БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов билан учрашди.
БМТ Махсус маърузачиси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерига учрашув учун самимий миннатдорлик билдирди. Ўзаро манфаатли масалалар бўйича очиқ мулоқотга шайлигини маълум қилди.
Диего Гарсия-Саян Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли кейинги йилларда мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш ва одил судлов тизимини модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган демократик исоҳотлар самараларига юксак баҳо берди.
Меҳмон парламент қуйи палатаси фаолияти ҳақида сўз юритди. Жумладан, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмитанинг судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш борасидаги ишлари билан қизиқди.
Судьяларнинг иш ҳақини ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Шу маънода, судьяларнинг мақоми ва ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган алоҳида чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш тавсия этилди. “Бундай дастур судьялик касбининг жозибадорлигини оширишда муҳим ўрин тутишига аминман”, деди Д. Гарсия-Саян.
“Мустақил суд тизими давлатнинг самарали фаолият юритиши кафолатларидан бири ҳисобланади, – таъкидлади БМТ Махсус маърузачиси. – Шу билан бирга, мамлакат суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш учун муайян вақт талаб этилади ва бунда парламентнинг роли ниҳоятда муҳим”.
Д. Гарсия-Саян хорижий инвесторлар ўз сармояларини Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этишлари учун кенг ҳуқуқий кафолатлар тақозо этилиши мавзусига ҳам тўхталди. Шу муносабат билан суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни тубдан кучайтириш лозим. Меҳмонинг фикрича, “Бу борадаги амалий ишлар дунё миқёсида Ўзбекистоннинг имижи изчил юксалиб боришига хизмат қилади”.
Учрашувда иштирок этган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Стефано Сэнси мамлакат суд-ҳуқуқ тизимида шиддатли ислоҳотлар амалга оширилаётганини юқори баҳолади.
Айни чоғда, С.Сэнси хорижий мамлакатларнинг одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка татбиқ этиш борасидаги энг илғор тажрибаларини амалиётда қўллаш масаласига эътибор қаратди.
Мулоқотлар давомида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатда ногирон шахслар учун қулай муҳит ва шароитлар яратишга қаратилган Фармон қабул қилингани эътироф этилди. БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилиш, Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ушбу Конвенция нормалари билан уйғунлаштириш тавсия этилди.
Томонлар Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва бажарилиши бўйича парламент назоратини таъминлаш борасидаги фаолияти инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганлигини қайд этди. Бундан кўзланган мақсад, жумладан, одил судловнинг демократик принципларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш экани таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 20.09.2019
- Кўришлар: 5901
- Чоп этиш