Олий Мажлис Сенатида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Сенат Раиси, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва ҳудудий кенгашлари аъзолари, вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари раҳбар ҳамда ходимлари иштирок этди.
Мажлисда мамлакатимизда коррупцияга оид жиноятлар 12 фоизга камайгани, соҳадаги халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни яхшилангани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, мажлисда ўтган давр мобайнида соҳага оид 10 га яқин қонун қабул қилингани, шу жумладан, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, 2024 йил 6 декабрдан кучга киргани айтиб ўтилди.
Муҳокамалар жараёнида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида коррупцияга қарши курашиш ишларига эътибор қаратилди. Тегишлилиги бўйича Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликларининг ахбороти эшитилди.
Иштирокчилар томонидан мазкур соҳаларда коррупциявий омилларни бартараф этиш, тизимда шаффофлик, адолат, хизмат сифатини ошириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш борасида қатор амалий чоралар кўрилаётганига қарамасдан, коррупциявий хатти-ҳаракатлар сақланиб қолаётгани танқид қилинди.

Шунингдек, мажлисда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастурининг ҳамда аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирларининг ижро ҳолати кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси лойиҳаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркибини тасдиқлаш масаласига ҳам эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 17.02.2025
- Кўришлар: 328
- Чоп этиш