27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Ҳозирги кунда ҳар қандай жамият тараққиётини сўз эркинлигисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Сўз эркинлиги ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи бўлса, ахборот эркинлиги ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир. Шу боис сўз ва ахборот эркинлиги миллий қонунлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар томонидан дунё миқёсда қабул қилинган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ва тан олинган универсал шартномаларда ўз аксини топган.
Халқаро ҳуқуқда сўз эркинлиги фундаментал ҳуқуқлар сифатида эътироф этилган бўлса-да, аслида у мутлақ (абсолют) ҳуқуқ эмас. БМТнинг 100 га яқин, ЮНЕСКОнинг 60 дан ортиқ, Европа Кенгашининг 200 дан зиёд, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 30 дан ортиқ халқаро конвенция, декларация ҳамда пактларида сўз ва фикр эркинлиги ҳуқуқий тартибга солинган. Бундай кенг қамров ушбу масаланинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўрни ва аҳамияти қанчалик юқорилигидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Муқаддимасида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлиги тан олинишига урғу берилган. Яъни, ушбу конституциявий қоида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш фақатгина давлатнинг ички иши эмаслигини англатади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ, ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот ва ғояларни ҳар қандай восита билан, давлат чегараларидан қатъи назар, излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади.
Сўз ва фикр эркинлигига доир қоида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддаси 2-бандида қуйидаги тарзда ифодаланган: "Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин баён этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан мустақил ҳолда ёзма равишда ёки матбуот воситасида ёхуд ифодалашнинг бадиий шакллари ёки ўз ихтиёрига кўра бошқача усулларда турли ахборот ва ғояларни қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини қамраб олади".
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июнь куни қабул қилинган «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ғоят муҳим аҳамиятга эга. Фармон, биринчидан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига эришишнинг янги босқичини бошлаб берган бўлса, иккинчидан, мамлакатда ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш борасида дадил қадамлар қўйиш учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.
Фармонга мувофиқ, очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик даражасини янада ошириш бўйича “йўл харита” белгилаб берилди. Фармон билан бир қатор тартиблар жорий этилмоқда.
Хусусан, 2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари амалга оширган давлат харидлари, харажатлари ва молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради. Шунингдек, ҳар йили 1 мартга қадар давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 1 апрелга қадар мазкур ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманлари ўтказишни йўлга қўяди.
Бошқача айтганда, Фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган талабларни мунтазам равишда бажаришини таъминловчи яхлит тизим ишга туширилади. Энг муҳими, ҳар бир инсонга, қолаверса, жамият ва давлатга ҳам бирдек муҳим натижа – сўз, ахборот, матбуот эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши янада кафолатланади.
Албатта, ушбу ҳуқуқлардан фойдаланиш алоҳида мажбуриятлар ва алоҳида масъулият ҳам юклайди. Бундай мажбуриятлар айрим чеклашлар билан боғлиқ, лекин бу чеклашлар қонун билан белгиланиши ва муайян сабабларга асосан жорий этилиши лозим.
Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 19-моддаси 3-бандида қайд этилишича, бу борадаги ҳуқуқларга бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва обрў-эътиборини ҳурмат қилиш ҳамда давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, аҳоли саломатлиги ёки ахлоқини муҳофаза этиш учун қонун асосида чеклашлар кўзда тутилиши мумкин.
Бундан ташқари урушни тарғиб этиш қонун орқали тақиқланади. Камситиш, адоват ёки зўравонликка ундовчи миллий, диний ёки ирқий нафрат руҳидаги ҳар қанақа ҳаракат ҳам қонун йўли билан тақиқланган бўлиши лозим. Яъни, агар сўз ва фикр эркинлиги нафрат, инсонни камситишга ундаш, қасд олиш ёки зўравонлик тарғиботи учун қўлланилса, у қонунийлик мезонлари асосида қатъий чекланиши мумкин.
Айни чоғда фикрни ифода этиш ва ахборот эркинлиги, эркин, мустақил ва фикрлар хилма-хиллигига асосланган оммавий ахборот воситалари ҳамда очиқ ва фойдаланиш имконияти мавжуд бўлган интернетнинг эркин ва адолатли сайловлар, жумладан, референдумлар ўтказишни таъминлашда, хусусан, жамоатчиликни партиялар, номзодлар ва уларнинг сиёсий платформалари билан таништириб боришда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, 2020 йил 30 апрелда БМТнинг Рақамли технологиялар даврида фикрни ифода этиш ва сайловлар эркинлиги тўғрисидаги қўшма декларацияси қабул қилингани эътиборга молик.
Бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг номида "қўшма декларация" ибораси қўлланилгани бежиз эмас. Чунки ушбу ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фикр эркинлиги ва уларнинг эркин ифода этилиши ҳуқуқини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш тўғрисидаги масалалар бўйича махсус маърузачиси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили ҳамда Америка давлатлари ташкилотининг Фикрни ифода этиш эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси ташаббуси билан қабул қилинган.
Оммавий ахборот воситаларининг тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва ирқчилик ҳамда апартеид ва урушга гижгижлашга қарши курашдаги ҳиссасига оид асосий принциплар тўғрисидаги декларациянинг муқаддимасида қайд этилганидек, "ахборот эркинлиги" инсоннинг асосий ҳуқуқи ҳисобланади ва эркинликнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўз ҳимоясига олган барча турлари учун мезон саналади. Мазкур Декларациянинг 2-моддасига кўра, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг таркибий қисми сифатида эътироф этиладиган фикр, уни ифодалаш ва ахборот эркинлигини амалга ошириш тинчлик ва халқаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
1991 йил 3 майда Намибияда Мустақил ва плюралистик Африка матбуотини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Виндхук декларацияси қабул қилинди. Бу сана эндиликда Жаҳон матбуоти эркинлиги куни сифатида нишонланмоқда. Ушбу санани нишонлашдан кўзланган асосий мақсад ахборот эркинлиги тамойилларини илгари суриш, дунёнинг барча минтақаларида ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги ҳолатига баҳо бериш, журналистлар эркинлиги ва мустақиллигига тажовузларнинг олдини олиш, касбий бурчини бажараётганда ҳалок бўлган журналистларни ёд этиш, уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Виндхук декларациясининг 1-бандида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига мувофиқ мустақил, плюралистик ва эркин матбуотни таъсис этиш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтириш миллат демократиясини ва иқтисодий тараққиётини ривожлантириш ҳамда рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланган.
Мамлакатимизда сўз ва матбуот эркинлиги давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу — давр талаби, бу — Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби".
Виндхук декларациясининг 2-бандига кўра, матбуот давлат, сиёсий ва иқтисодий назоратдан, газеталар, журналлар, даврий нашрлар ишлаб чиқариш ва тарқатиш учун зарур материаллар ҳамда инфратузилмалар устидан назорат ўрнатилишидан мустақил бўлиши шарт.
Ушбу қоида Президентимизнинг "Холис ва адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда. Бундан буён ҳар бир давлат органи ўз кундалик фаолиятида оммавий ахборот воситалари билан яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиши зарур ва шарт", деган фикрларига мантиқан ҳамоҳангдир.
Бундан ташқари Виндхук Декларациясининг 3-бандида плюралистик матбуот деганда барча турдаги яккаҳокимликларнинг барҳам топишини ва жамиятдаги барча ранг-баранг фикрлар ифодасини ўзида акс эттирувчи газеталар, журналлар ва даврий нашрлар имкон қадар кўпроқ бўлиши тушунилиши қайд этилган.
Бугунги кунда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди шу мақсад йўлида изчил фаолият юритмоқда. Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси очиқ танловлар эълон қилиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларини мунтазам рағбатлантириб келмоқда.
Бундан ташқари Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўз маблағларини, жумладан, давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни рағбатлантириш ва уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирмоқда.
Кейинги йилларда мамлакатимизда катта аудиторияга эга бўлган қарийб 290 та хусусий ва идоравий интернет-нашрлар ташкил этилгани ана шундай ислоҳотлар самарасидир. Улар бошқа материаллар қаторида энг муҳим расмий ахборотлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тарқатмоқда.
Виндхук декларациясининг 4-бандида "мустақил ҳамда плюралистик матбуот пайдо бўлиши учун тегишли муҳит" яратиш билан боғлиқ ўзгаришлар эътироф этилган. Декларациянинг 5-бандида қайд этилишича, "Демократияга ва ахборот ҳамда фикрни ифодалаш эркинлигига дунё миқёсида интилиш инсоният орзу-ниятларининг ижобати йўлида муҳим улуш ҳисобланади".
Бу ҳақда сўз борганда Виндхук декларациясида тилга олинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг қоидалари мамлакатимиз Конституцияси ва бир қанча қонунларида ўз аксини тўлиқ топганини таъкидлаш лозим. Ҳозирги вақтда сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилмоқда.
Хусусан, Жиноят кодексининг оммавий ахборот воситалари орқали "туҳмат" ва "ҳақорат қилиш" каби моддалари бўйича озодликдан маҳрум қилиш шаклидаги жазо чоралари бекор қилинди. Бу айни соҳадаги мавжуд қонунчиликни либераллаштириш йўлида ташланган дадил қадамдир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг янги тизими жорий этилди. Натижада кейинги даврда кўплаб вазирлик ва идораларда ахборот хизматлари замон талаблари асосида қайтадан, 201 та туман ва шаҳар ҳокимликларида эса биринчи марта ташкил этилди. Бу тизим давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига доир ахборотларни олиш борасида оммавий ахборот воситаларининг ишини тубдан енгиллаштириши баробарида ижтимоий жараёнлар ҳақида ишончли ахборот бериш орқали жамиятдаги муаммо ва ҳодисаларга тезкор муносабат билдирмоқда.
Шу йил 1 майдан бошлаб бир қатор молиявий маълумотларни ОАВ ва интернетда эълон қилиш амалиётининг жорий этилгани ҳам давлатимизнинг очиқлик ва ошкораликни, сўз ва матбуот эркинлигини рағбатлантириш борасидаги изчил сиёсати намунасидир.
Айни вақтда мамлакатимизнинг тобора мустаҳкамланиб борган сўз эркинлиги рейтингидаги ўрнини янада яхшилаш бўйича амалий ечимлар изланмоқда. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб боряпмиз. Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз.
Ғулом МИРЗО,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
- Қўшилди: 25.06.2021
- Кўришлар: 4717
- Чоп этиш