Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда халқаро вебинар ташкил этилди.
Мазкур ҳамкорлик инклюзив бошқарув ва ахборотга асосланган сиёсатни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлайдиган, Ўзбекистонда фаровон ва адолатли келажакни таъминлашга ҳисса қўшадиган мустаҳкам маълумотлар тизимини яратишга хизмат қилади.
Вебинарда гендер тенгликни таъминлаш масаласида Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамият ва давлат бошқарувида уларнинг тенг иштирок этишига эришиш каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.
Шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар, соҳадаги натижалар ўз навбатида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар ва чет эллик экспертлар томонидан ҳам муносиб баҳоланаётгани таъкидланди.
Мисол учун, 2024 йил 5 март куни эълон қилинган Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун 2024” индексида Ўзбекистон максимал 100 баллдан 82,5 балл тўплади ҳамда гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди.
Вебинарда гендер маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш
ва тарқатишда муваффақиятли халқаро амалий тадқиқотлар ва инновацион методологиялардан фойдаланиш, Ўзбекистондаги гендер маълумотлар бўйича жорий амалиётни такомиллаштириш, халқаро стандартларга мослашиш бўйича қадамлар таҳлил қилинди ва уларни такомиллаштириш бўйича қисқа ва узоқ муддатли мақсадлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
- Қўшилди: 01.08.2024
- Кўришлар: 1409
- Чоп этиш