Кейинги пайтларда жамоатчилигимиз эътиборини жалб этган, қатор вилоятлар раҳбарларининг қонун доирасида бўлмаган хатти-ҳаракатларига Президентимиз томонидан берилган тегишли баҳодан кейин эҳтирослар муайян даражада пасайди. Бу ана шу воқеаларни вазминлик билан таҳлил этиш, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида тобора жадаллашиб бораётган ўзгаришлар хусусида айрим хулосалар чиқаришга имкон беради, деган фикрдамиз.
Ана шу ҳодисаларда, энг аввало, электрон журналистикамиз тўртинчи ҳокимиятга даъвогарлигини намоён эта олди, дейиш мумкин. Интернет сайтлари ва блогерлар томонидан юзага келган муаммоларнинг кенг жамоатчиликка етказилиши, содир бўлган қонунбузарликлар акс-садоси юртимизда нафақат сўз эркинлиги қарор топаётганлигини, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ўрни ва нуфузи тикланаётганлигини ҳам кўрсатди.
Шу билан бирга, ўйлашимизча, бу воқеалар қатор жуда жиддий масалаларни ҳам кун тартибига қўйди. Ҳамкасбларимиз демократлаштириш жараёнларига доғ туширган ҳодисаларни дадил фош этаётганини таъкидлаган ҳолда, айрим раҳбарларнинг амалдаги ҳуқуқий қоидаларни шу қадар менсимаслигига таажжубланмасликнинг иложи йўқ.
Наҳотки, вилоят ҳокими давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харидлар ким ошди, ҳозирги пайтда эса электрон савдолар орқали амалга оширилишидан бехабар бўлса? Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулоти эркин бозор шароитида рақобатбардош бўлмаса, бунга ким айбдор? Монопол ишлаб чиқарувчиларга ҳамма имтиёзлар муҳайё қилиб қўйилганлиги учун ўзимизда йиғилган автомобиллар, уларни ишлаб чиқармайдиган мамлакатларникидан қиммат эканига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз-ку!
Ахир, вилоятнинг соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари бу ҳуқуқий қоидага амал қилмаганлиги учун фақат маъмурий эмас, балки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шу сабабли мазкур масала бўйича ўзининг бевосита бошлиғи – вазирга мурожаат қилишга мажбур бўлганлиги учун уни нафақат айблаш, инсоний муносабатларда тасаввур этиб бўлмайдиган тарзда ҳақоратлаш айрим раҳбарларнинг маънавий қиёфасини ошкор қилиб қўйди.
Ана шу масалада вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг овоза бўлган кўнгилсизликлар бир ёқда қолиб, электрон журналистика вакилларини фақат бир ёқламаликда, яъни бу ерда бўлаётган ижобий ишларни тилга олмасдан, нуқул хатоларни танқид қилишда айблаши ҳам ажаблантирмай қолмайди.
Мамлакатда ҳуқуқнинг энг биринчи ҳимоячиси ҳисобланган собиқ Бош прокурор эса тиббиёт анжомлари харид қилиш масаласида қонун бузилишига йўл қўйилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантираётган соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарини қўллаб-қувватлаш ўрнига, муаммони ўзаро ҳал қилишни вилоят ҳокимига ҳавола этган экан.
Рўй берган воқеалар раҳбарларнинг маданияти даражасида ҳам қусурлар борлигини намоён қилди. Уларнинг ёши катталарни ҳам мансаби қуйилиги учунгина сансираши, инсон шаънини ерга урадиган ҳақоратли сўзларни кенг доирада тап тортмасдан тилга олиши, очиқдан-очиқ ҳақоратлашини оқлаб бўлмайди. Зеро, бунинг учун Жиноят кодексида тегишли моддалар белгилаб қўйилган.
Аслида, бундай бедодлик учун ҳақоратланган кишининг ўз шаънини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилишга журъат эта олмаганининг сабаби бор. Очиғи, ҳозирча фуқароларимизнинг ҳоким билан судлашиб, ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга ишончи комил эмас.
Тўғри, энг ривожланган давлатларда бўлганимизда ҳам ходимларнинг ўз раҳбарларидан ҳайиқишига гувоҳ бўлганмиз. Жумладан, АҚШга борганимизда бизни хонадонларида яшашга таклиф қилган кўнгиллиларнинг оила аъзолари баъзан ишга кечикиб қолишларидан ниҳоятда ташвишланиб, бу “жиддий муаммолар туғдириши”ни очиқ тан олишган. Чунки, уларда ҳам интизомсизлик, масъулиятсизлик шафқатсиз жазоланади.
Бироқ сизни ҳамманинг олдида асло ҳақоратлашмайди, ҳатто “ишдан бўшатаман” деб пўписа ҳам қилишмайди. Жуда оддийгина иш тутишади: қўлингизга конверт тутқазишади. Унда “бундан буён хизматингизга муҳтож эмасмиз” деган билдирги ва ҳисоб-китоб қилинган иш ҳақингиз бўлади.
Энди бошка корхона ёки ташкилотга ишга жойлашмоқчи бўлсангиз, аввалги ишлаган жойингиздан тавсиянома олиб келишингиз керак. У ердагилар бизникиларникига ўхшаб “ўзинг ёзиб кел, қўл қўйиб бераман” демайди. Аксинча, қандай хизмат қилган бўлсангиз, шундайлигича таърифл берилган тавсиянома тайёрлашади. Ноҳақ ишдан бўшатилган ходимлар ҳақ-ҳуқуқининг қудратли ҳимоячилари – касаба уюшмалар борлиги иш берувчилар билан ёлланма ходимлар манфаатларини мутаносиблаштириб туради, албатта.
Ёки тадбиркорнинг не машаққат билан қураётган биносига, аҳолининг яшаб турган иморатларига бульдозер ва экскаватор солиш-чи? Раҳбарларимиз, айниқса, ҳокимларимиз орасида бугунги кунда олий маълумотга эга бўлмаганлар топилмаса керак.
Конституциямизда “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга” деб муҳрланиб қўйилган 27-моддага уларнинг бирор марта кўзи тушмаганми? Аслида бу масалани ҳал қилишнинг қонуний йўллари бор.
Минтақаларда биринчи раҳбарларнинг мутлақ ҳукмронликларини муайян даражада чегаралаш мақсадида ҳокимларнинг ҳам ижро этувчи, ҳам қонун чиқарувчи органларга раҳбарлигини бекор қилиш масаласини катта ижобий қадам сифатида баҳолаш лозим. Ушбу тартиб жорий этиладиган бўлса, ҳокимларнинг қайси сиёсий партияга мансублиги ҳам аҳамият касб этган бўларди.
Айтмоқчимизки, бунда партия ўз вакилини ана шу лавозимга сайланишига эришиш орқали дастурларида белгилаб қўйилган мақсадларини амалга ошириш ва аҳоли ўртасида ўз мавқеини мустаҳкамлашга муваффақ бўлади. Аксинча, хатоларга йўл қўйган раҳбар фақат мансабидан четлаштирилибгина қолмасдан, ўз партиясининг обрўсига ҳам доғ туширгани учун ҳам жавоб беради.
Мамлакатимиз парламентига сайловлар яқинлашиб келаётганлиги учун ушбу масаланинг долзарблиги янада ортиши аниқ. Бу галги сайловлар янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари асосида, фикримизча, қизғин сиёсий кураш остида ўтиши кутилмоқда.
Кейинги бир неча йил ичида мамлакатимизда, жамиятимиз ҳаётида ҳам кенг кўламли, ҳам чуқур ўзгаришлар давом этмоқда. Кўп йиллар давомида одат бўлиб қолган маъмурий бошқарув усулларининг янги ислоҳотларни амалга ошириш даврида кўзланган самарага эришишда ожизлиги яққол сезилди.
Якка ҳокимликка ўрганиб қолган баъзи раҳбарларнинг бугунги ҳаётимиздаги шиддатли ўзгаришларни англаши ва уларга мутаносиб равишда иш олиб бориши машаққатли кечаётганидан ҳам кўз юмолмаймиз. Аммо энди эскича фикрлаб ҳам, эскича ишлаб ҳам бўлмайди.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали Бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 18.08.2019
- Кўришлар: 7301
- Чоп этиш