2032 йил Ерга урилиши эҳтимоли мавжуд 2024 YR4 астероидидан сайёравий мудофааланиш учун Хитойнинг Мудофаа фан, технология ва саноат давлат бошқармаси етук мутахассислардан иборат махсус жамоа тузишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ НАСА агентлиги яқинда аниқланган 2024 YR4 астероидининг 2032 йил Ер билан тўқнашиши эҳтимоли 2,3 фоизга кўтарилганини эълон қилганди. Мазкур самовий жисм 2024 йил декабрда аниқланган бўлиб, ҳозирча заминимизга урилиши эҳтимоли бир фоиздан юқори ягона, айланаси 90 метрга яқин астероид экани маълум.
Топилма аниқлангандан бир неча ҳафта ўтгач, ХХР Мудофаа бўйича махсус лойиҳалар маркази сайёравий мудофаа тизимида уч бўш иш ўрни мавжудлигини эълон қилди. Бу ҳақда “South China Morning Post” ёзган.
Газета таъкидлашича, аэрокосмик муҳандислик тадқиқотлари ва Ерни кузатиш учун масъул марказ мутахассисларни астероид мониторингини ўрганиш ва эрта огоҳлантириш усулларини яратишга жалб қилмоқчи.
Яқинда Хитой Фанлар академияси Миллий фазовий фанлар маркази тадқиқотчиси Ли Мингтао “China Science Daily” газетасига интервью бериб, 2024 YR4 Ер билан тўқнашиши эҳтимоли орбитал кузатув маълумоти тўпланиши билан ўзгаришини айтди.
– Олимлар жорий йил апрелигача астероидни кузатади, – дейди олим. – Кейинги тахминлар 2028 йил, астероид Ерга янада яқинлашганда юзага чиқади. Шундан сўнг астероиднинг Ерга урилиш эҳтимолини аниқроқ баҳолай оламиз. Агар замин билан тўқнашса, астероиднинг океанга қулаши эҳтимоли юқори. Бу ҳодиса очиқ денгизда содир бўлса, одамларга жиддий таъсир кўрсатмайди. Соҳилга яқин тушса, қирғоқ бўйи манзилларига зиён етказувчи цунамини келтириб чиқаради. Мабодо самовий жисм қуруқликка қуласа, ҳавода парчаланиши натижасида келиб чиқадиган зарба тўлқини, иссиқлик ва ёруғлик ўртача катталикдаги шаҳар ҳудудини вайрон қилиши мумкин.
Ҳимоя усуллари ҳақида гапираркан, олим ҳозирги энг илғор техник восита сифатида, астероидга юқори тезликда урилиб, орбитасини ўзгартириш ва Ер ёнидан учиб ўтишга мажбур қиладиган космик кема шайлаш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, Ли Мингтао бугунги кунда гравитация ёрдамида астероидни жалб қилиш ёки лазер сингари техник усуллар ёрдамида жисмни зарарсизлантириш ҳам ўрганилаётганини қўшимча қилган.
2024 йил 27 декабрь куни Чилидаги АТЛАС расадхонасида аниқланган 2024 YR4 астероидининг диаметри дастлабки тахминларга кўра, 70 метр атрофида, яъни Челябинск метеоритидан 3-4 баробар катта. 2013 йил 15 февралда Уралга қулаган ушбу объект айланаси 19,8 метр эди.
С.Раҳимов, ЎзА
- Қўшилди: 28.02.2025
- Кўришлар: 676
- Чоп этиш