Президент Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюрди.
Бу шаҳарнинг асоси ва драйвери – Олмалиқ кон-металлургия комбинати. Иқтисодиёт, иш ўринлари, уй-жойлар, маданият ва таълим масканлари ушбу мажмуа негизида шаклланган.
Бугун изчил ўсиш, замон билан илдамлаш керак. Давлатимиз раҳбари ҳар бир соҳани илмга асосланиб ривожлантириш талабини қўяди.
Олмалиқда ҳам кадрлар тайёрлаш шу йўсинда йўлга қўйилган. Хусусан, шаҳарда Тошкент давлат техника университетининг ҳамда Москва пўлат ва қотишмалар институтининг филиаллари очилган. Яқинда буларга қўшимча Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг Муҳандислик мактаби ташкил этилди.
Президент аввало мазкур мактаб фаолияти билан танишди.
Бу ерда Германия тажрибаси асосида йилига 480 нафар муҳандис тайёрланади ҳамда минг нафар ходимнинг малакаси оширилади. Дарс жараёнлари йўналиш ва мавзулардан келиб чиқиб, хорижлик профессор-ўқитувчилар иштирокида олиб борилади.
Ўқув дастури Германиянинг Фрайберг кончилик академияси, “GP Günter Papenburg AG” ва “Aurubis AG” компанияларининг илғор таълим методологиялари асосида ишлаб чиқилган. Мактаб шунга мувофиқ, механика, металлургия, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, фойдали қазилмаларни бойитиш, энергетика йўналишлари бўйича замонавий ўқув-амалиёт ускуналари билан жиҳозланган.
Давлатимиз раҳбари мазкур хоналарда бўлиб, иш ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.
– Замон ўзгараяпти, ҳар бир соҳага инновациялар кириб келаяпти. Шунга муносиб малакали кадр бўлиш учун доим ўз устингизда ишлашингиз керак. Комбинат тақдири – рақамлаштиришда. Ҳар бир бўлимни, ишлаб чиқаришнинг ҳар бир босқичини рақамлаштириш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилмоқда. Келгусида унда ишлайдиган мутахассислар ҳозирдан тайёрланмоқда.
Қисқа вақтда бу ерда 100 дан ортиқ ёшлар ўқиб, тармоқ корхоналарига ишга жойлашган.
Президентимиз мактабнинг самарадорлигини янада ошириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ўқувлар мунтазам ташкил этилиши, энг муҳими, амалиёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак.
Шу йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда биринчи босқичда 10 та олий муҳандислик мактаби ташкил этилиши белгиланганди. Бугунги кунда шундай мактаблар ташкил этилмоқда. “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжирини мустаҳкамлаш мақсадида ҳар бирининг саноат ҳамкори белгиланади.
Муҳандислик мактаблари олий таълим муассасалари таркибида етакчи йўналишлар бўйича ташкил этилади. Уларда математика, физика, кимё, муҳандислик графикаси, информатика ва хорижий тиллар бўйича чуқур билим берилади. Бакалавриат ва магистратура 4+1 шаклида йўлга қўйилади. Талабалар иккинчи курсдан ихтисосликлар бўйича саралаб олиниб, саноат ҳамкорлари учун мақсадли кадрлар тайёрланади.
Мазкур мактабларнинг профессор-ўқитувчилари “Эл-юрт умиди” жамғармаси, тегишли ҳамкор ва университет маблағлари ҳисобидан етакчи хорижий муассасаларга малака оширишга юборилади. Саноат ҳамкорлари соҳа тараққиётидан келиб чиқиб, замонавий лабораториялар ташкил этади.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқдаги “Ёшлик-1” кони ҳамда унинг негизида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикасини кўздан кечирди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати рангли, нодир ва қимматбаҳо металлар қазиб чиқаришда етакчи. Мамлакатимиз ялпи саноат маҳсулотининг 5 фоизи, саноат маҳсулотлари экспортининг 6 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келади. Комбинат тизимида 35 мингга яқин киши ишлайди.
Ўтган йили 148 минг тонна мис, 17 тоннадан зиёд олтин, 162 тонна кумуш ишлаб чиқарилган. 1 миллиард 100 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 662 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган.
Кейинги йилларда геологик қидирувлар ва инвестициялар миқдори ошгани натижасида ишлаб чиқаришнинг янги имкониятлари топилмоқда. Шулардан бири – “Ёшлик-1” кони. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига мувофиқ истиқболли инвестициявий лойиҳа амалга оширилмоқда.
Кон ҳудуди 11 минг гектар. Захираси ҳам салмоқли – йилига 65 миллион тонна маъдан. Бу конда олтин, мис, кумуш, молибден, селен каби 13 турдаги қимматли ва нодир металлар бор.
Давлатимиз раҳбари мазкур конда бўлиб, қазиш ишларини кўздан кечирди, мутахассислар билан мулоқот қилди.
“Ёшлик-1” кони маъданларидан юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикаси барпо этилмоқда. Унинг қурилишига 2021 йил 29 июлда тамал тоши қўйилган эди.
Бу йирик лойиҳанинг қиймати 4,6 миллиард доллар бўлиб, конни қазиш, фабрика ва унинг инфратузилмасини қуришни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда 200 миллион куб метр кон юзаси очилган, 41 километр темир йўл ётқизилган, 650 мегаваттли подстанция қўйилган. АҚШ, Буюк Британия, Германия, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа Европа давлатларидан ускуналар келтирилган. Фабрика ва бошқа инфратузилмалар қурилиши жадал кетмоқда.
Президентимиз бу ердаги улкан бунёдкорлик ишлари билан атрофлича танишди. Бўлажак заводнинг иқтисодий самарадорлиги, унда қўлланиладиган илғор технологиялар, иш жараёнидаги қулайликлар ҳақида ахборот берилди.
Мазкур фабрика биринчи босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Бу орқали йиллига 917 минг тонна мис ва 2,5 минг тонна молибден концентратлари ишлаб чиқарилади. 5 минг 600 кишининг бандлиги таъминланади.
Бу йирик лойиҳа турдош саноат тармоқларининг ривожланишига ҳам туртки берди. Масалан, фабрика қурилишига металл конструкциялар етказиб бериш учун 6 та завод ишга туширилди. Муҳандислик, дастурий таъминот ва касб-ҳунар таълими янги даражага чиқмоқда. Янги турар жойлар ва хизматларга талаб пайдо бўлмоқда.
Фабрикада логистика жараёни ҳам қулайлаштирилади. Унинг барча корпуслари орасида конвейерлар бўлади. Бу юк ортиш ва ташишни бартараф этиб, харажатларни қисқартиради.
Иккинчи босқичда қувват 160 миллион тоннага етади ёки бугунги кўрсаткичдан 3 баробарга кўпаяди. Ушбу икки босқич амалга оширилиши натижасида корхона 2028 йилга бориб йилига 400 минг тонна мис, 50 тонна олтин ва 270 тонна кумуш ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Шу тариқа Олмалиқ комбинати тоғ-кон металлургияси соҳасида дунёдаги энг йирик саноат мажмуаларидан бирига айланади.
Халқаро баҳолаш мезонларига кўра, Олмалиқда миснинг ялпи захираси 45 миллион тоннани, олтин захираси эса 5 минг тоннадан зиёдни ташкил этиши аниқланган. Бу дунё миқёсида ҳам энг йирик ва ноёб кўрсаткичлардир.
Яна бир муҳим томони, бугун дунёда “яшил иқтисодиёт”, электр техникаси, электромобиллар саноати жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида 2030 йилга бориб мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж 40 фоизга ортиши кутилмоқда.
Яъни, Олмалиқ комбинати маҳсулотларига талаб узоқ йиллар давомида халқаро даражада бўлади. Келгусида комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми 3 мартадан зиёд кўпайиб, унинг қиймати қарийб 8 миллиард долларга етади. 11 мингта янги, юқори технологик иш ўринлари яратилади.
Давлатимиз раҳбари “Enter Steel” механика таъмирлаш корхонаси устахоналарида ҳам бўлиб, янги ускуналар ва иш жараёни билан танишди.
Бугун 350 киши меҳнат қилаётган бу корхона томонидан енгил ва оғир саноат, хусусан, тоғ-кон, газ-кимё йўналишидаги ишлаб чиқариш объектларига асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар етказиб берилади. Ишлаб чиқарилаётган балка, устун, эстакада, электр токи узатиш таянчлари, сув миноралари, ёритиш устунлари, GSM антенна мачталари каби металлконструкция маҳсулотлари, юқори босимга чидамли резервуарлар, бурғилаш ускуналари, электр қутиларга талаб юқори.
Бу ерга Хитой, Италия, Германия каби давлатлардан энг замонавий ускуналар келтирилгани маҳсулотлар сифати ва иш унумдорлиги юқори бўлишига хизмат қилмоқда.
Айни пайтда мазкур корхона 3-мис бойитиш фабрикаси учун ҳам зарур бўлган ускуналарга эҳтиёт қисмлар етказиб бермоқда.
Давлатимиз раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёни ва тайёрланаётган маҳсулотларни кўздан кечирди. Ишчи-ходимлар билан мулоқот қилди. Саноат ривожланаётган ҳудудларда бу каби лойиҳаларни рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Сўнг Олмалиқ шаҳрида Тошкент вилояти ривожининг ҳозирги ҳолати ва келгуси вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудуддаги иқтисодий-ижтимоий натижаларни атрофлича таҳлил қилиб, қўшимча имкониятларни кўрсатиб ўтди.
Сўнгги етти йилда Тошкент вилоятида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Ҳудуд иқтисодиёти 1,5 баробарга ўсиб, ўтган йили 119 триллион сўмлик қўшилган қиймат яратилди, тадбиркорлар 16 мингтага кўпайиб, 170 минг доимий иш ўрни очилди. 6 миллиард долларлик 826 та янги саноат корхонаси ишга тушди, 5 миллиард долларлик экспорт бўлди. Буларнинг натижасида ўтган тўрт йилда 70 минг, бу йилнинг ўзида 19 минг оила камбағалликдан чиқарилди.
Тошкент вилояти туман ва шаҳарлар сони бўйича республикада биринчи ўринда туради. Ҳудуддаги давлат идораларида салкам 10 минг ходим ишлайди. 1 минг 25 та маҳаллада 6 минг 123 нафар “маҳалла еттилиги” бор. Бу ички имкониятларни ишга солиб, шаҳару қишлоқларни ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш учун етарли куч экани таъкидланди.
Шундай манзилли ўрганишлар натижасида қўшимча 13 миллиард доллар инвестиция, 500 минг иш ўрни, бюджетга 3,5 триллион сўм тушум қилиш имкониятлари аниқланган. Бу имкониятларни натижага айлантириш учун 22 та туман-шаҳарнинг ҳар бири бўйича ҳукуматнинг алоҳида қарорлари чиқиши айтилди.
Вилоятда тадбиркорлик қилишга иштиёқ кундан-кун ошаяпти. Пойтахтдаги корхоналар ҳам инфратузилма яқинлиги, ер, мулк солиғи, ишчи кучи арзонлиги учун Тошкент вилоятидан жой қидираяпти. Шу боис Тошкент, Қибрай, Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ туманлари, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарлари пойтахт туманлари билан ҳамоҳанг ривожланиши кераклиги таъкидланди.
Масалан, Тошкент туманида 97 гектарда индустриал технопарк ташкил қилинади. Унда тадбиркорлар ва банклар иштирокида 350 миллион долларлик юқори қўшилган қийматли лойиҳалар жойлаштирилади. Шунингдек, туманда кўп қаватли уйлар, янги санаторийлар, спорт ва кўнгилочар масканлар қуриш имконияти бор.
Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Пискент ва Оҳангарон туманларининг вилоят саноатидаги улуши 50 фоизни ташкил қилади. Улар ёнма-ён жойлашган бўлиб, хомашё захирасига жуда бой. Шу боис бу шаҳар ва туманларда ишлаб чиқаришни кооперация ва кластер асосида ташкил этиш учун мутлақо янги тизим – “саноат учбурчаги” дастури амалга оширилиши айтилди.
Ушбу ҳудудда 1 минг 100 та корхона ишлаяпти. Янги лойиҳалар ҳисобига 2-3 йилда улар 1,5 мингга етади. Бу кооперация натижасида транспорт харажати ҳам, таннархи ҳам камаяди.
Масалан, Олмалиқ комбинати йилига 9 триллион сўмлик маҳсулот харид қилаяпти. Бу – атрофда жойлашган 5 та шаҳар ва туман учун катта имконият экани кўрсатиб ўтилди.
Умуман, йил якунигача хорижий инвестициялар ҳажмини 2 миллиард долларга ва экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш, 661 та лойиҳани якунлаб, 30 минг янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилди.
Машинасозлик соҳасидаги талабни тўлиқ таҳлил қилиб, маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ҳамда йирик корхоналар билан кооперациясини кучайтириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Тошкент вилоятида ер ва сув мўл. Лекин 1 гектардан ўртача даромад бошқа вилоятларга нисбатан кам. Сўнгги уч йилда вилоятдаги 21 минг гектар ер деҳқончилик учун 57 минг аҳолига берилган.
Мева-сабзавот экспорти ҳам ўтган йилгича бўлмаган. 2 минг 200 гектар самарасиз боғ ва токзор ҳисобига йилига 10 миллион доллар экспорт йўқотилаяпти. Сув тежовчи технология бўйича Тошкент вилояти энг охирги ўринларда.
Шу каби камчиликлар сабабли вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари вазифасидан озод этилди.
Боғдорчилик бўйича янги тизим асосида Оҳангарон ва Бўстонлиқдаги тоғолди ерларда малина ва голубика плантацияси, Паркент ва Оҳангаронда узум ва гилос боғлари ташкил қилиниши айтилди. Ангренда анор шарбати ишлаб чиқариш, Оҳангарон туманида олхўрини қайта ишлаш йўлга қўйилади. Бу йил ҳам Тошкент вилоятидаги оилаларга деҳқончилик ва боғдорчилик учун қўшимча 5 минг гектар ер берилади.
Умуман, вилоятни боғдорчиликда намунали ҳудуд қилиб, экспортни 300 миллион долларга етказиш бўйича кўрсатма берилди.
Йиғилишда камбағалликни қисқартириш масалалари ҳам таҳлил қилинди.
Бугунги кунда Тошкент вилоятида 63 мингта камбағал оила қолган бўлиб, уларнинг 190 минг нафар аъзолари меҳнатга лаёқатли. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида келаси йили вилоятда 116 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш режалаштирилган.
Лекин бу етарли эмас. Масалан, Тошкент вилояти кичик бизнес орқали аҳолини ишли қилиш бўйича республикада энг охирги ўринда. Вилоят саноатининг атиги 25 фоизи кичик бизнесга тўғри келади. Шу боис тадбиркорликни ривожлантириб, аҳолига даромад манбаи яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Бунинг учун бир йил ичида “Сайхунобод” тажрибаси асосида 27 минг, “Зарбдор” тажрибаси асосида 8,5 минг, “Уйчи” тажрибаси асосида 39 минг, “Ғиждувон” тажрибаси асосида 10 минг камбағал аҳолини банд қилиш вазифаси белгиланди.
Кичик тадбиркорлик лойиҳалари учун ажратиладиган 1 триллион сўм имтиёзли кредит ва 32 миллиард сўм субсидиялар натижасида 30 минг аҳоли тадбиркорликка жалб қилинади.
Кейинги пайтларда Тошкент вилоятидан хорижга арзон ишларга кетувчилар 30 мингга камайган. Лекин ҳали 158 минг киши чет элда меҳнат қилаётгани қайд этилди.
Энди Миграция агентлиги фаолияти такомиллаштирилиб, аҳолини хавфсиз ва юқори даромадли иш билан таъминлаш бўйича янги ёндашувлар жорий этилади. Чет элда мавсумий ишлаб қайтган ва яна кетиш истагида бўлган кишиларга юқори даромадли касблар ўргатилади. Касб-ҳунари борлар хорижий тилларга ўқитилади.
Гўзал табиати, қулай инфратузилмаси бор Тошкент вилоятида туризм салоҳияти юқори. Лекин таклифга нисбатан талаб кўп бўлгани сабабли нархлар қиммат. Туризм масканларини кўпайтириб, хизматлар ҳажмини 2 карра ошириш, 10 миллион сайёҳни жалб қилиш имконияти борлиги қайд этилди. Мутасаддиларга келгуси йил учун 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни шакллантириш топширилди.
Йиғилишда қиш мавсумига тайёргарлик, энергия истеъмоли масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Йирик корхоналарда энергия сарфи юқори ускуналарни тежамкорига алмаштириш, маҳаллаларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.
Тошкент вилояти, шаҳар ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари йиғилишдан хулосалари ва келгуси режалари юзасидан ахборот берди. Давлатимиз раҳбари аҳоли вакиллари билан самимий мулоқот қилди.
Шу куни Президент Шавкат Мирзиёев Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти ва янги инвестиция лойиҳалари билан ҳам танишди.
Иқтисодий ислоҳотлар барча тармоқларда ўз натижасини кўрсатмоқда. Сўнгги олти йилда Олмалиқ комбинатида саноат маҳсулоти 1,8 баравар, маҳаллийлаштириш 7,7 баравар, инвестиция 13 баравар ошган. “Рақамли ОКМК – 2030” стратегияси доирасида 70 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган.
Айни пайтда янги мажмуалар қурилиб, мавжуд қувватлар оширилаётир. Комбинатнинг 75 йиллик тарихи давомида 2 та фабрика барпо этилган бўлса, эндиликда янги қувватларни барпо этиш жараёни тезлашди. 2021 йилда “Ёшлик-1” кони негизида 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланган эди. Энди бу лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида 4-мис бойитиш фабрикаси ҳаётга кўчмоқда.
Давлатимиз раҳбари рамзий тугмани босиб, ушбу янги завод қурилишини бошлаб берди.
Қиймати 5,3 миллиард долларлик бу лойиҳа орқали йилига 146 минг тонна катодли мис, 13 тонна олтин ва 73 тонна кумуш олиш қувватлари яратилади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,9 миллиард долларга етади. Фабрика ва унинг инфратузилмаларида 3 мингдан ортиқ киши ишлайди.
Лойиҳага Италиянинг “Wood” ҳамда Буюк Британиянинг “Worley Parsons” компаниялари жалб қилинган. Ишлаб чиқаришда юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланиши белгиланган.
Айтиш жоизки, ҳозирги кунда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 5-мис бойитиш фабрикаси ҳам лойиҳалаштирилмоқда.
Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига ташрифи якунланди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 16.10.2024
- Кўришлар: 636
- Чоп этиш