Сенат: хотин-қизлар бандлиги уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш орқали самарали таъминланмоқда

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

Сенат ва мазкур комиссия раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш юзасидан белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.  

Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани қайд этилди. Айниқса, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда.  

Ушбу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш мақсадида юзга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, ижрога қаратилди. Жумладан, хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш бўйича Сенат Раиси бошчилигида Янгийўл туманининг Қирсадақ маҳалласи тажрибаси асосида республикада янгича тизим йўлга қўйилди. Натижада 2024 - 2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.  

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ресурсидан хотин-қизлар тадбиркорлиги лойиҳаларини молиялаштириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинди.  

Халқ банки, Микрокредитбанк, Бизнесни ривожлантириш банки орқали хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга оид 250 та тавсиявий бизнес лойиҳа ишлаб чиқилди.  

“Лойиҳалар фабрикаси” электрон платформаси ишга туширилиб, фойдаланувчиларга тавсиявий бизнес лойиҳалар, соҳалар бўйича ажратиладиган кредит шартлари билан танишиш, кредитларни онлайн расмийлаштириш имконияти яратилди.  

Белгиланган вазифалар ҳамда мақсадли кўрсаткичларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига, шунингдек, жойларда аниқланган муаммоларнинг тезкорлик билан ҳал этилишига кўмаклашиш мақсадида Сенат аъзолари, Республика комиссияси аъзолари ҳудудларга, маҳаллий кенгаш депутатлари туман, шаҳар ва маҳаллаларга бириктирилди.  

Натижада 2024 йилда хотин-қизларнинг 251,4 минг нафари  доимий иш ўрнига эга бўлди. 54,5 минг нафари жамоат ишларига жалб қилинди. 177,1 минг нафари касб-ҳунарга ва 147,3 минг нафари тадбиркорликка ўқитилди.  

Шу билан бирга, 55,1 минг нафар хотин-қизга 289 миллиард  сўм субсидия ажратилиб, бандлиги таъминланди. 206,6 минг нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва уни кенгайтириш мақсадида 3 триллион 472 миллиард сўм  имтиёзли кредит ажратилди.  

Мажлисда амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича берилган айрим топшириқларнинг ижроси танқидий таҳлил қилинди. Жумладан, айрим маҳаллаларда хотин-қизларнинг доимий бандлигини таъминлаш, жамоат ишларига жалб қилиш, маҳаллаларнинг драйверидан келиб чиқиб касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш талаб даражасида эмаслиги айтиб ўтилди.  

Тижорат банкларига ташаббускор хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш, йил давомида лойиҳалар амалга оширилишини кузатиб бориш, аёл тадбиркорлар билан доимий мулоқот қилиш ва уларнинг муаммоларини ечиш муҳимлиги айтиб ўтилди.  

Мазкур камчиликлар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар, тижорат банклари, ҳудуд раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, бартараф этиш чораларини кўриш юзасидан топшириқлар берилди.  

Республика комиссияси томонидан келгусида амалга ошириладиган ишларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, норасмий бандликни қисқартириш, ногиронлиги бўлган меҳнатга лаёқатли ишсиз аёлларга эътибор қаратиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, юқори даромадли ва замонавий касб-ҳунарларга хотин-қизларни ўқитиш қамровини кенгайтириш, ҳудудларнинг ўсиш драйверларидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш вазифалари белгиланди.    

Н.Абдураимова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech