Швеция ватанига қайтишни истаган мигрантларга кўрсатиладиган молиявий кўмакни 35 баробарга оширади

Швецияда 1984 йилдан бери ўз ватанига қайтишни истаган муҳожирлар молиявий қўллаб-қувватланади. Айни вақтда кўрсатиладиган ёрдам киши бошига 935 долларни, оилага эса максимум 3,7 минг долларни ташкил этади.

Швеция ҳукумати мигрантларнинг ўз ватанига қайтиб кетишини рағбатлантириш бўйича молиявий қўллаб-қувватловни 35 баробарга оширади.

Маълумотларга кўра, ҳукумат бюджети лойиҳасида 2025 йилда миграция сиёсати учун 513 миллион крона (49,53 миллион доллар), 2026 йилда 2 миллиард 599 миллион крона (247,55 миллион доллар), 2027 йилда эса 1 миллиард 357 миллион крона (131,27 миллион доллар) ажратиш кўзда тутилган.

 

Қайд этилишича, ҳукумат ноқонуний миграцияга қарши курашиш мақсадида қочқинларни қабул қилиш ва уларнинг қайтиб кетишини янада самарали ташкил этмоқчи. Пуллар, шунингдек, чет элликлар устидан ички назоратни кенгайтириш ва миграция судлари бюджетларини оширишга йўналтирилади.

Швецияда 1984 йилдан бери ўз ватанига қайтишни истаган муҳожирлар молиявий қўллаб-қувватланади. Айни вақтда кўрсатиладиган ёрдам киши бошига 10 минг кронани (935 доллар), оилага эса максимум 40 минг кронани (3,7 минг доллар) ташкил этади. Ҳукумат томонидан келтирилган маълумотларга кўра, 2026 йилда ушбу ёрдам маблағларини киши бошига 350 минг кронагача (34 минг доллар) ошириш таклиф этилмоқда.

Аввалроқ Ливандан Кипрга ўтишга уринаётган суриялик қочқинлар Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги остида Ливан ҳукумати томонидан зўрлик билан ватанига қайтариб юборилаётгани тўғрисида хабар берилганди.

Апрел ойида минтақавий беқарорликнинг кучайиши фонида Европа Иттифоқи мамлакатлари, Кипр чегарасини ноқонуний кесиб ўтган суриялик қочқинлар сонининг кескин ўсиши қайд этилган — бу эса ўз навбатида Кипр ҳукуматининг бошпана бериш борасидаги аризаларни кўриб чиқишини тўхтатиб қўйган. Бунга жавобан ЕИ май ойида Ливанга 2026 йилга қадар 1 миллиард евро молиявий пакет ажратган. Ушбу маблағлар Ливан қуролли кучларига чегарани яхшироқ назорат қилишлари учун ҳам йўналтирилади.

Kun.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech