Шахсга доир маълумотлар – махфий (Ўн тўртинчи мақола)

Ўзбекистонда коронавирус тарқалган дастлабки даврда ушбу инфекцияга чалинган кишиларнинг шахсий маълумотларига доир ахборотлар ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалгани кузатилди. Ваҳоланки, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига мувофиқ,  бемор «тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши» ҳуқуқига эга.

“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга асосан, шахсга доир маълумотлар давлат томонидан ҳимоя қилинадиган маълумотлар сирасига киради. Шахсга доир маълумотлардан тегишли органлар, хизматлар фойдаланганда унинг махфийлигига риоя этилиши шарт.

Шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт. Ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган шахсга доир маълумотлар тарқатилишига фақат шу шахснинг розилиги олинган ҳолда йўл қўйилиши мумкин.

Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-2-моддасига кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодекси 141-2-моддасига биноан, шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

  • бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса;
  • такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;
  • ғаразли ёки бошқача паст ниятларда содир этилган бўлса;
  • хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса;
  • оғир оқибатларга сабаб бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Карантин даврида оммавий ахборот воситаларининг асосий эътибори коронавирус кенг тарқалишининг олдин олиш, унга қарши вакцина, даво ва эҳтиёт чораларининг моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг тушунтириш ва тарғиб этишга қаратилди.

Бироқ айрим шахслар томонидан ушбу хасталикни мардонавор енгиб, яна ўз оиласи даврасига қайтган ёки касалликдан тузалган фуқароларни маънавий қўллаб-қувватлаш ўрнига уларга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, камситиш, шаъни ва обрўсига путур етказиш ёки уларни касалликни бошқаларга ҳам юқтиришида айблаш ҳолатлари кузатилди (қаранг: https://www.xabar.uz/koronavirus/koronavirusdan-tuzalganlarni-haqoratlash).

Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, миллий қонунчиликда короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путр етказганлик, камситганлик, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун 9 млн. сўмгача маъмурий жарима белгиланган.

Агар, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 млн. сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилади.

Ҳаммамиз ҳам инсонмиз – элатдош ва миллатдош, ватандош ва замондошмиз. Бирлашган ва бир-биримизни тушунган ҳолда бу вирусга қарши курашиш орқалигина уни енгиб чиқишимиз мумкин. Бинобарин, COVID-19 вируси – жамиятимизнинг жипслигини синайдиган ўзига хос имтиҳондир. Ҳар биримиз коронавируснинг тарқалишига қарши биргаликда аҳиллик билан курашиш асносида ушбу синовдан муваффақиятли ўтишни ўрганамиз ва зарур кўникмалар ҳосил қиламиз.

Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази коронавирус тарқалган дастлабки даврдаёқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қуйидаги чақириқларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратди:

– COVID-19 вируси тарқалишига доир вазият ва ундан ҳимояланиш чоралари бўйича маълумотлардан фойдаланишда ишончли ахборот манбаларига таяниш;

– ўзаро ғамхўрлик кўрсатиш ва бирдамликни намойиш этиш, яқинлар ва қариндош-уруғлар билан доимий мулоқотда бўлиш;

– пандемияга қарши курашнинг бошида турган тиббиёт ходимларининг шу кунлардаги фидойи хизматларини ёдда тутиш;

– инфекцияга чалинганларга нисбатан, масалан, «коронавирус қурбонлари» каби ҳар хил «атамалар»ни қўллашдан тийилиш;

– инсонийликни намоён этиш: бинобарин, коронавирус қандайдир миллат ёки ирққа мансуб касаллик эмас; ушбу инфекцияга чалинганлар сизга ҳеч қандай ёмонликни раво кўрмайди – улар мададимиз ва ҳамдардлигимизга лойиқ (қаранг: https://daryo.uz/k/2020/03/19/inson-huquqlari-boyicha-ozbekiston-milliy-markazi-koronavirusga-chalinganlarning-shaxsiy-malumotlarini-tarqatmaslikka-chaqirdi/).

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда ҳаётимизнинг барча жабҳалари каби оммавий ахборот воситаларини янада равнақ топтириш, соҳа ходимларининг эркин ва самарали меҳнат қилиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, кейинги даврда сўз эркинлигига доир ислоҳотлар жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясагани, халқимизни қийнаётган ҳар турли муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари эканлигини унутмаслик зарур.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech