23 август – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси биринчи кунида сенаторлар ишни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқишдан бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати хабарида таъкидланганидек, бугунги кунда хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш аёлларга нисбатан шунчаки адолатли муносабат сифатида эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий ўсишини давом эттириш, барқарорлиги ва ҳар томонлама ривожланишини таъминлашнинг асосий шартларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.
Айнан шу сабабли бу йўналишдаги ишлар, энг аввало, жинслар тенглиги ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ушбу Қонун ҳам айнан шунга қаратилган. Мамлакат тарихида илк бор хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни кафолатлаш билан боғлиқ муносабатлар тўғридан-тўғри таъсир қиладиган ягона Қонунда тартибга солинмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. Бундан ташқари, “гендер”, “гендер-ҳуқуқий экспертиза”, “жинс бўйича бевосита камситиш”, “жинс бўйича билвосита камситиш” каби ушбу соҳанинг асосий тушунчаларига аниқ изоҳлар берилмоқда. Аввал ушбу тушунчаларнинг таърифлари бўлмаганлиги боис ҳуқуқни қўллаш амалиётида ноаниқликлар келиб чиқаётган эди.
Қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашнинг қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги, очиқлик ва шаффофлик, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига устувор аҳамият бериш каби асосий принциплари белгиланмоқда.
Ҳужжатда давлат жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, маданият, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланишини кафолатлаши белгилаб қўйилмоқда.
Давлат статистика органлари гендер кўрсаткичлари асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳолатини акс эттирадиган статистик ахборотни йиғиши, унга ишлов бериши, тўплаши, сақлаши, таҳлил қилиши ва эълон қилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, давлат органларининг (Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, махсус ваколатли орган, бошқа давлат органларининг) ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш соҳасидаги вазифалари ҳамда ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Жинс бўйича камситиш ҳоллари устидан шикоят қилишнинг, бунинг натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашнинг тартиби, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Сенаторлар ушбу Қонуннинг қабул қилиниши гендер бағрикенглик ва тенгликни қонунчилик даражасида таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар. Бу мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида жуда долзарбдир, чунки бу, энг аввало, инсон жамиятда ўз олдига қўйган мақсадларини муваффақиятли рўёбга чиқариш имконини беради. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг сенаторлар “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.
Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилнинг ўзида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан бир қанча зўравонлик ҳолатлари қайд этилди. Айрим аёллар содир этилган жиноятлар натижасида жабрланган. Янги Қонун бундай муаммоларнинг олдини олишга, хотин-қизларни маиший ҳаётда, ишда, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда жабр-зулмдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Қонунда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, ваколатли органлар ва ташкилотлар – Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти, ички ишлар, бандлик ва меҳнат муносабатлари, таълим, соғлиқни сақлаш идоралари, Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизларни ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг вазифалари белгиланмоқда.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқлар ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида республиканинг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) фаолият кўрсатишини таъминлаши белгилаб қўйилмоқда.
Профилактика суҳбати муайян шахсни жамиятда умумқабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайри ижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, шунингдек, қонунда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш мақсадида ташкил этилади. Профилактика суҳбати тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахслар билан ўтказилади.
Шу билан бирга, Қонунда ҳимоя ордерини бериш ва унинг муддатини узайтириш, тазйиқ қурбонларига нисбатан ҳимоя ордери, унинг мазмуни, шунингдек, ҳимоя ордерида назарда тутиладиган чекловлар белгиланмоқда.
Қонунда бундай ҳолларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, бу каби қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бундан ташқари, жабрланган шахсларни ҳимоя қилишни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга, жамиятда хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги зўравонликка муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган чора-тадбирлар акс этган. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши жамиятда хотин-қизларга бўлган муносабатни янада яхшилашга, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Маълумот учун: Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган ушбу қонунларни ишлаб чиқишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Адлия вазирлиги мутахассислари бевосита иштирок этган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 25.08.2019
- Кўришлар: 6506
- Чоп этиш