Ҳозирги кунда дунёда 500 га яқин ҳаракатдаги Конституция бор. Шулардан салкам 200 таси мустақил давлатлар Конституциялари бўлса, 300 таси федерация субъектларининг Конституцияларидир.
Дунё Конституцияларини тарихий нуқтаи назардан уч авлодга бўлиш мумкин.
Биринчи авлод Конституциялари – бу гуруҳга АҚШ Конституцияси ва Иккинчи жаҳон урушига қадар қабул қилинган бошқа Конституциялар киради.
Иккинчи авлод Конституциялари – 1946 йилдан то 1990 йилгача қабул қилинган Конституциялардан иборат.
Учинчи авлод Конституциялари – “Берлин девори” тимсолида социалистик тизим қулаганидан кейин қабул қилинган Конституциялар.
Дунёдаги барча Конституциялар жаҳон конституциявий харитасини ташкил этади. Япония Конституцияси жаҳон конституциявий харитасида ўзига хос ва мос ўринга эга.
Япония Конституцияси – Япониянинг ташриф қоғозидир. Конституцияда Японияга конституциявий таъриф берилган. Япония Конституциясининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?
Аввало, Япония Конституцияси ўз тарихига эга. Япония тарихида кўп сонли конституциявий ҳужжатлар мавжуд бщлмаган. 300 йилдан кўпроқ давр давомида Япония Ғарб дунёсидан ташқарида, ўз урф-одатлари ва анъаналарига мувофиқ турмуш кечирган.
Японияда 2 марта Конституция қабул қилинган. Қолаверса, Японияга конституциявий барқарорлик хос. Буни ҳар икки Конституцияга ҳам биронта ўзгариш киритилмагани яққол тасдиқлайди.
Мэйдзи Конституцияси – Япониянинг илк Асосий қонуни
Япониянинг биринчи Конституцияси – 1889 йилги Мэйдзи Конституциясидир. Бу Осиё қитъасидаги биринчи Конституция бўлиб, унинг қабул қилинганига 130 йил тўлди.
Буюк Япония империясининг биринчи Конституцияси тарихда Мейдзи инқилоби сифатида маълум бўлган воқеалар туфайли давлат ўзгаришлари натижасида 1889 йилда қабул қилинган. Унга Пруссиянинг 1851 йилги Конституцияси ва қисман Бельгиянинг 1831 йилги Конституцияси намуна бўлган.
Демак, Япония ҳуқуқий тизимининг модернизация қилинишида Германиянинг ҳуқуқий таъсири аввалги Франция ҳуқуқидан устун кела бошлаган. Мэйдзи Конституцияси янги Япония давлатининг Асосий қонуни сифатида 1945 йилгача, яъни Фавқулодда чоралар тўғрисидаги қонун қабул қилгунига қадар ҳаракатда бўлган.
Конституция мамлакатда феодал муносабатларга барҳам берилганлигини ва умуммиллий бирлик кучайганлигини мустаҳкамлаб қўйган. Конституция Император томонидан тақдим этилган, у шунингдек бошқа муҳим давлат қарорларини эълон қилган. Мейдзи Конституцияси янги Япония давлати ва жамиятининг асосий қонунига айланган.
Конституция билан бир йўла жуда муҳим – Император авлоди тўғрисидаги, Парламент тўғрисидаги, Пэрлар палатаси тўғрисидаги, Депутатлар палатасига сайловлар тўғрисидаги, Молия тўғрисидаги қонунлар эълон қилинган. Улар 1890 йилда кучга кирган.
1889 йилги Конституция етти бобга бирлаштирилган 76 моддадан иборат бўлган. Унга мувофиқ, Японияда бошқарувнинг шакли дуалистик монархия шакли белгиларини олган. Император ҳокимияти деярли чегараланмаган.
Император давлат бошлиғи сифатида олий ҳокимиятга, Империя парламентининг розилиги билан (Япония Парламенти Осиёдаги биринчи парламент бўлиб, унга биринчи умумий сайловлар 1890 йил 1 июлда ўтказилган ва парламентнинг биринчи сессияси 1890 йил 29 ноябрда чақирилган) қонунчилик ваколатларини амалга ошириш, қонунларни тасдиқлаш ҳамда улар ижро этилишини белгилаш ёки мутлақ тақиқ қўйиш ҳуқуқига эга бўлган. У, шунингдек парламент қуйи палатасини чақириш ва тарқатиб юбориш, парламент маъқуллаши шарти билан қонунлар кучига эга бўлган фармонлар чиқариш ҳуқуқига эга бўлган.
Император давлат ҳокимияти турли органларини таъсис этиш, фуқаро ва ҳарбий амалдорларини тайинлаш ҳамда вазифасидан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлган, армия ва флотнинг Олий Бош қўмондони ҳисобланган. Император ўзи олий амалдорлар таркибидан аъзоларини тайинлайдиган Махфий кенгашга таянган. Ушбу орган мамлакатни бошқаришнинг асосий йўналишлари бўйича тавсиялар берган, бундан ташқари Конституцияни талқин этиш ҳуқуқига эга бўлган. Суд ҳокимияти ҳам муайян даражада Императорга тобе бўлган.
Мейдзи Конституциясига мувофиқ, Император ҳокимиятини конституциявий чегаралашга деярли йўл қўйилмаган, ҳокимиятнинг қонунчилик тармоғи эса жуда ожиз бўлган. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу Конституцияда ҳокимиятнинг тақсимланиши шакллантирилмаган, чунки унда устунлик яққол ижроия ҳокимият томонида бўлган.
Ушбу даврда (XIX асрнинг 80-йиллари) Япония ҳуқуқини европалаштириш жадал ривожлана бошлаган. Асосига аввал Франция ва кейин Германия ҳуқуқининг принциплари қўйилган бир нечта кодекслар ишлаб чиқилган.
Ушбу асосий тармоқ кодекслари ва қонунлари тўплами “Роппо” номини олган. Мазкур номни умуман япон мақом ҳуқуқи тўғрисида гап кетганда ишлатишган.
Шуни таъкидлаш керакки, мамлакатнинг амалда ривожланиши 1930-йилларда Япония урушқоқ доираларининг кўп марта давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишларига олиб келган, бунинг оқибатида конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар чегараланган. 1945 йилда Фавқулодда чоралар тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши 1889 йилги Конституция амал этишини тўхтатиб қўйган.
Осиёда биринчи Конституция ҳисобланувчи Мейдзи Конституцияси барқарор бўлган, унга 1947 йилги иккинчи Япония Конституцияси қабул қилингунга қадар ҳеч бир ўзгартириш киритилмаган. 1889 йилги Япониянинг Конституцияси “модернизациялаштирилган, бироқ тўла бўлмаган” (“нама-биракэ”) – Конституциядир.
Япониянинг мустақил Конституцияси
Япониянинг иккинчиси Конституцияси – 1947 йилги Конституциядир. У Япония юристлари томонидан ишлаб чиқилган мустақил Конституция ҳисобланади. Конституцияни ишлаб чиқишда АҚШ ва Европа конституциявий тажрибасига асосланилган. Бу конституциянавислик жараёнига ҳатто СССРнинг 1936 йилги Конституцияси ҳам муайян таъсир кўрсатган.
Япониянинг амалдаги Конституцияси 1946 йил 7 октябрда маъқулланган. Конституция Император Сёва томонидан 1946 йил 3 ноябрда имзоланган ва 1947 йил 3 майда амалга киритилган. Ушбу даврда, шунингдек конституциявий аҳамиятга эга кўп сонли қонунлар: Император авлоди тўғрисидаги қонун, Парламент тўғрисидаги қонун, Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун, Суд тизими тўғрисидаги қонун қабул қилинган.
1946 йилда Конституциянинг бир нечта лойиҳалари ишлаб чиқилган. Агар япон лойиҳаси мамлакатда амал қилиб келган Мейдзи Конституциясига мувофиқ конституциявий тузумни у қадар муҳим бўлмаган ўзгаришлар билан сақлаб қолишни назарда тутган бўлса, иттифоқдош давлатлар англо-саксон ҳуқуқи принципларига асосланган ўз лойиҳаларини тайёрлаган.
1946 йилнинг апрелида урушдан кейинги биринчи парламент сайловлари бўлиб ўтган, унинг натижасида Парламентнинг янги таркиби урушдан кейинги биринчи Ҳукуматни шакллантирди. Ушбу Парламент 1946 йилнинг 7 октябрида мамлакатнинг янги Конституциясини қабул қилди. Ушбу Конституциянинг матни:
биринчидан, ўзлаштирилган, чунки у Америка ва Европа конституциявий ҳуқуқи қоидаларига асосланган. АҚШ Конституциясининг таъсири ҳуқуқ ва эркинликларнинг, айниқса индивидуализм концепциясига, конституциявий назорат институтининг амал этиши таркиби ва тартибига асосланган шахсий ҳуқуқларнинг мустаҳкамлаб қўйилишида кўзга ташланади;
иккинчидан, Япония Конституциясининг таркибий тузилишида аввалги япон Конституциясига нисбатан муайян изчилликни пайқаш мумкин. Агар 1889 йилги Мейдзи Конституцияси фақат марказий ҳокимият органлари тузилиши ва ваколатларини ўрнатган бўлса, 1947 йилги Конституция давлат тузилишининг умумий принципларини эълон қилган кўламли Муқаддимадан бошланади, шунингдек халқ ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг концептуал қадриятларини мустаҳкамлаб қўйган.
Бундай изчилликка қарамасдан, янги Конституциянинг қатор қоидалари 1889 йилги Конституция билан таққосланганда, 1947 йилги Конституция қуйидаги алоҳида хусусиятлари билан фарқланади.
Биринчи алоҳида хусусият. Мамлакатда кўп асрли анъана туфайли бошқарувнинг монархия шакли сақлаб қолинган бўлса ҳам Конституция Ғарбий Европа намунасидаги либерал демократик давлатни барпо этишга даъват этилган. 1947 йилги Япония Конституциясида янги демократик ва анъанавий ҳуқуқий қадриятларнинг синтези жуда муваффақиятли чиққан.
Иккинчи алоҳида хусусият. Конституция халқ суверенитетини мустаҳкамлаб қўйди. Бу Япония учун принципиал жиҳатдан янги қоида бўлди. Халқ суверенитети давлат ҳокимияти асоси сифатидаги принцип аввал Япония конституциявий тарихида мавжуд бўлмаган. Давлат ҳокимиятининг манбаи Император эмас, балки халқ эканлиги Конституциянинг кўпгина қоидаларига, жумладан Императорнинг ҳуқуқий мақоми, шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, давлат мансабдор шахсларини сайлаш, Парламент палаталарини шакллантиришга туб жиҳатдан таъсир кўрсатди.
Учинчи алоҳида хусусият. Император ҳокимиятининг маъбудий эканлиги принципи истисно этилди ва у фақат “давлат ва миллат бирлигининг рамзи”га айланди ҳамда асосан маросим функцияларини бажарадиган бўлди. Конституцияда Император давлат ишларига тааллуқли вазифаларни бажариш ваколатига эга эмаслиги қайд этилган (3-модда). Император авлодининг барча мулки давлат мулки ҳисобланади. Император авлодининг барча харажатлари Парламент томонидан бюджетнинг қисми сифатида тасдиқланади (88-модда).
Императорнинг мақоми суверен ҳокимият мансуб бўлган халқнинг умумий иродаси билан аниқланади. Конституцияга мувофиқ, тахтни мерос қолдириш тартиби 1947 йилги “Император авлоди тўғрисида”ги Қонун асосида белгиланади. Император фақат ушбу Конституцияда кўзда тутилган давлат ишларига тааллуқли вазифаларни амалга ошириши мумкин ва давлат ҳокимиятини амалга ошириш ваколатларига эга эмас (4-модда). Император тахти эркаклар - катта ўғил томонидан мерос бўлади.
Япония Императорининг нуфузи Англия Қиролининг, яъни бошқарувнинг парламент шаклига эга монархия мамлакати бошлиғининг мақомига яқин туради.
Тўртинчи асосий хусусият. Конституциянинг иккинчи боби “Урушдан воз кечиш” деб номланади ва ягона 9-моддадан иборатдир. Унда қуролли кучларни ташкил этиш ва давлат томонидан ҳарбий ҳаракатларни олиб боришдан воз кечиш принципи шакллантирилган. Шу сабабли Япониянинг Конституцияси “Тинчликсевар Конституция” “Хэйва-кэмпо” деб аталади. Конституция қабул қилинишининг тарихий шароитлари унда урушдан халқаро можароларни ҳал этишнинг воситаси сифатида воз кечиш мустаҳкамлаб қўйилишини белгилаган.
Конституцияда “давлат томонидан уруш олиб бориш ҳуқуқи тан олинмайди” деган норма қайд этилган. 9-модда нормаларининг келиб чиқиши асло Америкага эмас, мутлақ Японияга тегишлидир. Ушбу ғоя биринчи марта Япониядаги окуппация кучларининг қўмондони генерал Макартур томонидан эмас, балки Япониянинг Бош вазири Сидэхара томонидан таклиф этилган. Макартур эса дастлаб ана шундай таклифнинг оқибатлари АҚШнинг Узоқ Шарқдаги манфаатларини амалга оширишга халақит бериши мумкин деб ҳисоблаган ҳолда бу масалада иккиланган.
Конституцияга 9-модданинг киритилиши ажабланарли эмас. Чунки Япония халқи атом бомбар ҳужуми даҳшатларини ўз бошидан ўтказишларига тўғри келган. 1945 йилнинг 6 августида атом бомбаси Хиросимага, уч кундан сўнг эса Нагасакига ташланган. Айни пайтда тинчликсеварлик принципи, яъни ҳарбий салоҳиятни тиклашдан воз кечиш Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг Япониянинг иқтисодий тараққиётини таъминлаган (бошқа ҳолатлар билан биргаликда) омиллардан бири эканлиги деб эътироф этилади.
Бешинчи алоҳида хусусият. Конституцияда ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг соҳиби сифатида халқ белгиланган. Халқ инсоннинг асосий ҳуқуқларидан фойдаланишда чегараланмайди ва у инсоннинг барча асосий ҳуқуқларидан монеликсиз фойдаланади (11-модда) ҳамда улардан жамиятнинг тинч-тотувлик манфаатларида фойдаланиш учун доимий масъулдир (12-модда). Шундай қилиб, Конституция асосий ҳуқуқлардан фойдаланишнинг фақат ҳуқуқийгина эмас, шунингдек аҳлоқий жиҳатларини мустаҳкамлаб қўяди.
Олтинчи алоҳида хусусият. Япония Конституцияси ХХ аср ўрталарида қабул қилинган иккинчи авлод конституцияларида ўз ифодасини топган кўпгина қоидаларга эга. Шу жумладан, бу инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги моддаларга тааллуқлидир. Қонун олдидаги тенглик, ирқий ёки миллий мансублик, дин, жинс, ижтимоий аҳвол ва келиб чиқиш бўйича камситишнинг тақиқланиши, табақа ва бошқа имтиёзлардан воз кечиш иккинчи авлод конституцияларига хосдир.
Шуни таъкидлаш керакки, Япония учун бу қоидалар Императорнинг унвонлар ва имтиёзларни ҳадя қилувчи мутлақ ҳокимияти ҳамда асрлар давомида давом этган табақа тенгсизлигидан воз кечган Япония учун жамият янги қадриятларининг ифодаси сифатида алоҳида аҳамиятга эга бўлди.
Еттинчи алоҳида хусусият. Конституция Ғарбда анъанавий англанадиган шахсий, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлаб қўйди. Конституция ушбу тегишли моддаларининг (13-40-моддалар) таҳлили ҳам табиий ҳуқуқларнинг аниқ таъсири, шунингдек иккинчи авлод конституцияларида мавжуд бўлган ҳуқуқ ва эркинликларнинг анъанавий турлари муфассал белгилаб қўйилишидан далолат беради.
Саккизинчи алоҳида хусусият. Конституцияга мувофиқ, Япония парламент монархияси ҳисобланади. Давлат ҳокимияти тўлалигича Парламент олдида масъул Вазирлар Маҳкамаси раҳбари қўлидадир. Конституцияга мувофиқ, Император Конституция, қонунлар, ҳукумат фармонлари ва шартномаларига тузатишларни эълон қилади, Вакиллар палатасини тарқатиб юборади, умумхалқ парламент сайловларини эълон қилади. У, шунингдек қонунга мувофиқ, давлат вазирлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг тайинланиши ва лавозимларидан озод қилинишини, шунингдек элчиларнинг ваколатлари ва ишонч ёрлиқларини тасдиқлайди. Императорнинг ҳар қандай иш кўришлари масъулият зиммасида бўлган Вазирлар Маҳкамасининг маслаҳати ва маъқуллаши орқали бўлади (7-модда).
Тўққизинчи алоҳида хусусият. Конституцияда Парламентнинг ижроия ҳокимиятдан устунлиги принципини тан олишдан келиб чиқадиган ҳокимиятлар тасдиқланиши мисолида англасаксон моделининг таъсири кўзга ташланади. Япониянинг сиёсий тизими қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятларининг тақсимланиши, шунингдек парламент демократияси принципига асосланган. Ҳокимиятнинг тақсимланиши принципининг халқ суверенитети, фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларининг тан олиниши, шунингдек маҳаллий ўзини ўзи бошқариш асосларининг кафолатланиши Япония конституциявий тизимининг демократик асосларини ўрнатади.
Ўнинчи асосий хусусият. Давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг ва улар ҳудудида яшайдиган шахсларнинг мухторияти принципи асосида давлат ҳокимиятининг маҳаллий органларига марказий органларнинг ваколатларидан, жумладан маъмурий масалаларга тааллуқли ваколатлардан алоҳида мустақил ваколатлар тақдим этилган (92-95-моддалар). Мэйдзи Конституциясида маҳаллий ўзини ўзи бошқариш нормалари мавжуд бўлмаган (давоми бор).
Акмал Саидов,
академик
- Қўшилди: 15.12.2019
- Кўришлар: 7951
- Чоп этиш