Сўз эркинлиги ва масъулияти

 Миллий қонунчиликда сайлов жараёнларида сўз, фикр ва оммавий ахборот воситалари эркинликларининг суиистеъмол этилишига йўл қўймаслик билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кўзда тутилган. Бунда асосан халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг алоҳида ҳоллар ва аниқ ўринларда инсоннинг ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига нисбатан муайян чекловлар белгиланган нормаларига таянилгани учун улар ҳақида қисқача тўхталамиз.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 29-моддаси иккинчи бандида қайд этилишича: «ҳар бир инсон ўз ҳуқуқи ва эркинликларидан фойдаланишда ўзгаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари демократик жамиятда етарли даражада бўлишини ҳамда ҳурмат қилинишини таъминлаш, ахлоқ, жамоат тартиби, умум фаровонлигининг одилона талабларини қондириш мақсадидагина қонунда белгиланган чекланишларга риоя этиши керак»[1].

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддаси учинчи бандида ҳам сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиш алоҳида мажбуриятлар ва алоҳида масъулият юклаши кўзда тутилган. Яъни, «Бу тарзда фойдаланиш айрим чеклашлар билан боғлиқ, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва қуйидагилар учун зарур бўлиши лозим:

а) бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва шаънини ҳурмат қилиш учун;

б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлигини ёки ахлоқини муҳофаза этиш учун»[2].

Инсон ҳуқуқлари бўйича Вена Декларацияси ва Ҳаракат дастурининг 67-бандида белгиланишича, “Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган муассасалар мустаҳкамланиши ва барпо этилишига, плюралистик фуқаролик жамияти ривожланишига ва ночор гуруҳлар ҳимоя қилинишига кўмаклашиш чора-тадбирларига алоҳида эътибор бериш зарур. Бу жиҳатдан ҳукуматларнинг илтимосига кўра эркин ва адолатли сайловларни ўтказишда берилаётган ёрдам, шу жумладан сайловларга тегишли бўлган инсон ҳуқуқлари ва жамоатчиликни сайловлардан хабардор қилишда кўмак бериш йўли билан ёрдам кўрсатиш алоҳида аҳамиятга эгадир”[3].

Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоялаш тўғрисидаги Европа Конвенцияси 10-моддаси биринчи бандида ҳар ким ўз фикрини ифодалаш эркинлиги ҳуқуқига эга экани ва бу ҳуқуқ ўз фикрида собит қолиш, давлат органлари аралашувисиз ва давлат чегараларидан қатъи назар ахборот ва ғояларни олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олиши белгиланган.

Шу модданинг иккинчи бандида: «Мажбурият ва масъулият юклайдиган ушбу эркинликларни рўёбга чиқариш миллий хавфсизлик, ҳудудий яхлитлик ёки жамият осойишталиги манфаатлари нуқтаи назаридан қонунда кўзда тутилган ва демократик жамият тақозоси бўлган ҳамда тартибсизликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, соғлиқ ва маънавиятни асраб-авайлаш, бошқа шахсларнинг шаъни ёки ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, махфий суратда олинган ахборотни тарқатишнинг олдини олиш ёхуд одил судлов холислигининг нуфузини таъминлаш мақсадларидан келиб чиқадиган муайян расмиятчилик, шарт-шароит, чеклашлар ва жазо чоралари билан боғлиқ ҳолда кечиши ҳам мумкин»[4], деб таъкидланган.

ЕХҲК Инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген Кенгаши ҳужжатининг (7.8)–бандида кўрсатилишича: «(Иштирок этувчи давлатлар) оммавий ахборот воситаларидан монеликсиз фойдалана олиш учун сайлов жараёнида иштирок этишни хоҳловчи барча сиёсий гуруҳлар ва алоҳида шахсларга камситмаслик асосида қандайдир юридик ёки маъмурий тўсиқлар ўрнатилмаслигини таъминлайдилар»[5].

Халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ушбу нормаларида ўз аксини топган сўз эркинлигини халқаро даражада чеклашга доир мажбуриятлар сайлов жараёнларига ҳам бевосита тааллуқлидир. Бу чекловларнинг моҳиятини таҳлил қилиш асносида, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган сана – 1948 йилдан кейинги даврда сўз эркинлигини чеклашга доир қоидалар анча аниқ шакллантирилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Натижада, мухтасар айтганда, бу борадаги чекловларга нисбатан иккита қатъий талаб ўрнатилишига эришилган. Биринчи талаб – ҳар қандай чеклов қонун билан ўрнатилиши керак. Иккинчи талаб – ўрнатиладиган чекловлар демократик жамият тақозоси бўлиши лозим.

          Бундай муҳим мақсадларга эришиш учун халқаро даражада 2 та назорат органи – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди тузилган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг қарорлари тавсиявий мазмунда бўлса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди чиқарган қарорлар мажбурий кучга эга ҳисобланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришди. Анъанага кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида 2021 йил 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари ҳақида батафсил тўхталди. Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга оширишимиз ҳамда инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимиз алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Президенти халқаро форум иштирокчилари эътиборини мамлакатимизда Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги кодекслар ишлаб чиқилаётганига қаратди. Бу кодекслардан бири – Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантиришга, иккинчиси эса сўз эркинлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши лозим.

Ўз навбатида, фуқароларнинг сайлов жараёнларида иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашга доир халқаро ҳуқуқ нормалари ва ҳуқуқий андозаларга амал қилишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳамда аҳамияти жуда муҳим. Бинобарин, сайлов жараёнларида иштирок этиш ва овоз бериш ҳуқуқи бир нечта халқаро ҳужжатда кафолатлаб қўйилган.

Хусусан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 25-моддасида таъкидланганидек, ҳар бир фуқаро “ҳам бевосита, ҳам эркин сайланган вакиллар орқали давлат ишларини бошқаришда қатнашиш”, шунингдек “ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқи асосида, яширин овоз бериш орқали ўтказиладиган ва сайловчиларнинг эркин ҳолдаги хоҳиш-иродасини таъминловчи чинакам даврий сайловда овоз бериш ва сайланиш”[6] ҳуқуқи ҳамда имкониятларига эга бўлиши керак.

Инсон сайловда иштирок этаётган номзодлар ёки сиёсий партиялар ҳақида аниқ ва холис, босиқ-вазмин ва ишончли ахборотга эга бўлсагина, онгли равишда, яъни ўз хоҳиш-иродасига мувофиқ овоз бериши мумкин бўлади. Бунда турли-туман нуқтаи назарлар билан танишиш асносида сайловчининг ҳар бир номзод ва партия ҳақидаги ўз фикри шаклланади.

Айни чоғда, фикрни ифода этиш ва ахборот эркинлиги, мустақил ва фикрлар хилма-хиллигига асосланган оммавий ахборот воситалари ҳамда очиқ ва фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган интернет тармоғи эркин ва адолатли сайловлар ўтказишни таъминлашда, хусусан, жамоатчиликни партиялар, номзодлар ва уларнинг сиёсий платформалари билан таништириб боришда таянч аҳамият касб этади. Шу маънода, 2020 йил 30 апрелда Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисидаги қўшма декларация қабул қилингани жуда муҳимдир.

Бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг номида “Қўшма декларация” ибораси қўлланилгани бежиз эмас. Чунки у уч томон – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фикр эркинлиги ва уларнинг эркин ифода этилиши ҳуқуқини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш тўғрисидаги масалалар бўйича махсус маърузачиси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили ҳамда Америка давлатлари ташкилотининг Фикрни ифода этиш эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси ташаббуси билан қабул қилинган.

Қўшма декларациянинг “Давлатларга тавсиялар” деб аталган биринчи бўлими 3-бандида қуйидаги қоидалар белгиланган:

Давлатлар сайлов даврида фикрни ифода этиш эркинлигига нисбатан қўлланиладиган ҳар қандай чекловлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро қонунчиликнинг учта мезони – кўзланган мақсаднинг қонунийлиги, ҳаққонийлиги ва зарурийлиги талабларига жавоб бериши ҳамда қуйидагиларни назарда тутишини таъминлашлари тақозо этилади:

1) Оммавий ахборот воситаларини олдиндан цензура қилишга, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларининг веб-сайтларини маъмурий тарзда ёпиб қўйиш ёки интернетни ўчиришга йўл қўйилмайди.

 2) Сайловолди ташвиқоти ҳуқуқининг ҳар қандай тарздаги чекланиши халқаро стандартлар, жумладан оддий фуқаролардан фарқли равишда, оммага таниқли инсонлар ўз шахсиятига қаратилган танқид ва ўз фаолиятига бўлган синчков эътиборга нисбатан бағрикенглик билан муносабатда бўлишларини талаб этадиган андозаларга мос келиши зарур.

3) Нотўғри ахборотга доир қонунлар умумий мазмунда ёки ноаниқ бўлиши, масалан, "сохта янгиликлар" ёхуд "нохолис ахборот" тақиқига доир нормаларни кўзда тутиши мумкин эмас.

 4) Сайлов даврида ижтимоий фикр сўрови натижаларини ёритадиган оммавий ахборот воситаларига нисбатан киритиладиган ҳар қандай чекловлар ҳам юқорида тилга олинган учта мезонга қатъиян мос келиши шарт”[7].

Халқаро ва хорижий амалиётда сиёсий дебатлар, шу жумладан, сайловлар жараёнида ошкора билдириладиган ахборот ва ғояларнинг ҳимоя даражаси нисбатан анча юқори ҳисобланади. Бошқача айтганда, ижтимоий сўз (яъни, бутун жамият манфаатларини ифода этувчи масалалар бўйича ахборот) учун ҳимоянинг юқори даражаси қўлланади.

Бу тушунарли ва адолатли мезондир. Зотан, сайлайдиган кишилар сайланадиган ҳар бир шахсга тааллуқли бўлган нарсалар ва воқеалардан имкон қадар тўлиқ хабардор бўлмоғи лозим. Шу маънода, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа Суди ва Европа Комиссияси томонидан таъкидланганидек, фикрни ифодалаш эркинлиги демократик жамиятнинг негизини ташкил қилади.

 

Ғ.Мирзонинг

“Сўз эркинлиги ва сайлов ҳуқуқи – халқаро андозалар ўлчамида” мақоласидан;

 “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали,

2021 йил 3-сон.

 

 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech