

Таъкидланганидек, миллий сайлов қонунчилигимизни такомиллаштириш, уни умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга уйғунлаштириш, мамлакатимизнинг сиёсий нуфузини янги босқичга кўтариш, халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини янада яхшилаш асосий вазифалардан биридир. Шунингдек, 2019 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида юзага келган бир қатор камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, халқаро ташкилотларнинг айрим мақбул тавсияларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш орқали мамлакатимизда бу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятини халқаро ҳамжамиятга етказиш зарурлиги қайд этилди.

Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

 

Сўз — иштирокчиларга

 

Абдуманноп ТЎЛАГАНОВ, юридик фанлар доктори:

— Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсадлари доирасида умумэътироф этилган демократик талаб ва принципларни ҳисобга олган ҳолда давлатимиз тарихида биринчи марта Сайлов кодекси қабул қилинди, сайлов ташкилотчилари ва иштирокчиларининг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди, Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатининг фаолият кўрсатиши тартиби қонуний тартибга солинди ва синовдан ўтказилди.

Энг муҳими, Сайлов кодекси 5 та илгари мавжуд бўлган қонунларни ўзида бирлаштирди. Унга ўттиздан ортиқ янги қоидалар, жумладан, халқаро ташкилотларнинг қатор таклифлари асосида ишлаб чиқилган нормалар киритилди.

Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси миллий сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга мослаштириш, мамлакатнинг халқаро демократия индексларидаги мавқеини изчил ошириш учун мўлжалланган.

Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш борасида, биринчидан, қонун лойиҳасининг 6-моддаси учинчи қисмида “Сиёсий партиялар сайлов кампанияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар учун ҳисобварақ очилади” деб аталадиган жумлани “ҳамда барча келиб тушадиган маблағлар учун мўлжалланган” деб тўлдириш, иккинчидан, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатлари асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартириш” тушунчаси 7 кун (бир ҳафта) этиб белгиланиши мақсадга мувофиқ, деб биламиз.

 

Мурод ТУРҒУНОВ, юридик фанлар номзоди:

— Қонун лойиҳаси бир қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Шулардан бири қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига Марказий сайлов комиссияси ёки Ҳукумат томонидан эмас, балки депутатлар гуруҳи томонидан қонунчилик ташаббусини амалга ошириш доирасида тақдим этилгани бўлди.

Қолаверса, қонун лойиҳаси аҳоли иштирокида кенг муҳокама этилишини ҳисобга олган ҳолда “қонуннинг ягона манбаи ва муаллифи бўлиши керак” тамойили асосида ишлаб чиқилди. Бу депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги ошганидан далолат беради. Шунингдек, миллий сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, уни қабул қилинган халқаро андозаларга мувофиқ олиб бориш мақсадида АҚШ, Швейцария, Испания, Франция, Германия каби йигирмадан ортиқ хорижий давлатларнинг сайлов ҳуқуқи борасидаги тажрибаси чуқур ўрганилди.

Миллий ва хорижий экспертлар тавсиялари асосида сайлов комиссияларининг мустақиллиги, эркинлигини таъминлаш, уларнинг мақомини қонун билан мустаҳкамлаш, маҳаллий сайлов комиссияларини оптималлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилмокда ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланмокда. “Оптимизация” натижасида 54 мингдан зиёд аъзодан иборат 5 минг 739 та округ сайлов комиссиялари тугатилади. Бу салмоқли инсон ресурслари тежалади, ортиқча ва кераксиз оворагарчиликка барҳам берилади, деганидир.

 

Маъруф УСМОНОВ, фалсафа фанлари доктори:

— Қонун ташаббуси билан чиққан депутатлар гуруҳи таркибида барча сиёсий партиялар вакиллари мавжудлигига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Яъни, қонун лойиҳаси мамлакатдаги барча сиёсий кучларнинг мамлакат сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада ривожлантириш бўйича консенсуси натижасидир. У 2020 йил февралдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида сиёсий партиялар, уларнинг электоратлари ва фаоллари, сайлов органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида кенг муҳокамадан ўтказилган.

Тегишли давра суҳбатлари, учрашувларда сайлов комиссиялари тизими ва ҳуқуқий мақоми, сайловга доир қонунчилик, сайловларнинг календар режаси ва амалга ошириш муддатлари, сайлов бюджети, халқаро ҳамкорлик, сиёсий партияларнинг сайловлардаги иштироки, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайловчиларни рўйхатга олиш жараёни, сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш каби масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли таклифлар олинган. Ушбу таклифлар қонун ташаббускорлари томонидан йиғиб, таҳлил қилинган, тизимланган ва қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда инобатга олинган.

Қонун лойиҳасида ҳам фуқароларнинг сайловда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг жойлашган жойи ва вақтинчалик яшаш жойидан қатъи назар, сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бунга мисол қилиб, 2019 йилги сайловларда Россия, Корея Республикаси ва Қозоғистонда фаолият юритаётган 90 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси кўчма сайлов қутиларидан фойдаланган ҳолда овоз берди. Лойиҳага хорижий давлатларда бўлган фуқароларни сайлов рўйхатига киритиш ва хорижий давлатда сайловчининг яшаш жойида овоз бериш тартибини белгилашга бағишланган иккита алоҳида модда киритилган.

 

Абдулло АСЛОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси:

— Қонун лойиҳасининг муҳокамаси ёшлар орасида ниҳоятда қизғин давом этмоқда.

Хусусан, ёшлар орасида қонун лойиҳасига бағишланган сўровнома ўтказилди. Иккита саволдан иборат бўлган сўровда бир кун давомида 911 нафар респондент иштирок этиб, “Қонун лойиҳаси ҳақида хабарингиз борми?” саволига аксарияти, яъни 637 нафар респондент ижобий жавоб берган. “Қонун лойиҳасига муносабатингиз” саволига 719 нафар респондент ижобий жавоб берган бўлса, 71 нафари салбий ҳамда 121 нафари жавоб беришга қийналаман, мазмунида жавоб айтган.

Умуман олганда, миллий сайлов қонунчилигини умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига янада мувофиқлаштириш ҳамда сайлов жараёнида ёшларнинг қизиқишини ошириш — пировард мақсадимиз.

 

Жўрабой ТОШҚУЛОВ, юридик фанлар доктори:

— Мамлакатимиз ҳудудида сайловлар азалдан амалга ошириб келинган. Бу, кечаги ёки яқин тарихимиздаги воқелик эмас. Халқаро ҳамжамиятда Буюк Британия парламентаризмнинг ватани, деб тан олинса-да, ўтказилган тадқиқотлар ўлкамизда қадимги замондан бошлаб кенгашлар, қурултойлар фаолият юритганини, ушбу органларга муносиб вакиллар сайланганлиги, улар жамият ҳаётига катта таъсир кўрсатганлигини,  умуман олганда, демократик сайловлар тизими мавжуд бўлганлигини исботлайди. 

Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихида сайловлар билан боғлиқ бой тажрибалар бисёр. Масалан, Даван давлати, Ўрта асрларда мавжуд мамлакатлар, Темурийлар салтанати ва бошқалар тарихига назар солсак, давлат бошлиқларининг сайловлар асосида ҳокимият тепасига келиши, ўзига хос парламентлар фаолият юритганини, уларнинг жавобгарликка тортилиши масалалари, уларга нисбатан ишончсизлик (импичмент) эълон қилинишининг мумкинлиги билан боғлиқ қоидалар мавжуд бўлганлигининг гувоҳи бўламиз.

Кўпгина давлатларда мавжуд бўлган Оқсоқоллар кенгаши эса катта мавқега эга бўлиб, мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётига жуда катта таъсир кўрсатганлигини, давлат бошлиқларини жавобгарликка торта олганини, уларнинг ҳатто, ҳокимиятдан четлаштирилиши билан боғлиқ тажрибаларни кузатиш мумкин.      

 

Феруза ҲАМДАМОВА, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори:

— Амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришда умумий тенденцияларни инобатга олиш лозим. Биринчидан, бугунги кунда қонунчиликни такомиллаштиришда инобатга олинадиган ва таъсир кўрсатувчи энг асосий омиллардан бири — рақамлаштириш жараёнларидир. Шу боис, сайлов жараёнларига рақамли технологияларни жорий қилиш масаласини ўрганиб чиқиш керак. Бу борада хорижий тажрибага назар солиш мақсадга мувофиқ.

Масалан, Россияда бугунги кунда давлат “Мобил сайловчи” механизми жорий қилинган, рақамли сайлов участкаларини ташкиллаштириш бўйича чоралар кўрилмоқда, журналистлар учун рақамли гувоҳномалар жорий этиш масаласи ўрганилмоқда.

Жаҳон тажрибасида “электрон овоз бериш”, “сайлов жараёнларини автоматизация қилиш ва рақамлаштириш”, “электрон референдум” тушунчалари қонунчиликка татбиқ этиляпти.

Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан таҳлил қилсак, асосий тенденциялардан бири  — аҳолининг барча қатламларини ижтимоий-сиёсий жалб қилиш ҳисобланади. Волонтёрлар, ёшлар, аёллар ва ногиронларнинг сайловда иштирокини таъминлаш зарур.

Шулардан келиб чиқиб, сайлов қонунчилигига “электрон овоз бериш”, “сайлов жараёнларини автоматизация қилиш ва рақамлаштириш”, “электрон референдум” тушунчаларини қонунчиликка жорий қилиш ҳамда инклюзив сайлов жараёнини таъминлаш чораларига оид нормалар киритишни таклиф қиламан.

 

Лавиза ИСХАКОВА, юридик фанлар номзоди:

— Қонун ташаббускорлари партияларни сайловларда молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Бу нақадар аҳамиятлилигини АҚШ тажрибаси ҳам кўрсатиб турибди. АҚШда сайловларга оид қонунчиликда партияларни молиялаштиришга бошқа масалаларга нисбатан устувор эътибор қаратилади.

Хорижий экспертларнинг фикрича, сиёсий партияларнинг сайловдаги фаолияти молиялаштириш ва ҳисобот бериш жараёнлари орқали тартибга солиниши лозим.

Лойиҳада сиёсий партияларни молиялаштиришни тартибга солиш масалалари батафсил ёритиб берилган:

  • молиялаштириш миқдори Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва давлат бюджетидан ажратилган маблағлар учун очилган ҳисобварағига белгиланган тартибда ўтказилади;
  • молиялаштириладиган тадбирлар аниқ белгиланган (сайловолди ташвиқоти, ишончли вакилларнинг иштироки, сайлов кампаниялари учун умумий партия тадбирлари);
  • ҳисобот органлари ва ҳисобот шаклини белгилайдиган органлар аниқ белгиланган;
  • сиёсий партиянинг ҳисоботлари унинг расмий веб-сайтида ва босма нашрида эълон қилинади;
  • шаффофликка эришиш учун Ҳисоб палатасининг сиёсий партиялар молиявий фаолиятини текшириш натижалари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Қонун лойиҳасида “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 6, 8, 10, 16, 18-моддаларига таклиф қилинаётган ўзгартиришларда чет эл тажрибасидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

 

Елизавета Куттибаева, юридик фанлар доктори, Қорақалпоқ давлат университети юридик факультети декани:

— Демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш шароитида сайловлар институти демократияни амалга оширишнинг ҳақиқий механизмига айланмоқда. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари билан ҳам тасдиқланган.

Кўп партиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар фаоллигини ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш самарали фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шартларидан биридир. Сайловларни молиялаштиришнинг кўзда тутилган янги тартиби сайлов кампанияси давомида улар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга ёрдам беради.

Миллий сайлов қонунчилигини босқичма-босқич такомиллаштириш, уни халқаро стандартларга тобора тўлиқ мослаштириш ва миллий сайлов тизимини янада мустаҳкамлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг чуқурлашуви билан бевосита боғлиқдир.

 

Жуманазар ХОЛМЎМИНОВ, юридик фанлар доктори, Термиз давлат университети юридик факультети декани:

— Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш масаласи нафақат марказда, балки жойларда ҳам муҳокама қилинаётир. Қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

Республикамизнинг сайлов қонунчилиги ва амалиёти бўйича факультетимиз профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам ўз фикрларини билдираётганлиги эътиборга лойиқ.

Асосий мақсад — юридик соҳадаги илм-фан натижаларини амалиётга, қонун ижодкорлиги фаолиятига татбиқ этишдир.

 

Баҳриддин ТАЛАПОВ, тарих фанлари номзоди, Наманган давлат университети юридик факультети декани:

— Аввалги сайлов ҳақидаги қонунларимизнинг яхлит тамойил асосида кодификациялаштирилгани мамлакатимиз қонунчилигидаги муҳим қадамдир.

Сайлов кодексида сайловчиларга олдинги қонунчилигимизда мавжуд бўлмаган қулайликлар ва эркинликлар яратилган. Чунончи, Сайлов кодексининг 10-моддасида қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлиги ва ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганларга сайлов ҳуқуқининг берилиши алоҳида эътиборга молик ҳолат ҳисобланади.

Сайлов ўтказиш бўйича халқаро амалиётда тўпланган тажрибаларнинг самарали имплементация қилинганлиги Сайлов кодексида ёрқин ифодасини топган, ривожланган мамлакатларнинг амалий тажрибаларидан кенг фойдаланилган. Айниқса, мамлакатимиз иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда сайлов муддати йилнинг октябрь ойига ўтказилиши сайлов жараёнларига тайёргарлик кўриш ва бу жараёнда сайловчиларнинг эмин-эркин иштирок этишлари учун қулай шароит яратади.

 

Раҳматжон МИРЗАЕВ, юридик фанлар номзоди, Самарқанд давлат университети юридик факультети декани:

— Қонун лойиҳаси миллий сайлов қонунчилигимиз асосий халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардаги умумэътироф этилган сайлов принциплари ва стандартлари талабларига мувофиқ келиши, фуқароларнинг давлат органларига сайлаш ва сайланиши билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқлари амалга оширилишига хизмат қилади. Айниқса, бугунги рақобат жараёни тобора шиддат билан ривожланиб бораётган бир паллада фуқароларнинг сиёсий жараёнлардаги иштирокини таъминлашга кўмаклашади.

 

***

Иштирокчилар, шунингдек, мамлакатимизда “юридик социология” фанини янада ривожлантириш, жамиятда сайлов маданиятини ошириш каби масалаларга ҳам эътибор қаратдилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, сайлов жараёнларининг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Бир пайтнинг ўзида Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги ўрни яхшиланиши таъминланади, сайловлардан кейин олий давлат органларини ўз вақтида шакллантириш ва муҳим сиёсий қарорларни қабул қилиш учун замин яратилади, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки бўйича салбий ҳолатларнинг олди олинади ҳамда кузатувчилар ва сайловчилар учун қулай шароит вужудга келади.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ

(“Халқ сўзи” газетаси, 2021 йил 29 январь)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech