Сенат Кенгаши: ахборотни давлат сирига тегишли деган важлар билан тақдим этмаслик ҳолатлари учрамоқда

Бу муаммога 26 февраль куни видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлисида эътибор қаратилди. Мажлисни парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Сенат аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилари иштирок этган мазкур мажлисда қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари муҳокама қилинди, дейилади senat.uz сайти хабарида.

Таъкидланганидек, қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида Сенат қўмиталари томонидан қатор қонунлар ижросининг ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг олиб борилди.  

Таҳлиллар айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмаганлиги, ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги сабабли соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниб келинганлиги, шунингдек қабул қилинган айрим қонунлардаги нормаларнинг амалиётда қўлланилмаётганлиги сабабли қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди.

Жумладан, “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонунда электрон тижорат соҳасидаги қонун ҳужжатлари тизимлаштирилмаган, мазкур муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солувчи норма ва муносабатлар ягона қонунга бирлаштирилмаган. Электрон тижоратни амалга оширишда миллий тўлов тизимларидан ташқари, халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш бўйича нормалар қонунда ўз аксини топмаган.

Қолаверса, “Ҳомийлик тўғрисида”ги Қонунда ҳомийлик ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фаолият юритишини мувофиқлаштириш бўйича нормалар белгиланмаган. Ҳомийлик фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари ва ННТга имтиёзлар ҳамда рағбатлантириш чораларини тақдим этишнинг ҳозирги давр талабларига мос механизмлари жорий этилмаган. Якка тартибда хайрия фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний ва юридик шахслар фаолияти ҳамда уларга ажратилган маблағлар сарфланиши ҳақида очиқ ва ишончли маълумотга эга бўлиш имконияти яратилмаган.

Бундан ташқари, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги Қонунда қайси ҳолатларда ахборот тақдим этишда чекловлар ўрнатилиши аниқ белгиланмаганлиги сабабли ахборотнинг эгаси томонидан зарур ахборотни давлат сирига тегишли деган важлар билан тақдим этмаслик ҳолатлари учрамоқда. Ахборот олиш ҳуқуқининг ноқонуний чекланишлари юзасидан шикоят қилиш ва шикоятларни кўриб чиқувчи махсус давлат органи ҳамда унинг ваколатларига доир нормалар белгиланмаган.

Мажлисда қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида жамоатчиликни кенг жалб қилиш ва турли тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун тарғибот-тушунтириш ишларини жадал олиб бориш зарурлиги таъкидланди.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech