Мустақиллик йилларида миллий парламентнинг ривожланиш истиқболлари

Жорий йилнинг 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Мустақиллик йилларида миллий парламентимизнинг шаклланиши ва ривожланиши” мазусида конференция ўтказилди.

Конференцияни Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов кириш сўзи билан очар экан, йиғилганларни мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки кайфиятда кутиб олинаётган энг улуғ, энг азиз айём — мустақиллигимизнинг ўттиз йиллик байрами  билан табриклаб, истиқлол йилларида парламентаризм ривожи ҳақида тўхталди.

Таъкидланганидек, мустақиллик – мамлакатимизда ҳақиқий демократик парламентнинг шаклланишига сиёсий-ҳуқуқий замин яратди. Истиқлолнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг миллий манфаатларига жавоб берадиган, ўзимизга хос ва мос тараққиёт йўли белгилаб олинди. Инсон манфаатлари устуворлиги йўлида қонун ижодкорлиги билан шуғулланадиган демократик миллий парламент шаклланди, давлат ҳокимияти органлари тизимида унинг роли ва таъсири кучайтирилди.

Дастлаб бир палатали парламент ёш мустақил давлатнинг демократик сиёсий тизими, адолатли фуқаролик жамияти, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларнинг ҳуқуқий негизини яратишга, давлат мустақиллигини мустаҳкамлашга, миллий давлатчилик пойдеворини барпо этишга ўз ҳиссасини қўшди. Бу даврда Конституциямиз қабул қилинди, халқимизнинг хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини таъминловчи сайлов тизимига ҳуқуқий замин яратилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Конституциямизга киритилган тузатишлар Олий Мажлиснинг, сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари ваколатларини янада кенгайтирди.

Хусусан, Олий Мажлис ваколатларига Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш ва муҳокама қилиш, парламент назоратини амалга ошириш киритилди. Муҳокама этилаётган ҳар бир қонун лойиҳаси ёки Қонунчилик палатаси қарори лойиҳаси сиёсий партия фракцияларининг йиғилишларида дастлабки тарзда кўриб чиқилмоқда.

Конференцияда парламентда сиёсий партияларнинг роли ва аҳамияти хусусида сўз юритилар экан, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонун аҳолининг ижтимоий, сиёсий фаоллигини кучайтиришда, кўппартиявийликни ривожлантиришда, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда ғоят муҳим роль ўйнагани айтиб ўтилди.

Шунингдек, миллий парламент ривожланиши, кўп партиявийлик тизимининг самарали фаолияти мамлакатимизда фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштирокини жонлантириш, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим саналган масалаларни ҳал қилишда қонун устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлашда янги имкониятлар очиши қайд этилди.

Экспертлар иштирокида ўтказилган конференция истиқболда парламентни янада ривожлантиришнинг муҳим масалаларини аниқлаш имконини берди.

Манба: parliament.gov.uz

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech