Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, бу йил бўлиб ўтадиган сайловнинг энг муҳим босқичи — депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланди. Эндиликда сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолгунига қадар сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари, ишончли вакиллар томонидан сайловолди ташвиқоти олиб борилади.
Хўш, сайловолди ташвиқотини олиб боришда нималарга эътибор қаратиш лозим? Қонунчилигимизда ушбу жараённи амалга ошириш мобайнида мумкин бўлган ва тақиқланган қандай ҳолатлар бор? Кимлар сайловолди ташвиқотини олиб бора олмайди?
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 9-боби сайловолди ташвиқотига бағишланган бўлиб, ташвиқотни олиб бориш тартиби, усул ва шакллари ҳақидаги нормалар мустаҳкамланган.
Аввало, сайловолди ташвиқотининг ўзи нима? Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари, сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловолди ташвиқотини қонунда белгиланган шаклларда ва усулларда амалга ошириш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида эса ташвиқотга йўл қўйилмайди.
Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин. Жумладан, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, Интернет тармоғи орқали, шунингдек, босма, кўргазмали, аудиовизуал, плакатлар, варақалар ва бошқа ташвиқот материалларни чиқариш ҳамда тарқатиш орқали, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш асосида амалга оширилади.
Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, ташвиқот олиб борилаётганда сиёсий партияларга давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдони бепул берилади. Бу орқали барча партияларга тенг шароитлар таъминланади. Бундан ташқари, давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкинлиги қонунчилигимизда мустаҳкамланган.
Бу галги сайловларнинг муҳим янгиликларидан бири — сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш мумкин. Бунда ҳам белгиланган қоидалар бор, албатта. Яъни, материалнинг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиб тайёрлангани ҳақида маълумотлар кўрсатилиши, бирор-бир шахснинг тасвири, овози ва бошқа маълумотларидан фойдаланилганда, унинг розилиги олиниши лозим.
Сайловолди ташвиқотини олиб боришда бир қатор ҳолатлар тақиқланган. Хусусан, ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш, шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни тарқатиш, шахсга доир маълумотларнинг махфийлигини бузиш, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.
Бундан ташқари, сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланган вакиллар ҳам бор. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, судьялар, сайлов комиссиялари аъзолари, диний ташкилотлар профессионал хизматчилари сайловолди ташвиқотини олиб бориши мумкин эмас.
Шу билан бирга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши ҳам тақиқланади.
Ташвиқот даври сайловнинг энг муҳим палласи саналар экан, бу вақтда сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидалардан келиб чиқиб, фаоллик кўрсатиши, сайловчилар билан кенг кўламда ишлаши, ўзларининг сайловолди дастурлари ҳақида фуқароларга батафсил маълумот етказишлари лозим.
Зеро, халқ ичига чуқурроқ кириб борган, ўз сиёсий ғоя ва ташаббусларига сайловчиларни ишонтира олган партия ва номзодгина сайловчилар танловида муносиб натижага эришиши мумкин.
Муҳтарама Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 24.09.2024
- Кўришлар: 791
- Чоп этиш