Табаррук ташрифларнинг тотли мевалари

Юртимиз бўйлаб...

1

...Исроил – Эрон зиддиятлари ­кескинлашди. Америка учоқлари Эронга бомба ёғдирди. Фаластин – Исроил ўртасидаги муносабатлар таранглашди. Ғазо секторида очлик, ғайриинсоний азоблар. Россия – Украина уруши янаям ваҳимали тусга кирди. 

Уруш, хавотир, ташвиш, безовта-беоромлик она сайёрамизнинг кечагина гуркираб турган боғларини ўргимчак тўридек ўраб бораётган кунларда Ўзбекистон Президенти Тошкент вилоятига борди. Ёзги қуёш зиёларига кўмилиб меҳнат қилаётган деҳқонлар, боғбонлар, қурувчилар, йўлсозлар, зиёлилар билан учрашди, гурунглашди. Корхоналарга, хонадонларга кирди, одамларнинг орзу-ўйлари, қувонч-ташвишлари, режалари билан танишди, фикрлашди.

Жанжаллар, гарчанд, сарҳадларимиздан олисларда бўлаётган эса-да, улар ёшу қари – ҳаммамизга ипидан-игнасигача маълум. Шарқнинг доно оқини Абдулла Орипов таърифлаган «Қува анори»дек дунёда бўлаётган бўронларни Интернет тармоқлари кўзгудай лаҳзама-лаҳза кўрсатиб турганда бирон нарсани яшириш қийин. Она замин қалбидаги жароҳатлар аллақачон ҳаммамизнинг «ёрилмаган яра»мизга айланиб бўлди. Осмонўпар иморатлар ер билан битта бўлди, боғлар куйди, қишлоқлар ёнди. Ичи музлаб, умиди сўниб, қўли ишга бормай кўчаларда сарсон-саргардон бир қанча мамлакатларнинг бегуноҳ фуқаролари. Дунёвий қонун-қоидалар тугул БМТ ҳужжатлариниям бир чақага олмай қўйган зўравонлар эса ҳали-ҳануз кибру ҳаволардан қутулган эмас. Улар ёвузлик гирдобига борган сайин чуқурроқ ботиб бораётган дамларда Ўзбекистон Президенти Тошкент вилоятида бўлди. 

Мамлакатнинг йирик қўрғонларидан бўлган Тошкент вилоятининг барча шаҳару қишлоқларини обод ва кўркам қилиш орзу-ўйлари иқтидорга келганидан буён бир нафас ҳам тинч қўймаётган давлат раҳбарининг бу галги режалари жуда бошқача... 

«Бу диёрнинг энг асосий бойлиги – аслида, унинг меҳнаткаш, бағрикенг, кўпмиллатли халқидир», дея таърифлаган Президентимиз Тошкент вилояти аҳли ҳузурига бораётиб, пойтахт биқинида тубдан қайта қурилаётган «Тошкент – Шарқий» аэропортини кўздан кечирди. Аэропортнинг тўрт километр узунликдаги учиш-қўниш йўлагини, энг йирик самолётларни ҳам бемалол қабул қила оладиган иккита терминалини, перрон ва ангарларини барпо қилаётган қурувчиларнинг ишлари билан танишди.

Тошкент-4» терминали қурилиши ишлари тўхтатилди

Бу манзилни янгидан яратиш ҳам давлат раҳбарининг узоқ йиллик орзуларидан бири эди. Шундан эди қурувчиларнинг «Янги аэропортнинг бош архитектори Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг ўзлари бўлади!» дея ифтихор билан меҳнат қилишларининг боиси. Дарҳақиқат, аэропорт лойиҳаси, унинг мураккаб нуқталаригача бўлган чизмаларнинг ҳаммаси шахсан Президент ташаббуси билан яратилган. ­Аэропортнинг Ўзбекистон иқтисодиётига, йўловчиларга келтирадиган беҳисоб фойда ва қулайликлари-ю вилоятда туризм дарвозаларини катта очиб юбориши ҳам беш қўлдай аён эди Президентга. Амалга оширилаётган ишларнинг ҳар қадамида синчиклаб кўздан кечирган давлат раҳбари тегишли маслаҳат ва кўрсатмалар берди, қурувчиларга ташаккурлар айтди. Меҳрли сўзларни Юртбошининг лафзидан эшитиш кишига қанчалар қувонч, куч ва илҳом бағишлаганини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

2

Яна тасаввур қилингки, сиз қурама тоғлар орасида кумуш камардек ялтираб ётган ўнлаб дарё-ю сойларнинг энг шўхи ва гўзали бўлган Паркентсой соҳилида турибсиз.

Тошлардан тошларга урилиб, қирғоқларга майин эпкинлар сачратганча пастликларга энаётган, бир замонлар Мирзо Бобур от ўйнатиб ўтган, не-не жангу жадаллар гувоҳи бўлган Паркентсой соҳилларида ҳаёт қайнайди. Осмонга қўл чўзган кранлар, қурилиш анжомлари ташиётган машиналар овози бинокорларнинг ҳай-ҳайларига қўшилиб жозибадор, жанговар куйга айланиб кетганки, қараб кўзингиз тўймайди. 5 минг 200 хонадонга мўлжалланган 125 та кўп қаватли уй, 2 та мактаб, саккизта боғча, 10 гектарлик парк, сунъий кўл, сайилгоҳ ва велойўлак­лар барпо қилиниши керак олти гектарлик мазкур манзилда. 17 километрдан иборат ички йўллар эса кафтдай текисланади. Бундан ҳам зўри, 24 километр узунликдаги «Байт­қўрғон – Паркент» электрлаштирилган темир йўли қурилади... 

Халқимиз мана шундай фаровон шароитда яшашга муносиб». Президент  «Паркентсой» турар жой массивини бориб кўрди – Ўзбекистон янгиликлари –  Gazeta

Аслида хамир учидан патир ҳали булар. Бир китобга сиғмайди уларнинг барисин санасак агар. Шул боис айримларини тилга оламиз: Кумушконда 100 гектар ерда туризм объектлари қурилади. Олтин бел чўққисида ташкил этиладиган тоғ-чанғи курорт зонасида янги кўприк, 7 та дор йўли, 3 та тоғ-чанғи йўли, 4 та меҳмонхона, 40 та вилла, 4 қаватли автотураргоҳ, вертолёт майдончаси, ресторан, болалар майдончаси барпо этилади. Австрия компанияси эса 1200 гектар майдонда тоғ-чанғи курорти яратади. Лойиҳалар тўла амалга ошганидан кейин кунига 15 минг сайёҳни қабул қилиш имкония­­ти пайдо бўлади Паркентда. Сўқоқ томонларда ҳам айни йўналишда етти гектарлик сайёҳлик маркази ташкил қилиниб, унда 100 кишилик чойхона, 350 хонали 2 та 11 қаватли меҳмонхона, шале типидаги уйлар, соғломлаштириш маркази, автотураргоҳ, супалар, осма кўприклар, кемпинглар, кузатув майдонлари каби 17 турдаги объектлар барпо қилинади. 

Янгидан ташкил этиладиган 54 гектарлик боғда гилос, олма, нок, малинанинг экспортбоп навлари етиштирилади. Франция ва Испания томонлардан ўзини ўзи чанглатиш хусусиятига эга дарахтлар келтирилади. «Ақлли» агрегатлар нами қочган ерларни автоматик равишда суғоради. Бу йил 500 тонна олма, 400 тонна нок, 256 тонна гилос, 30 тонна малина етиштириш кўзда тутилган бўлса, келажакда уларнинг миқдори икки-уч баробар ошади. Қисқаси, туманда қиймати 1 миллиард долларлик 52 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 3300 та иш ўрни, 1 миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш имкони яратилади. 

 3300 иш ўрни. Бу – 3300 хонадон ободлиги, агар ҳар хонадонда учтадан жон бўлса – 9900, 5 тадан бўлса – 16500 инсоннинг хотиржамлиги, тўқлиги, эртасига, индинига ишончининг барқарорлиги деганидир! Серфарзанд паркентликлар учун мазкур рақам қанчалар аҳамиятли эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Бир миллион сайёҳга хизмат кўрсатиш эса бир миллион рўзғорнинг тўкислиги, дастурхонининг тўкинлигини таъминлайди.

Жалолиддин Румий ҳазратлари ноёб саховат эгаларига шундай таъриф берган: «Энг буюк Ҳаж бир кўнгилга йўл топиб киришдир. Бир кўнгил юзларча Каъбадан гўзалдир. Каъба ҳазрати Иброҳимнинг биноси бўлса, кўнгил Аллоҳнинг назаргоҳидир».

3

Мана энди Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига қилган битта ташрифи неча минглаб кўнгилларга севинч, бахт, умид, ишонч, гўзаллик, нур бағишлаганини чамалаб кўринг. Сўнгра унинг ёнига яна ўн ташрифни қўшинг. Ўн ташриф – ўн тўлғаниш, ўн уйғониш, ўн эврилиш. Ҳар ташрифдан сўнг ҳеч нима йўқ жойларда азамат корхоналар қад кўтараётгани, чақиртикан, ажриқ босган ерлар гулларга кўмилиб бораётгани, юз-юзлаб оилалар уй-жойли бўлаётгани-ю қаерга бош уришини билмай юрган минглаб ёшларнинг иш билан таъминланганини ҳисоблаб кўрсангиз, Президент ташрифларининг мазмун-моҳиятини янада теранроқ ҳис қиласиз.

«Ҳис қилиш» ёқимли, албатта. Аммо бундай ютуқларга қандай эришилди? Ер ўша, сув ўша, об-ҳаво, одамлар – ҳаммаси ўша-ўша-ку! Нега шунча йиллар мобайнида фойдаланилмади бундай имкониятлардан? Ёки ҳазрати Хизр бобомиз кутилмаганда хазина топиб, «Олинг, бўталарим», дея совға қилдиларми вилоят аҳлига? Бундай саволларнинг ҳамма жавоби яна Президентга, давлат раҳбарининг вилоят бўйлаб амалга оширган табаррук ташрифларига, халқ ҳузурига йўл олишдан аввал уларни қийнаётган ­муаммоларни ҳал қилиш учун қанча тунларни бедор ўтказгани, китоблар варақлагани, ўйга толгани, дунё тажрибаларини таҳлил қилгани-ю жонини қийнаб изланганларига уланиб кетади. 

Излаган имкон топади, илож топади, йўл топади, деганлари шу бўлса керак-да. 

Фақат Тошкент шаҳри ёки вилоя­­ти эмас, умуман, Президентнинг ҳеч қачон, ҳеч қаерга шунчаки «томоша» учун бормаслиги, қай ҳудудга йўл олмасин, ҳамиша ҳеч кимнинг хаёлига келмаган ташаббус шодалари билан бориши, давлат раҳбарининг қадами етган манзиллар эса ободлик наволарига кўмилиши ажиб анъанага айланиб кетди юртимизда.

Йўқни бор қилиш, мудроқ нигоҳларни уйғотиш, сокин сойларга дарёлар шиддатини олиб кириш учун қандай роҳатбахш азобларни бошдан кечиргани эса Президентимизнинг ўзи-ю ёлғиз Яратганга аён. Ишончим комилки, бу сўзларда заррача муболаға йўқлиги исботга муҳтож эмас. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг дунё тақдирига доир мураккаб масалаларга ҳам шарқона ақл билан оқилона ёндашаётгани, муаммолар тугунини ечиш йўлидаги ноёб қобилияти жаҳоннинг таниқли давлат ва жамоат арбоблари, йирик сиёсатчилари таҳсинига сазовор бўлаётгани ҳам аён ҳақиқат. 

Эсланг, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги қанчадан-қанча ўйдим-чуқур йўллар текисланди, Европа давлатларининг ишончи қайта туғилди бу заминга, дунё банкларига, ишбилармонларига дарвозалар катта очилди, ҳеч ким тан олмай, яккаланиб қолаётган Афғонистонга муносабат тубдан ўзгармоқда. Зотан, шундай ватанпарвар, тинчликсевар, бир сўзли фазилатлар исботлайди улуғ шахсларнинг тарихдаги ўрнини. 

Яхши биламиз: Ўзбекистон Президенти учун айтилган сўз – отилган ўқ. Ваъда – вафоси билан азиз. Юзлаб мисоллар келтириш мумкин биргина Тошкент вилоятининг ўзидан.

Масалан, Шавкат Миромонович 2017 йилда Тўйтепа шаҳарчасини вилоят пойтахтига айлантириш ҳақида сўзлади. Сал ўтмай, Тўйтепа қайта номланиб, Нурафшон шаҳри сифатида Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айланди. Таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди 7-8 йил орасида Нурафшон. Бир маҳаллар Нукент, ­кейинчалик Тўйтепа номидаги бу манзил катталиги бўйича Бискент, Қанға, Банокат, Тошкент сингари шаҳарлар қаторида турган бўлса-да, умрида бугунгидек ободликларни кўрмаган. Шаҳардаги 22 та маҳалланинг­ ҳамма кўча ва уйлари бошқатдан қурилди. «Ақлли шаҳар» концепцияси асосида Сингапурнинг «DIIPART» компанияси ҳамкорлигида қиймати 2,5 миллиард долларлик ишлар бошланиб кетди. Чиғириқ ва «ПШК» қўрғонлари шаҳар ҳудудига ўтказилди. 246 гектар майдонда 20 минг аҳоли яшайдиган шаҳарча қад ростлай бошлади. Иккинчи босқичда аҳоли сони 63 мингга, шу йил адоғида эса 77 мингга етади.

Nurafshon city”ни кимлар қуриши маълум бўлди | Qalampir.uz

Тасдиқланган бош режага мувофиқ 246 гектар майдондан иборат шаҳар қурилиши уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда 114 гектар ерда 20 минг аҳоли истиқомат қиладиган 72 та бино ва иншоот бунёд этилади. Иккинчи босқичда майдон 95 гектарга кенгайиб, 53 минг аҳоли учун 80 та бино ва иншоот қурилади. Учинчи босқичда қурилиш яна 37 гектарга кенгайиб, 77 минг аҳоли яшайдиган 48 та бино қурилади. 

Ҳозиргача 168 ўринга мўлжалланган 2 қаватли «Президент мактаби», замонавий меъморчиликнинг сўнгги ютуқларини ўзида мужассам этган кўпқаватли уйлар, замонавий бинолар фойдаланишга топширилди. Янги мактаблар, институт ва университет, хиёбонлар, тижорат банклари, бизнес марказлари, театрлар, кутубхоналар, Ёшлар маркази, амфитеатр, ўйингоҳлар, ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш давом этмоқда. Ватанпарвар боғи, ­Медиа ходимлари ва ижодкорлар боғи, Зулфия Зокировага бағишланган «Матонат мадҳияси» мемориал мажмуаси, гипермаркет, соғломлаштириш йўлак­лари қуриляпти. Келгусида Тошкентдан Нурафшонга ҳамда бошқа йўналиш­ларга қатновчи тез юрар электробус­лар қатнови йўлга қўйилади. Тошкент билан Нурафшон ўртасида ерусти ­метро қатнови ҳам бу ернинг ўзига хос салоҳияти ифодасига айланади. Президентимизнинг «Европанинг саноқли давлатларида бор бўлган энг замонавий шаҳарни биз Тошкент вилоятидан бошлаб берайлик», деган эзгу ниятларининг ифодасига айланади буларнинг ҳамма-ҳаммаси. 

Ҳа, Нурафшон ҳадемай «ақлли шаҳар» сифатида мамлакатимиз фахрига айланади.

Яқинда, аниқроғи, Матбуот ва ­оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами арафасида «Матонат мадҳияси» мемориал мажмуаси зиёратида бўлган журналистлар вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг сўзларини эшитиб, фахру ифтихорга тўлдилар.

Матонат мадҳияси» — Машъум урушда беш фарзандидан жудо бўлган она шарафига  ўрнатилган ёдгорлик

– 2025 йилда 612 минг аҳолини иш билан таъминлашимиз, 25,3 минг ­оиладаги 115,7 минг кишини камбағалликдан чиқаришимиз керак, – деди ҳоким. – Режани амалга ошириш учун вилоят ҳокимлиги, республика Халқ банки ва вилоят Марказий банки ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Банклар томонидан «Сайхун­обод» тажрибаси асосида ҳар бир маҳаллада 40 тадан жами 41 мингта микролойиҳа амалга оширилади, 82 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. Ҳар бир маҳалладан камида 10 тадан жами 10250 та хонадоннинг ўртача йиллик даромади 60-70 миллион сўмгача етказилади. «Бир контур – бир маҳсулот» асосида жами 649,2 гектарда 61 та намунали ­лойиҳа амалга оширилади. 

«Уйчи» тажрибаси асосида 150 мингта доимий иш ўрни яратилади. Бунинг учун 10,8 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилади.

Бундан ташқари, 2025 йилда 2,4 миллиард долларлик экспорт амалга оширилиши ва ўтган йилга нисбатан 166 фоиз ўсиш таъминланиши керак. Жумладан, саноат маҳсулотлари экспорти 2,2 миллиард долларга, мева-сабзавот экспорти 220 миллион долларга етиши зарур.

Ҳокимнинг сўзларидан аён бўлдики, экспорт ҳажмини ошириш вилоятда ривожланиш драйверига айланган. Унга кўра экспорт ҳажми тўқимачиликда 480 миллион долларга, электротехника саноатида 332 миллион, қурилиш материаллари 200,6 миллион, озиқ-овқат саноатида 175,7 миллион долларга кўпаяди. 

Туризм соҳасида 2025-2026 йилларда умумий қиймати 3 миллиард 285 миллион АҚШ долларига тенг 265 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилади ва 14 минг 487 та янги иш ўрни яратилади.

Биргина «Чорвоқ дарвозаси» ­лойиҳаси бўйича Ангрен дарёси, Паркентсой ва Чинознинг Сирдарёга туташ соҳилларида бир қанча кўпқаватли уйлар, меҳмонхоналар, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари ишга туширилади.

Президент Бўстонлиқдаги «Чорвоқ дарвозаси» лойиҳаси билан танишди

Бекобод туманининг янги ҳокими З.Низомиддиновдан Сирдарё устида янги кўприк қурилаётгани, яқин келажакда эса Ховос шаҳарчасидан Бек­обод, Бўка, Пискент, Паркент бўйлаб қуриладиган темирйўл ҳақида эшитганимизда, мамлакат раҳбарининг ташрифлари нақадар серҳосил эканини яна бир карра англадик.

4

Ҳа, ютуқларнинг ҳаммаси Президент ташрифларининг ширин мевалари. Уларнинг қаторига 2018 йилги ташрифдан кейин «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятига қарашли йирик инвестиция лойиҳаларидан бири – ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехининг ишга туширилгани, 2021 йилда ОКМК таркибидаги «Ёшлик – 1» кони негизида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши ва Юқори Чирчиқ туманида «Astrum» IT aкадемияси ўз фаолиятини бошлаб юборгани, 2022 йилда Зангиота туманида «Менинг биринчи уйим» янги ипотека дастурини Тошкент вилоятидан бошлаш ташаббуси жорий қилингани, «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки очилгани, 2023 йили Оҳангарон туманидаги «Ташкент Конч цемент», Қуйи Чирчиқ туманидаги «Ташкент коттон текстиль», Юқори Чирчиқ туманидаги «Азия Ташкент текстиль», «Салюб­рис Вита», Ангрен шаҳридаги «Анг­рен ­каолин», «Централ Азия Кемикалс», Нурафшон шаҳридаги «Агро Нью Дрип», Чирчиқ шаҳридаги «Шарқ Тюбс», Паркент туманидаги «Самсарак файз» ва «Шабнам Элегант» каби йирик корхоналарнинг ишга туширилгани ҳамда бу корхоналарда цемент, ип-калава, тўқимачилик, фармацевтика, бойитилган каолин, кимё маҳсулотлари, томчилатиб суғориш шланг­лари, рангли металлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани; 2024 йилда ОКМК таркибидаги «Ёшлик – 1» кони негизида 4-мис бойитиш фабрикасига старт берилгани, «Тошкент – Хўжакент» йўналишида янги электропоезд қатнови бошлангани, вилоят корхоналари томонидан шу йилнинг ўзида 7 507,6 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилгани ва бу 2017 йилга нисбатан 7 баробар кўплиги, 100 дан ортиқ давлат билан инвестиция ва экспорт соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилгани, инвестиция дастурлари доирасида 71 та давлат билан умумий қиймати 11,5 миллиард долларга тенг 200 дан зиёд инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилгани, биргина Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда 4 миллиард доллардан ортиқ 25 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани кабилар қўшилса, манзаранинг салобати янада тиниқлашади. 

5

– Президентимиз ҳамиша «кўзга кўринмас» имкониятлар илдизини топиб, улардан фойдаланиш чора-тадбирларини кўрсатиб берадилар, – сўзида давом этади вилоят ҳокими. – Бир келганларида хитойлик тадбиркор, «GaIanz» компанияси асосчиси Лян Чжаосян ҳақида сўзладилар. Дунёдаги энг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчи заводлардан ҳисобланган мазкур компания ташкил топ­ган 1992 йилда Хитой ­бўйича ҳаммаси бўлиб атиги 200 мингта ­микротўлқинли печь чиқарилган экан. Орадан икки йил ўтгач, компания деярли 5 минг дўкондан иборат миллий савдо тармоғи барпо қилади, ўн йилдан кейин кунига юз минг ­микротўлқинли печь ишлаб чиқара ­бошлайди. 2013 йилда 4,5 миллиард доллардан ортиқ даромад олиб, қирқ минг кишини иш билан таъминлайди. Лян Чжаосян 1,01 миллиард доллар бойлик билан «Ғоrbes»да дунёнинг энг бой одамлари рўйхатига киради. Бу ҳикоя вилоятимиздаги жуда кўп тадбиркорларга илҳом бағишлади.

2017-2024 йилларда тадбиркорлар томонидан амалга оширилган ишлар вилоят ҳокимининг сўзлари нақадар тўғрилигини тасдиқлайди. Яна мисолларга мурожаат қиламиз. 2019 йили Бўстонлиқ туманида «Амирсой» тоғ-чанғи курорти расман иш бошлади. 2020 йилдан вилоятнинг 6 та ҳудуди «Олтин ҳалқа» туризм концепцияси асосида ривожлантирила бошланди. 2021 йили Паркент туманининг сўлим гўшаларидан бири «Кумушкон» маҳалласи республикада биринчи «Туризм қишлоғи», «Туризм маҳалласи» мақомини олди. 2021 йилдан буён Тошкент вилояти «Халқаро жееп спринт» мусобақасига мезбонлик қилмоқда.

Паркент туманидаги Кумушкон ва Чашмага “туризм қишлоғи” мақоми берилди

Вилоятда ўтган 5 йилда 267 та туризм объекти барпо этилиб, соҳага 5,5 триллион сўм ва 156,1 миллион доллар хорижий инвестиция жалб қилинди.

2024 йили 282 миллион доллар миқдоридаги 56 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1042 та янги иш ўрни яратилди. Вилоятга 16 миллион 337 минг нафар турист келди. Уларнинг 984,2 минг нафари хорижий туристлардир. Туризм хизматлари экспорти 390 миллион АҚШ долларига етди.

 Ҳозир 74 та оилавий меҳмон уйи ҳамда маҳаллий ва хорижий туристларга хизмат кўрсатувчи 46 та туристик фирмалар фаолияти йўлга қўйилган. Оҳангароннинг Эртошсой ва Овжазсой қишлоқларига, Паркентнинг Чашма, Кумушкон қишлоқларига «туризм қиш­лоғи» мақоми берилган.

Чирчиқ давлат педагогика университетининг туризм факультети ва Бўстонлиқ туризм ва сервис коллежида 542 нафар талаба таҳсил олмоқда. 2024 йилда таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг 152 нафари ўз йўналиши бўйича ишга жойлаштирилди.

Вилоятда туризм диверсификация­­си, яъни ҳудудларда туризмнинг аниқ бир йўналишлари бўйича ихтисослашув дастури қабул қилинган. Унга кўра, Зангиота ва Тошкент туманларида тиббиёт туризми, Оҳангарон, Пискент, Чиноз ва Ўрта Чирчиқ туманларида ов туризми, Бўстонлиқ, Паркент туманлари ва Ангрен шаҳрида тоғ экстремал туризми, Зангиота, Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, Оққўрғон, Юқори Чирчиқ туманлари ва Ангрен, Нурафшон шаҳарларида ­зиёрат туризми, Бўстонлиқ, Паркент, Чиноз, Бўка, Янгийўл, Қибрай туманлари ва Янгийўл шаҳрида гастрономик туризми, Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон туманлари ва Ангрен шаҳрида эко ва агро туризмини ривожлантиришга алоҳида ­эътибор қаратилади. 

Утверждена программа развития Ташкентской области

Сув ҳавзалари бўйларидан туризм мақсадида унумли фойдаланиш йўналишида «Туябўғиз» сув ҳавзасидаги «ТашВегас» оромгоҳида замонавий бассейн ва пляж фойдаланишга топширилди. Нурафшон шаҳрида сунъий кўл ҳавзаси ташкил этилиб, доимий равишда ташриф буюрувчиларга концерт дастурлари ва кўнгилочар хизматлар кўрсатилмоқда. Бўстонлиқ туманининг «Хевенс Гарден» дам олиш масканида Сингапурнинг «Марина-Бей» сув ҳавзаси андазаси асосида замонавий бассейн бунёд этилди. Кичик ҳажмдаги сув ҳавзалари сони 184 тадан ошиб кетди.

6

Тошкент вилоятини мамлакатимизнинг энг йирик ҳудудларидан, дедик. Дарҳақиқат, бир томони Қозоғистон, бир томони Қирғизистон ва Тожикистон республикалари, яна бир томони Наманган ва Сирдарё вилоятларига туташиб кетган бу заминнинг 15 та тумани ва 7 та шаҳрида 80 миллатга мансуб 3 миллион 100 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. 

Қурама, Писком, Угом, Чотқол каби тоғлар атрофида қўр тўкиб турган заминнинг Чирчиқ-Оҳангарон водийси, Қурама тоғи, Ангрен-Олмалиқ атроф­лари мис, полиметалл рудаларига, олтин, кумуш, қўрғошин, алюминий каби фойдали қазилмаларга, қўнғир кўмир, молибден конлари, плавик шпати ва дала шпати ҳамда турли хил қурилиш материалларига тўла.

Вилоятда энергетика, машинасозлик, металлургия, кўмир, кон металлургияси, кимё саноати, пойабзал, пахта тозалаш, озиқ-овқат, тўқимачилик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоқлари гуркираб ривожланмоқда. Бекобод шаҳридаги «O‘zmetkombinat», Олмалиқ шаҳридаги «ОКМК», Ангрен кўмир конлари, Чирчиқ қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кластери кабиларнинг шуҳрати мамлакатимиз ташқарисида ҳам маълум ва машҳур.

 Вилоят ҳақида сўз борганда, Сўқоқнинг шашлиги, Паркентнинг мадор сомсаси, Бўканинг чойхона палови, Пис­кент мантиси, Чинознинг қовуриб, карсиллатиб пиширилган карас балиғи ёхуд ­Бўстонлиқнинг «Бочка» маставаси, ­Қибрай ҳалими, Юқори ва Ўрта Чирчиқ туманидаги корейс куксиси каби ноёб таомларни эсга олмаслик мумкин эмас. Вилоятдаги ҳар бир миллатнинг ўзига хос бадиий жамоалари мавжуд. Масалан, Ангренда «Чотқол наволари» халқ фольклор-этнографик жамоаси, «Шош Илоқ маржонлари» фольклор жамоа­­си ва «Анъана» болалар фольклор тўгараклари бор. Уларда миллий ­қадрият, урф-одат ва анъаналар тараннум этилса, Оҳангарон шаҳридаги «Қурама» фольклор-этнографик халқ ансамбли ва Чирчиқ шаҳридаги «Суғдиён» тожик миллий маданият марказида турли миллатларга мансуб аҳолининг дилбар куй-қўшиқлари куйланади.

Паркент тумани Заркент қишлоғида «Сомса сайли» байрам тадбирлари давом  этмоқда

7

Аммо, таъкидлаш керакки, қадимдан Буюк Ипак йўлидаги илм-фан, ҳунарманд­чилик, маданият тараққий этган маконлардан бўлган Тошкент вилоятининг тарихи ҳали-ҳануз мукаммал ўрганилган эмас. Хўжакент яқинидаги ғордан топилган тош даврига мансуб одам суягининг қолдиқлари ва қоялардаги суратлар бу воҳада қадимда ибтидоий одамлар яшаганидан далолат берса, Юнон, Хитой ва Шарқ манбаларида милоддан аввалги V-II асрларда ҳам бу заминда одамлар истиқомат қилгани айтилади. Кўлбулоқ яқинидаги Қизилолмасой ва Қўшсойдан топилган қадимий тош қуроллар ясалган устахона эса вилоят замини олис-олис замонларда ҳам одамларнинг муқаддас манзилгоҳи бўлганидан далолат беради.

Чирчиқ водийсидаги Бурганли сойидан топилган темир даврига оид сопол, металл, тошдан ясалган уй-рўзғор буюмлари, жумладан, чойнаксимон тумшуқли ва қулоқли қозонлар, меҳнат қуроллари милоддан аввалги асрларда ҳам вилоятда ривожланиш бўлганини тасдиқлайди.

Кейинчалик воҳада қалъа ва шаҳарчалар кўпайиб кетгани боис бу ерларга Шош, яъни минг қалъали давлат таърифи берилади. Минг қалъаларнинг бири бўлган Оқтепа қўрғони ўзига хослиги билан ажралиб туради. Мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган қалъа илк ўрта аср шаҳарларининг арки ва шаҳристони бўлган.

Ҳозир вилоятда сайёҳлар борадиган 20 га яқин машҳур зиёрат манзили бор. Шайх Умар Вали, Авлиёсойдаги Икрима ота, Қадамчи бува, Авлиё Парпи ота, Қирқизобод ёки Қирққиз момо зиёратгоҳлари шулар жумласидандир. 

Умуман, ҳозир Тошкент вилоятининг археологик харитасига 760 та кўҳна манзилгоҳ, шаҳар ва қишлоқ харобалари, қадимги қабристонлар, мудофаа ва ирригация иншоотлари киритилган. Киритилмаган ва ўрганилмаганлари яна қанча экани эса маълум эмас. 

Маълуми шуки, Ўзбекистон Президентининг вилоятга ҳар сафарги ташрифида барча соҳалар каби азиз-авлиёларнинг қадамжоларини обод қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улуғ боболаримиз қўллаб турган юрт эса ойма-ой, кунма-кун ривожланиб, юксалиб бораётир.

 

Тошкент вилояти Ўзбекистоннинг

Кўркам боғларида чинор бўлгайдир.

Дилбар лавҳаларни кўрган инсоннинг

Қалби дарё-дарё нурга тўлгайдир.

 

Чашмалар сойларга бўлгайдир йўлдош,

Рўёбга чиққайдир эртаклар, тушлар.

Фалакда ярқираб нур сочгай қуёш,

Бардавом бўлгайдир қутлуғ ташрифлар...

 

Абдусаид КЎЧИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси

 Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

Ўзбекистон Республикасида 

хизмат кўрсатган ёшлар

мураббийси

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech